Кейинги йилларда тиббиётнинг изчил тараққиётини таъминлаш учун хориждаги ҳамкасблар билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда. Жумладан, Россия Федерацияси мутахассисларининг бой тажрибалари, даволаш усулларидаги янгиликларни амалда қўллашга эътибор кучайтирилмоқда. Яқинда Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган вилояти минтақавий филиали вакили сифатида Ўзбекистон гуруҳи таркибида Татаристонда беш кун бўлиб қайтдик. Сафаримиз ғоят самарали кечди.
Бориб кўрдикки, Қозон шаҳридаги наркология диспансери 320 ўринга эга экан. Кундузги, стационар, реанимация ва интенсив даволаш бўлимлари ҳамда кимё-токсикологик лабораторияда беморларга хизмат кўрсатилмоқда. Мазкур бўлимларда эркак ва аёллар алоҳида-алоҳида даволанадилар. Мажбурий даволаш йўқ экан. Тиббий-ижтимоий реабилитация дастурини амалга ошириш махсус бинода олиб борилмоқда. Унинг бригадаси таркибида тиббий-психолог, психотерапевт, ЛФК врачи, нарколог, ижтимоий ходимлар фаолият юритмоқдалар. Шунингдек, уларга волонтёрлар яқиндан ёрдам беришяпти.
Диспансер фаолиятида пуллик хизматга доимий эътибор қаратилган. Аноним даволаш тўла пулликдир. Ҳисобда туриш ёки турмаслик ҳақидаги маълумотлар бериш ҳам пул ҳисоб-китоби асосида бажарилади. Ушбу хизматлардан тушган пул-маблағлари диспансер моддий-техник базасини ривожлантириш учун сарфланади.
Учрашув ва ўзаро суҳбатларда бизга маъқул келгани тиббий-ижтимоий реабилитация дастури тўла бригада асосида ва алоҳида шифохонада ўтказилиши бўлди. Чунки ушбу дастурга эътибор жуда кучли. Статистик маълумотларда реабилитациядан ўтган беморлар ремиссия даври узоқроқ бўлиши, соғайиш кўрсаткичлари юқорилиги аниқланди.
Албатта, биз ҳам ўзаро тажриба алмашдик. Президентимизнинг тегишли қарорларига мувофиқ республикамиз туманларида ташкил этилган ҳушёрлантириш пунктларига зўр қизиқиш билдиришди. Айниқса, Ўзбекистонда мажбурий даволаш бўлимлари борлиги, бу бўлимларда беморларнинг 18 ойгача бепул даволанишлари мезбонларни ғоят ҳайратга солди.
Қисқа сафаримиз давомида татаристонлик ҳамкасбларимиз билан икки томонлама манфаатли меморандум тузишга ва имзолашга эришдик. Меморандумга асосан кадрлар алмашинуви, мутахассислар билан бирга онлайн консультациялар ўтказиб борилади. Татаристонликлар Ўзбекистонга келишиб, бизнинг вилоятимизда ҳам тажрибаларимизни ўрганишади.
Ғоят фойдали таклифларимизни ўз вақтида қўллаб-қувватлаган, сафарни уюштиришга ташкилотчилик ва раҳбарлик қилган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Иминовга, Республика руҳий саломатлик маркази директори З.Ш. Ашуровга, марказнинг ташқи алоқалар бўлими ходими И.И.Хайрутдиновага катта миннатдорчилик билдирамиз. Чунки, ҳозирданоқ татаристонлик ҳамкасблардан ўрганган билим, тажриба ва малакалардан фойдаланган ҳолда янги руҳий реабилитация бўлими очдик. Умуман, барча ишларимизни тобора такомиллаштиряпмиз.
Отабек ТОШПЎЛАТОВ,
Республика ихтисослаштирилган
наркология илмий-амалий тиббиёт
маркази Наманган вилояти минтақавий филиали директори.