Биргина соғлиқни сақлаш мисолида ҳам фикримизни тўла-тўкис далиллашимиз мумкин. Давлатимиз раҳбарининг "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат Дастури тўғрисида"ги Фармони билан тармоғимизда муттасил ва беқиёс ўзгаришлар рўёбга чиқариб келинмоқда. Айниқса, хизмат кўрсатишни аҳолига яқинлаштириш, қуйи бирламчи тизимда туб ислоҳотлар амалга оширилиши, жумладан, вилоятимизда 217 тадан зиёд қишлоқ врачлик пунктларининг эшиклари халққа очиб қўйилиши, Наманган шаҳрининг ўзида 12 та оилавий поликлиника фаолиятининг йўлга қўйилиши юртдошларимиз саломатлигини сақлашга кўрсатилган катта ғамхўрликларнинг ёрқин намунасидир.
Айни маҳалда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалининг, унинг туманлардаги бўлимларининг ишга туширилиши ҳам аҳоли соғлигини муҳофаза қилишнинг мустаҳкам ва ишончли қўрғони яратилганидан далолатдир. Буларнинг барчаси кексаю ёшнинг, оналар ва болаларнинг саломатлигини доимий асраш йўлидаги эзгу қадамлардир. Бугун одамларнинг умри тобора узайиб бораётгани ҳам ана шу саъй-ҳаракатларнинг қувончли натижаси, десак асло хато қилмаймиз.
"Кексаларни эъзозлаш йили"да "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!" шиори амалий фаолиятимиз мезонига айланиб қолди. Таниқли олиму шифокорларимиз чекка-чекка қишлоғу маҳаллаларгача етиб келишиб, нажотталаб беморларнинг дардини енгиллаштиришяпти, уларни тезроқ соғайиб, тўлақонли фаол ҳаётга қайтаришяпти.
Истиқлол йилларида соғлиқни сақлаш тизими моддий-техник базасини ривожлантиришда дадил қадамлар ташланди. Инвестиция дастурига мувофиқ муассасаларимиз янги аср талабларига мос равишда кўркам қиёфа касб этди. Энг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланди. Биргина вилоят кардиология марказида айни маҳалда пойтахтдагидан қолишмайдиган шароитлар яратилди. Энг мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказиляпти.
Президентимизнинг қутлуғ айёмдаги сўзлари мағзини чаққан ҳар бир киши бетакрор ва ягона она Ватанимиздан нафақат фахрланиш билан, унинг мустақиллигини кўз қорачиғидай асрашга масъуллигини янада чуқурроқ англаб етади. Биз ким эдигу ким бўлдик. Энди дунёни ҳайратга солаётган юртимиз тинчлиги, Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги бундан буён ҳам барқарор бўлишини истаймиз. Ана шу эзгу истакка яраша фарзандлик садоқатимизни ҳамиша элу юртга зиёда қилиб, бетугал бахту саодат топмоқликка не етсин.