дейишди Янги Наманган туманидаги 6-оилавий поликлиникада вилоят етакчи мутахассислари ўтказган чуқурлаштирилган тиббий кўрикда нажот топган юртдошларимиз

 

Аввало, таъкидлаш жоиз, вилоятда Президентимизнинг "Бирламчи тиббий-санитария муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 6110-сонли фармон­и ҳамда "Тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш орқали жа­моат саломатлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 4891-сонли қарори ижроси изчил таъминланмоқда.

– Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2024 йил 12 январдаги "Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини янгича ёндошувлар асосида ташкил этиш тўғрисида"ги 3-сонли буйруғига биноан аҳоли тўлиқ хатловдан ўтказилди, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Барчиной Аҳмедова. – Шунинг баробарида биринчи чорак давомида аҳоли ўртасида 8 турдаги касалликларни барвақт аниқлаш бўйича скрининг текширувлари амалга оширилди.

40 ёшдан катта аҳоли орасида юрак-қон томир ва қандли диабет касаллигини эрта аниқлаш мақсадида ўтказилган скринингларда 211 минг­га яқин фуқаро иштироки таъминланди. Бирламчи хавф белгилари аниқланган 7065 киши диспансер назоратига олинди. Гельминтоз бўйича 132 минг 422 нафар 2-10 ёшли ўғил-қизнинг 19 минг 625 нафарида гижжа касаллиги аниқланиб, даволанишга жалб этилди. Онкогематологик скрининг текширувида қатнашган 167 минг 118 нафар 3-18 ёшлиларнинг 25 нафарида ушбу касалликнинг илк босқичи кузатилди ва назоратга олиниб, соғломлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Бачадон бўйни саратонининг олдини олиш мақсадида 45 минг 668 нафар аёлда ўтказилган скринингларда 51 ҳолатда саратон, 9 ҳолатда саратон олди белгиларини аниқлаб, даволашга киришилди. Кўкрак бези саратони скринингларида 63 нафар аёлда мазкур ташхис аломатлари, 330 нафарида саратон олди жараёни маълум бўлди.

Сил касаллиги юзасидан хавф гуруҳидаги 6772 фуқаронинг флюорографик текширувларида 80 кишида ушбу хасталикнинг бирламчи босқичи қайд этилди. Улар диспансер кузатувга олиниб, муолажалар та­йинланди.

Албатта, юқоридагилар билан кифояланиб қолинмаганини ҳам яхши биламиз. Уч ой давомида вилоят ҳамда маҳаллий мутахассислар ҳамкорлигида маҳалла ва қишлоқлар аҳолисининг ўзига хосликларидан келиб чиққан ҳолда кўплаб саломатлик кўриклари, профилактик тадбирлар ташкилланди.

Янги Наманган туманидаги 6-оилавий поликлиниканинг 11 нафар шифокори ва 70 нафар ҳамширасининг "Саховат", "Ахсикент", "Мингтерак", "Оромгоҳ", "Тинчлик" маҳаллаларидаги 29 минг 950 нафар фуқаро соғлиғини сақлашга қаратилган фидокорона фаолиятларини алоҳида таъкидлаш ўринли. Чорак мобайнида 6,5 мингдан зиёд 18 ёшгача бўлган болалар, 6 минг нафарга яқин туғиш ёшидаги аёллар, қарийб 6 минг 900 нафар ўрта ва катта ёшлилар ўртасида тиббий-профилактик тадбирлар ўтказилди. Юздан ортиқ барвақт аниқланган касалликлар даволанди. Ногиронлиги бор 270 ногирон, туғиш ёшидаги 600 га яқин аёллар, ҳомиладорларнинг профилактик назорати қатъий жадвал асосида олиб бориляпти. Юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида эмлаш ишлари талаб даражасида амалга оширилди. Аҳолининг тиббий онг ва маданиятини шакллантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, айниқса, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш бўйича ўтказилаётган учрашувлар, давра суҳбатлари ижобий натижалар беряпти.

Янги чорак жамоа учун янада қизғин ва натижадорлик билан бошланди. Соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан 2-3 апрель кунлари вилоят етакчи мутахассислари иштирокида юқумсиз сурункали касалликларни эрта аниқлаш бўйича лаборатор ва инс­трументал асосда чуқурлаштирилган тиббий кўрик уюштирилди.

Лойиҳа координатори, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали директори Умиджон Муҳиддиновдан мазкур тадбир ҳақида сўрадик.

– Ҳудуд аҳолисига, – деди у, – юқори малакали тиббий хизматларни янада яқинлаштириш, поликлиника шифокорларининг хайр­ли ишлари натижадорлигини ошириш, улар тажрибасини замонавий усул ва услублар билан бойитиш мақсадида амалга оширилаётган бугунги кенг кўламли лойиҳа бевосита бошқарма бошлиғи Абдулҳоди Иминов назорати остида бажарилмоқда.

Унга РШТЁИМ, ВКТТМ, РИЭИАТМ, РИКИАТМ, РИО ва РИАТМ Наманган филиаллари, вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази, Наманган ШТБ етакчи мутахассисларидан иборат 14 нафар юқори малакали врач ва 58 нафар ҳамшира жалб этилган. Кўчма маммо­графия, флюорография ҳамда поликлиникадаги УТТ, ЭКГ, лаборатория жиҳозлари улар ихтиёрида.

Яқиндагина жорий таъмирланиб, ўзгача кўркамлик касб этган, саранжом-саришта поликлиникага эрта тонгдан ҳудуддаги маҳаллалар одамлари чеҳраларида мамнуният балққан ҳолда кириб келдилар. Бир кун аввал қабулга пухта ҳозирлик кўрган саломатлик посбонлари уларни кўтаринки руҳ, меҳр ва самимият билан кутиб ола бошладилар. Марказлар ҳамда мазкур поликлиника ҳамширалари келувчиларнинг тиббий ҳолати ҳақида тезкор ва аниқ таҳлилномалар тайёрлаб, шифокорларга ҳавола қилмоқдалар. Врачлар эса ҳар бир одамдаги ҳолатни обдон ўрганиб, ташхислаш, соғломлаштириш чора-тадбирларини белгилашмоқда.

Шу ўринда бир муҳим жараёнга эътиборингизни қаратишни истар эдик. Эсингиздами? Атиги бир йил аввал тиббий карта қидириш, топилмаса, янгисини ёзиш вақт, маблағ талаб қиларди ва асаб бузилишларга сабаб бўлар, навбат кўпайгандан-кўпайиб, норозигарчиликлар келиб чиқар, шифокорлар меҳнати самарадорлигига путур етарди. Рақамлаштириш жорий этилиши, фуқароларнинг электрон тиббий карталари базаси яратилиши, 6-оилавий поликлиникада ҳам кўриб турганимиздек, кўплаб муаммоларни бартараф этди. Муассаса бугун ҳар қачонгидан гавжум бўлмасин, бирор ким рўйхатхонада навбат кутиб қолмаяпти, исм-фамилиясини айтиши биланоқ тиббий ҳужжати топиляпти.

Кўрик жараёнлари сокин ва фаол бормоқда. "Педиатр" хонасидан бола йиғиси эшитилиб туриши керак эди. Аммо РШТЁИМ филиали бўлим мудири Муродилла Абдуқаҳҳоров олдидаги атиги 6 ойлик Мадина ширин-ширин жилмаяди, аммо ўқтин-ўқтин йўталади.

– Яқин орада қизчангизни врачга кўрсатдингизми? – сўради доктор гўдакнинг онаси Ҳуснида Аҳадхоновадан.

– Йўқ, ўтиб кетар, дебман...

– Болада ўткир бронхит пайдо бўлган. Ҳозирдан мана бу дориларни ичирасиз ва оила шифокорингизга учраб, стационар муолажа олишинглар керак.

"Уролог" хонасидан чиққан отахон Ҳотамбой Тошмирзаев ташқарида турганларга очиқ чеҳра билан юзланди.

– "Гўзал"дан келган Усмонов Бобомурод деган йигит ўткир доктор экан-да. Ичимни рентгендай айтиб берди, кўнглимга ёруғлик тушди, дардимни ҳам унутдим. Ёзилган муолажани тўкис адо этсам, отдай бўлиб кетар эканман.

"Невролог" хонасида РШТЁИМ филиали вакили Фазлиддин Юсупов 20 ёшлардаги Орифжон Салоҳиддинов саломатлигини обдон ўрганди. Текширишлардан сўнг йигитга дори-дармон ва муолажа белгилади.

– Укажон, неврологик касалим бор экан, деб асло ўкинманг ва ўтириб қолманг. Энг яхши даво жисмоний фаоллик. Зўриқмаган ҳолда ва мунтазам равишда мен кўрсатган машқларни бажариб боринг. Ҳали дард кўрмагандек бўлиб кетасиз.

Поликлиника коридорини тўлдирган одамлардаги қониқиш ҳисси улар билан суҳбатга чорлади.

– Мен, Раъно Лутфиддинова, ўқитувчиман. Ишларимиз тиғиз ва қизғинлигидан эндо­кринология марказига қачондан бери боролмаётгандим. Маҳалламизда кўрик ташкил этилгани мен кабилар учун айни муддао бўлди. Олий тоифали эндокринолог врач Гулчеҳра Каримова ҳолатимни синчковлик билан ўрганиб, керакли тавсия-масалаҳатларни бердилар. Юрагим қўрқувдан халос бўлди. Врач айтганларини бажариш билан эндокрин аломатларидан батамом қутулишимни тушундим. Тадбирдан беҳад миннатдорман, ташкил этганларнинг барчаларига чин дилдан раҳмат!

Ўзини Винер Прокуров дея таништирган отахон ҳам анчадан буён бурун-қулоқ тизимини юқори малакали мутахассисга кўрсатгиси келишини, аммо қаерга боришни билмай юрганини айтди. Бахтига кўрик бўлиб, ВКТТМнинг Ҳасанбой Абдураҳмонов деган тажрибали врачи муолажасидан беҳад хурсанд бўлганлигини мароқ билан сўзлади.

– Қулоғимдаги бояга ғўнгиллашдан асар ҳам қолмади. Отасига раҳмат!

Оилавий поликлиника раҳбари Марҳабо Тожибоева ётиб қолган беморлар, ногиронлиги бўлган кишилар уйларига бригадалар тайёрланганлигини айтиб қолди. Дарҳол уларнинг бири билан уй кўрикларига ошиқдик.

Ботир Зокиров номли кўчада яшовчи Осиёхон Баротова қандли диабет асорати бўлган ўнг оёқ гангренасидан азият чекарди. РШТЁИМ филиали хирурги Аҳаджон Эргашев ҳамшира ёрдамида бемор жароҳатини кўздан кечирди. Юксак малака ва маҳорат билан кўрсатилган муолажа оғриқли вужудга ҳаловат бахш этди. Бемор яқинларига уй парваришига оид тавсиялар берилди. Уларни адо этиб борилса, опанинг жони ором олиши, дард кучаймаслиги тушунтирилди. Шифокорлар опага нима безовта қилса, телефонда бўлса ҳам мурожаат қилишларини тайинлаб қайтишар экан, аёл қўлини дуога очди:

– Аллоҳ сизнинг тимсолингизда нажот ва шифо фаришталарини юборибди. Дуолар ижобат бўладиган онларда тилайман: инсон қадрини кўкларга кўтараётган Президентимизнинг умр ва ризқлари мўл бўлсин! Сиздек жонкуяр, қўли енгил шифокорларимиз ҳам эл-юрт бахтига омон юрсинлар!

РИКИАТМ филиалининг ёш ва истеъдодли кардиологи Абдурауф Обидов гуруҳи қандли диабетнинг 2-турига чалининиб, 2-босқич гипертония хасталиги қийнаб келаётган Зайнабхон Бурҳонова ҳузурида бўлди. Онахоннинг ЭКГ натижалари, қон босими текшируви, руҳий ҳолат кузатувларини умумлаштирган Абдурауф мазкур ташхисдаги кишига мос рецепт ёзди. Аёлга ўзини бир маром ва кайфиятда ушлашнинг психологик усул ва услубларини ўргатди. Қулфи дили очилган онахон лабида табассум, яноқларидан миннатдорлик томчилари мавжланган ҳолда хайрлашди.

Шу зайлда 10 дан ортиқ уй кўриклари амалга оширилиб, зарур муолажалар кўрсатилди. Лойиҳа иштирокчилари поликлиникадами, маҳалладами, уйлардами – мурожаат қилганларга соғлом турмуш тарзи, жисмоний фаолликни ошириш, мунтазам равишда ҳар куни эрталаб ва кечки овқатдан сўнг пиёда юришнию, зарарли одатлардан воз кечишни тайинладилар.

Иккинчи кун сўнггида лойиҳа координаторидан кучайтирилган тиббий кўрик якунлари ҳақида сўрадик.

– Тадбир давомида 770 нафар фуқаро саломатлиги чуқур назоратдан ўтказилди, – деди Умиджон Раҳматуллаевич. – Уларнинг 189 нафарида эндокринология, урология, неврология, кардиология, ЛОР, гинекология, онокологияга оид хасталик белгилари аниқланди. Энди касаллиги борларни барвақт даволаш, хавф гуруҳларига мансуб фуқароларни соғломлаштириш ҳамда ҳамкорликдаги маҳаллабай ишларни тизимли равишда давом эттириш режалари белгиланди.

Муҳаммаджон ОБИЛОВ,

"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.