Республика ихтисослаштирилган дерматология, венерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказининг етук мутахассислари вилоят филиали, Уйчи, Учқўрғон ТТБда соҳага оид касалликларни даволаш-профилактикасига оид замонавий усулларни татбиқ этиш юзасидан маҳорат дарслари ўтказдилар.
Нурали БОЙМИРЗАЕВ,
марказ директорининг ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди:
– Шиддаткор тараққиёт олдимизга кун сайин янги вазифалар қўймоқда, янги-янги тиббий услуб ва шаклларни жорий этишни тақозо этмоқда. Ана шу мақсад юзасидан Наманган вилоят филиали ва туманлардаги касбдошларимизга илмий-амалий кўмакни мунтазам давом эттиряпмиз. Жумладан, Уйчи туманида дерматовенерологик хасталиклар муолажаси қониқарли ташкил этилганининг гувоҳи бўлдик. Мавжуд махсус жиҳоз, тиббий аппаратлар даволаш ва профилактика жараёнларининг сифат ва самарадорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Касалликни аниқлаш ва даволашнинг илғор услубларига оид маҳорат сабоқлари, ҳудудий семинарлар ўтказдик. Мутахассисларимизнинг билим ва маҳоратларини ошириш дерматовенерологик хасталиклар сабабларини аниқлаш ва уларга барҳам бериш, касалликларни камайтиришнинг муҳим омилидир.
Акмал БУРҲОНОВ,
марказнинг етакчи мутахассиси:
– Дунё бўйича ветилиго, псариаз, булёз-эпидермолизис касалликлари кўпаймоқда. Бу асосан Ер юзида экология, урбанизация жараёнлари фаоллашуви, ҳудудимизда эса қариндош-уруғчилик никоҳлари кўплиги сабаб бўлмоқда. Ташриф давомида аҳоли ўртасида псариаз, эхтиёз, булёзэпидермолизис касалликларини келтириб чиқараётган ана шу омиллар ҳақида тушунчалар берилди.
Дерматовенерология ва косметология соҳаси бўйича марказ томонидан бириктирилган масъул сифатида Наманган вилоятида соҳа фаолиятини мунтазам кузатиб, амалий-услубий ёрдам бериш мақсадида тез-тез келиб тураман. Бугунги ҳамкорлик давомида вилоят филиали ҳамда Уйчи, Янгиқўрғон туманида дерматовенерологик, косметологик касалликлар даволаш-профилактикаси шароитларини янада яхшилашга, айниқса, физиотерапия имкониятларидан янгича усулларда фойдаланиш, пиепитерапия, мезотерапия, УФО терапия усулларини қўллашга алоҳида аҳамият қаратилди.