Маълумки, 2022 йил 26 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-103-сонли қарори қабул қилинган. Қарордан кўзда тутилган мақсад аҳолига кўрсатилаётган кардиологик ва кардиожарроҳлик хизматлари сифатини яхшилаш, ҳудудларда юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, барвақт аниқлаш ва самарали даволаш ишларини кенгайтириш, беморлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни зарур дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятини трансформация қилишдан иборат. Ўтган икки йилдан сал кўпроқ вақт ичида қарор ижроси бўйича Наманган вилоятида ҳам катта ишлар қилинди.
Қуйида РИКИАТМ Наманган филиалида шу кеча-кундузда амалга оширилаётган ибратли тадбирлар тафсилоти билан танишасиз.
ЎРГАТИШДАН БОШЛАНАР ҲАР ИШ
Филиал директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов навбатдаги амалий кўмак манзили этиб, Учқўрғон туманини белгилади. У ерда туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи янги, қолаверса, ўзининг шогирди ва собиқ ўринбосари Ботиржон Маъмуров. Айни ҳозир ёрдам мавриди. Чунки, ҳали ишнинг ичигача кириб бориши учун йўл-йўриқ, тавсия ва маслаҳатларга эҳтиёжланади. Бир кун аввал телефонда ҳамкасбларининг кўмакка келиши хушхабари етказилганида у бежиз қувонмади.
Ўтган ҳафтанинг сешанбасида филиалнинг бир гуруҳ кардиологлари эрталабдан ТТБ жамоаси ҳузурида ҳозиру нозир бўлишди. Даставвал, мажлислар залида умумий амалиёт шифокорлари, муолажа, патронаж ҳамширалар ва электрон дастурда иш юритувчилар иштирокида кўргазмали ўқув-семинар ташкилланди.
Филиал директори йиғилганларнинг диққатини мониторга жалб этган ҳолда шу кунларда бирламчи тизим ходимлари учун билишлари зарур бўлган тиббий бригадалар фаолиятига доир муҳим тушунчалар берди.
– Президентимизнинг 103-сонли қарорига мувофиқ Учқўрғон туманига ташриф буюрдик, -деди Солижон Жалилович. – Вилоятимиз бўйича 780 минг нафар 40 ёшдан ошган аҳолида скрининг текшируви ўтказилади. Яъни беморнинг антропометрик ўлчовлари: бўй, тана узунлиги, бел айланаси, вазн-бўй индекси, артериал қон босими, пульс, юрак-қон томир тизими, қандли диабет, буйрак касаллиги бўйича дори-дармон қабул қилаётганлиги ёки жисмоний фаоллиги қандайлиги каби маълумотлар йиғилиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ПМ протоколига мувофиқ хавф омили аниқланади.
Мазкур ПМ протоколи бўйича хавф омиллари 5 фоизгача, 5-10 фоиз, 10-20 фоиз, 20-30 фоиз ҳамда ўта юқори – 30 фоиздан баланд бўлиши мумкин. Бирламчи тизим орқали аҳоли хонадонига кириб бориб, бирма-бир кўрсаткичлар аниқ манзараси яратиш билан кунма-кун шуғулланилмоқда.
Яна бир муҳим янгилик шуки, аввал биз буларни фақат қоғозда юритган бўлсак, бугунги кунда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ўз инфакон билан интеграция қилинган Med hub тизими орқали дастурга киритганмиз. Ана шу Med hub тизимининг соғлом юрак қисмига барча маълумотлар киритилиб, ПМ протоколи бўйича хавф омили аниқлаб чиқиляпти. Кейин эса беморларни соғломлаштириш режалари белгилаб олинмоқда. Режага мувофиқ уларда керакли текширувлар ўтказилади. Яъни лабораторияда қон, сийдик-пешоб таҳлилларида оқсилнинг бор-йўқлиги, холестирин, қоннинг қуюқ-суюқлиги, ЭКГ текширувлари ўтказилмоқда. Сўнгра бемор керакли мутахассисларга, оила шифокорларига, кардиологларга юборилмоқда ва бу барча маълумотларни беморнинг электрон амбулатор картасига ҳам қайд қилиб қўйилмоқда.
Юқоридаги тадбирларимиз туфайли келгусида юрак-қон томир касалликларини камайтиришга эришяпмиз. Натижада юрак-қон томир тизими асоратлари – инфаркт ва инсультнинг олдини олишга муваффақ бўляпмиз.
Йиғилганлар ўзлари учун долзарб вазифаларнинг мазмун-моҳияти-ю, юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш скрининг жараёнини электрон картага киритиш йўл-йўриқлари тўғрисида содда ва лўнда тушунчаларга эга бўлишар экан, тағин баъзи бир мавҳумликларга ҳам аниқлик киритиб олиш учун маърузачига бир қатор саволлар билан мурожаат қилишди. Бирорта сўров жавобсиз қолмади. Кардиологлар раҳбари ўқув-семинарнинг амалий қисмини компьютер тизимлари мукаммал хонада маҳорат сабоғи тарзида тағин кўрсатиб давом эттирди.
МАҲАЛЛАДА УЙМА-УЙ КИРИБ...
Ниҳоят, филиал врачлари тумандаги оилавий поликлиникаларга, оилавий шифокорлик пунктларига йўналтирилдилар. Улар борган ҳудудлардаги маҳаллалар кесимида уйма-уй юришиб, тиббий кўрик ҳам ўтказишди, учқўрғонлик ҳамкасблари ёнида туришди. Бирламчи тизимларда Бахтиёр Азимов, Шавкатжон Нажмиддинов, Анваржон Иномов, Вилдам Рафиқов, Усмонжон Зайниддинов, Комилжон Маликов, Аббосхон Банноевларнинг тажрибаларидан айниқса фаол фойдаланилди.
Кўмаклашиш кунининг ҳар соатигина эмас, ҳар дақиқасидан, ҳар лаҳзасидан унумли фойдаланиш бобида Солижон Мўминовнинг ўзи муваққат сайёр гуруҳига шахсий намуна кўрсатганлигининг қувончли самараларига биз бирга юриб, жонли гувоҳ бўлдик. Дастлаб туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Раҳимахон Мирзаева ҳамроҳлигида Учқўрғон шаҳри Улуғбек маҳалласининг Тўмарис номли кўчасидаги ёши улуғ инсонлар яшайдиган хонадонлар остонасидан ҳатладик. Мўъжаз ҳовли озода, саражому саришта. Уй ичкарисига киргач, кўрдикки, Д-ҳисобда турувчи 65 ёшли Дилбархон Жабборованинг шифокорлар билан алоқаси мустаҳкам экан. Солижон Мўминов унинг қон босимини ўлчади, бемор яқиндан бери юраги атрофида оғриқ сезаётганини айтгач, зарур таблеткалар ёзди. Буни қарангки, рецептдаги шу дорилар амалиётчи ҳамда патронаж ҳамширалар – Одина Тожибоева билан Маҳфуза Тошматоваларнинг сумкасида бор экан. Дарров олиб, онахоннинг қўлларига тутқазишиб, ичиш вақти ва дозаларигача айтишди. Солижон Мўминов эса энди шошилиш ўрнига хотиржам кайфиятда аяга энг зарур тавсияларини бера бошлади:
– Сизнинг дардингизни енгиллатиш учун жисмоний фаоллик зарур. Пиёда юриб турасизми?
– Ҳа, 100-200 қадам босиб тураман эрталабдан кечга қадар.
– Бу етарли эмас, кунма-кун узайтириб боринг, мингдан ошса ошсинки, камаймасин. Кунлик одатга айлантириб олсангиз, соғлигингиз тикланиб тураверади. Мана, менинг ўзим хизмат машинам бўлишига қарамай, 5000 қадамгача оёқда йўл босаман. Ўзимни тетик ва бардам ҳис қиламан. Аёл юзларига самимий табассум ёйилди. Дилидаги миннатдорлиги тилига кўчди.
Уч эшик беридаги 16-уйда ҳам юрак-қон томир хасталигини бошдан ўтказиб келаётган 83 ёшли Санобар ая Азимова истиқомат қиларкан. Олим-шифокор танометрда унинг юрак уришини эшитиб кўрди. Адъютерда қон босимини ҳам ўлчагач, текширувдан хулоса ясади.
– Аяхон, ҳозирги ҳолатингиз унча яхши эмас. Сизга эналапирин ёзаман. Ҳар таблеткасини тўртга бўлиб, ичиб борсангиз кифоя. Манави қизларингиз ҳозир дорини беришади. Кейин ҳам хабар олиб туришади...
Ниҳоят, 52-рақамли уйга кириб бордик. Бу файзли хонадонда салкам 90 ёшли Эгамберди ота Умаров яшарканлар. Солижон Мўминов оиланинг катта бекаси Инобатхон ая Умаровани суҳбатга тортиб, отахон ҳақида қисқача керакли маълумотларни олди.
– Йигитлик пайтларида оёқлари остидан ўт чақнарди-я,– деб эслади ая ёшликлари хаёлидан ўтиб.
– Серҳаракат одам – узоқ яшайди-да, Инобатхон она, -дея таъкидлади у. – Ҳозир ҳам бир жойда ўтириб қолманглар. Етаклашиб бўлсаям, пиёда юришни канда қилманглар. Ўшанда касалликни енгиб турасизлар. Отахоннинг юрагини даволатдиларингми?
– Ҳа.
– Қаерда?
– Аввалроқ ўзингизнинг шифохонангизда. Учрашиб, миннатдорчилигимизни айтмоқчийдик, мурожаат этиб, навбат кутаётганлар бирам кўп эканки, олдингизга кириб боролмадик...
– Жуда қизиқ тасодиф бўлди-ю, сизлар битта бинода ётиб даволаниб, ёнимга киришга улгуролмабсизлару, кутилмаган қувончли тасодифни кўринг, менинг ўзим бугун уйларингизга келиб, ҳол-аҳвол сўраб турибман-а. Атайлаб ҳам шундай учрашувни уюштириш қийин аслида. Кўришганимиздан беҳад хурсандман. Қачон керак бўлсам, менга бемалол телефон қилаверинглар. Ваъда бераман, бу гал отахон иккингизни имтиёзли бепул даволанишингизга шароит яратамиз.
Оппоқ соқоллари нурли чеҳрасига ярашиб, улуғвор қиёфа касб этиб турган Эгамберди отанинг бундай эҳтиром ва меҳрибонликдан кўнглига ўша заҳотиёқ ҳаяжон инди. Кўзларида севинч ёшлари қалқиди. Кафтларини очиб, дуога жуфтлади.
– Омийн, бизни сийлаганларни Аллоҳ сийласин, тинчу осуда ҳаётимизга кўз тегмасин. Кексаларнинг аҳволини яхшилаш учун, халқ саломатлигини сақлаш учун кеча-кундуз қайғураётган Юртбошимизнинг ўзлари ҳам бахтимизга ҳамиша омон бўлсинлар!..
ДИРЕКТОР УЧУН ҲАР ДАҚИҚА ҒАНИМАТ
Учқўрғондан кун пешиндан оғганда қайтилмоқда. Машинага ўтиришимиз билан Солижон Жалилович марказ филиалига телефонда боғланди.
– Абдурауф, ҳамкорликдаги операция қандай кетмоқда? -сўради уланиши биланоқ.
– Эндоваскуляр хирург Нарек Марукян билан бугунга белгиланган сўнгги – саккизинчи беморда амалиёт ўтказяпмиз.
– Операциядан чиққанларнинг аҳволи яхшими?
– Ташвишланманг, ҳаммасиники жойида
– Ҳозир биз ҳам етиб боряпмиз.
Директорнинг кўнгли энди бутунлай хотиржам тортди. Бир куннинг ўзида ҳам шифохонада, ҳам туманда фаол фаолият таъминланишига эришилганига нима етсин! Лекин, яна тинч ўтириб бўлармиди. Жамоанинг маҳаллий солиқлар тўловини тўкислаш белгиланган муддат тобора яқинлашаётганидан ҳар бир ходимни огоҳлантириб қўйишниям бугуннинг ўзидан кечиктирмаслик кераклигини унутмаганди. Ҳисобхона мутасаддиларию, бўлим мудирларигача машинанинг ўзидаёқ йўл-йўлакай аниқ топшириқлар берди. Орадан ярим соатдан зиёдроқ вақт ўтгач, Наманган шаҳрига кириб бордик.
САНКТ-ПЕТЕРБУРГЛИК ХИРУРГ ТАШРИФИ ШАРОФАТИ
Солижон Мўминов билан тўғри эндоваскуляр хирургия бўлими томон ўтдик.
Кеча филиалга ташриф буюрган Россия Федерацияси Санкт-Петербург шаҳридаги В. А. Алмазов номли Миллий тиббиёт тадқиқот марказининг эндоваскуляр хирурги, тиббиёт фанлари номзоди Нарек Марукян навбатдаги бир неча мураккаб технологик амалиётларни бажариб, маҳорат дарси сабоғини берибди. Меҳмонга филиал хирургларидан Абдурауф Обидов, Абдурасул Тўлабоев ва Исломжон Абдуллаев каби мезбонлар ёрдамлашаётган экан. Унинг қимматли тажрибаларини ёнма-ён туриб ўрганишяпти. Россиялик мутахассиснинг шифобахш қўллари туфайли биринчи куниёқ 8 кишининг оғир аҳволи енгиллаштирилибди. Яъни уларда коронар қон томирлари ва периферик артериялар баллонли ангиопластикаси ҳамда стентлаш сифатли уддаланибди.
Масалан, янгиқўрғонлик 76 ёшли Содиқжон ота Мўминовнинг юрак-қон томирларининг нуқсонли 4 жойига атиги 30 дақиқа ичида 4 та стент жойлаштирилибди. Унинг танг ҳолати тезда ўнгланди. Шунингдек, чортоқлик Насиба Тожибоева, мингбулоқлик Ҳусниддин Тўйчиевларнинг қон томирларига ҳам стентлар қўйилди.
– Биз ўзбекистонлик мутахассислар билан муваффақиятли ишлаб келмоқдамиз, – деди мамнуният билан Нарек Вачаганович. – Бу ерда шароитлар етарли, энг замонавий тиббий аппаратлар муҳайё. Муҳими, эндоваскуляр хирургларнинг ҳаракатлари чакки эмас. Шунинг учун улар келгусида катта самараларга эришишига қатъий ишонаман. Биз марказлараро ҳамкорликни тобора мустаҳкамлаш мақсадида изчил иш олиб боряпмиз. Аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат халққа тобора яқинлаштириляпти, инсон танасини кесмасдан юқори технологияли, ғоят мураккаб амалиётлар ўтказишда чинакам тараққиёт таъминланмоқда.
– Мана, навбатдаги бир кунимиз ҳам якунига етмоқда, -деди Солижон Жалилович эртадан кечга қадар бетиним ҳаракатларнинг зое кетмагани учун ўзгача кайфиятда. – Мен одамларга нафим тегмаган кунни асло умрим ҳисобига қўшолмайман. Ҳар тонг янги режалар билан ўрнимдан тураман, ишга ошиқаман. Ҳар оқшом режаларни натижаларга айлантириб, уйга қайтаман. Ахир халқимиз биз, тиббиётчиларнинг ҳалол ва фаол хизматлари туфайли соғлом ҳаёт кечиради. Янги Ўзбекистоннинг бунёдкори сифатида бор билим, куч ва имкониятларини эзгу ишларни уддалашга астойдил сарфлайди. Шунга сабабчи бўлишдан ортиқроқ бахту саодат қаерда бор?!
Дарвоқе, бу каби туманларга хизмат сафари кунлари ой бошидан бери давомли тус олдириб келинмоқда. Чунончи, Поп туманига боришганида уларга Республика ихтиослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Хуршид Ғайратович Фозиловнинг ўзлари Тошкентдан етиб келиб, бош-қош бўлдилар. Давлатобод ва Чуст туманларига ташриф буюришганида эса вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Муҳиддинович Иминов бирга-бирга юрдилар. Буларнинг барчаси бугунги тиббиёт тизимида вилоятдан тортиб, республика раҳбарларигача фидойилик фазилатини ўзларига доимо муносиб кўришга одатланишганининг ёрқин далолати эмасми?! Худди шундай! Бу ҳамиша олқишларга муносиб ҳолатдир.
Содиқ САЙҲУН,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.