Абулҳоди ИМИНОВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи
Шу кунларда Наманган аҳлининг ғайрат-шижоати, яратувчиликка интилиши, келажакка, эртанги тараққиётга ишончи янада жўш урган, десак асло муболаға эмас. Ахир, муҳтарам Президентимизнинг вилоятимизга навбатдаги ташрифлари барчанинг дилини баҳад фахру ифтихорга тўлдиргани айни ҳақиқат. Чунки, давлатимиз раҳбари томонидан қутлуғ гўшамизнинг яқин истиқболдаги ободлиги, гўзал қиёфаси, беқиёс тараққиётини, халқимизнинг янада фаровон ҳаётини таъминловчи улуғ мақсадларни рўёбга чиқариш режалари аниқ ва ёрқин белгилаб берилди. Иқтисодий, ижтимоий ва маънавий равнақ топиш учун барча йўналишлар ривожига доимий аҳамият берилиши муҳимлигигача катта эътибор қаратилди.
Янги Ўзбекистонимиз раҳнамоси ижтимоий соҳаларни ривожлантириш омиллари ҳақида сўз юритар экан, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни бугунги давр талаблари асосида тараққий эттириш йўлларини ҳам алоҳида кўрсатиб ўтди. Ишлаб чиқарилаётган лойиҳаларда соғлиқни сақлаш соҳасининг яқин келажакдаги ривожини таъминловчи муҳим ўзгаришлар ҳам ўз ифодасини топдики, бу Наманган тиббиёт жамоатчилигини ҳам ғоят қувонтирди.
Юртбошимиз Австрия билан ҳамкорликда Наманган шаҳрида замонавий гемодиализ марказини ишга тушириш режалаштирилганлигини ҳам алоҳида мамнуният билан эътироф қилдилар. Бу марказнинг фойдаланишга топширилиши натижасида беморларни соғломлаштиришда катта имкониятлар вужудга келади.
Мамлакатимизда инфаркт ва инсульт асорати оқибатида фаол ҳаёти чекланган аҳолини тиббий ва ижтимоий реабилитация билан тўлиқ қамраб олиш зарурлиги давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида қайд этилди. Бу борадаги ишларни яхлит тизим асосида ташкиллаш кўрсатмалари берилди.
Шу муносабат билан мутасаддиларга инсульт ва жарроҳлик амалиётидан сўнг реабилитация қилиш бўйича ягона миллий тизим яратиш топшириғи уқтириб ўтилди. Телевидение, радиода соғлом турмуш, тўғри овқатланиш тарғиботини кучайтириш вазифаси янада долзарблиги таъкидланди.
Албатта, вилоятимиз тиббиётчилари халқимизга намунали хизмат кўрсатиш учун астойдил ҳаракат қилмоқдалар. Айни кунларда Президентимиз томонидан вилоят соғлиқни сақлаш тизими олдига қўйилган муҳим вазифалар ижросини изчил таъминлаш чора-тадбирларини кўрмоқдамиз.
Вилоятимиз тиббиёти салоҳияти юксалтирилиши, Наманган шаҳрида замонавий гемодиализ марказининг ишга туширилиши халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлашга кенг йўл очиши шубҳасиз. Саломатлик посбонлари давлатимиз томонидан соҳанинг муттасил тараққиёти учун кўрсатилаётган ғамхўрликларга жавобан тағин ҳам фаол иш юритиб, элимиз саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш учун бор билим, куч ва малакаларини янада астойдил сарфлайверадилар.