дейди суҳбатдошимиз - Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Аъзамжон БОТИРОВ

 

Дарҳақиқат, шундай. Қаерда интизом мустаҳкаму, масъулият юксак бўлса, ўша жойда кутилган натижага эришилаверади. Чунки, бу икки сўз замирида катта маъно-моҳият мужассам. Интизом, аввало, ўз вақтида иш ўрнида бўлишдан бошланади, масъулият эса зиммасидаги вазифаларнинг бажарилиши ҳаракатини кучайтиришга инсонни даъват қилиб турадиган ҳаётий зарур туйғудир. Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси мисолида ҳам буни яққол кўришимиз мумкин. Шу боис, мулоқотимиз савол-жавоблари кўпроқ шаклан ҳар хил бўлса ҳам, маъно-моҳияти бир-бирига яқин, доимий дахлдор мазкур икки тушунча тиббиётчилар учун қандай самаралар бераётгани хусусидадир.

- Аъзамжон Фарҳодович, мана янги лавозимдаги фаолиятингизга ҳам ярим йилдан ошди. Кўпсонли, катта жамоага раҳбарлик аслида осонмас. Лекин сизда бош­қарувчилик билими ҳам, тажрибаси ҳам борлигини яхши биламиз. Асосий эътиборни даст­аввал нималарга қаратдингиз?

- Албатта, туманни, тиббиёт тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларини ҳамда кадр­ларнинг салоҳиятини ўрганишдан иш бошладим. 243 мингдан зиёд аҳолига 1 та марказий шифохона, 1 та кўп тармоқли, 5 та оилавий поликлиника ва 9 та оилавий шифокорлик пункти, 10 та маҳалла тиббиёт пункти хизмат кўрсатмоқда. Уларнинг 80 фоизи замонавий талаблар асосида мукаммал таъмирлангани туфайли тиббиётчилару беморларга зарур қулай шароит­лар яратиб қўйилган. 220 нафар врач ҳамда 1586 нафар ҳамшира эл саломатлигини сақлаш билан банд. Эътирофлар етарли, эътирозлар камдан-кам бўлиши учун талабчанлик муҳитини бар­қарор ушлашга астойдил ҳаракат қиляпмиз. Сабаби, қаерда талаб ва назорат бўшашса, ўша ерда хизмат масъулияти пасаяди. Халқнинг розилиги эмас, норозилиги юзага келади. Бунга асло йўл қўя олмаймиз. Қанча яхши ишласак, хал­қимизнинг давлатга ишончи, тиббий хизматга ихлоси шунча мустаҳкамланаверади.

- Ҳозирги мавжуд ҳолатдан ўзингиз қониқасизми?

- Ҳа десам, ёлғон бўлади, қониқмайман десам, диққатга лойиқ ишларни инкор этгандай туйилади. Очиғи, фаолиятимизни қанчалик такомиллаштирмайлик, ҳануз Президентимиз томонларидан зиммамизга юклатилган долзарб вазифаларни ҳали ҳозир тўла-тўкис бажаришга эришолганимизча йўқ. Лекин керагича имконияту шароитлар муҳайё. Энг замонавий аппаратлар, асбоб-ускуналар, дори-дармонлар етказиб берилмоқда. Фақат уларни ишлата билиш малакаси, дори-дармонлар тақсимотида қонун-қоидалару адолат тамо­йиллари устуворлигини таъминлаш масаласида оқсамасак бас.

- Кадрлар салоҳияти қандай?

- Олий ҳамда ўрта махсус маълумотлиларнинг малакаси агар йилма-йил тўхтовсиз ошириб борилмаса, уларнинг фаолияти бугунги юксак талабларга жавоб бера олмай қолади. Сўнгги йилларда 211 нафар ҳамшира ўз малакасини янада юксалтирди, тажрибасини бо­йитди. Врачларни эса нафақат пойтахтга, ҳатто хорижий мамлакатларга ўқувга юборяпмиз. Масалан, Абдулҳамид Наврўзов Россия Федерациясида ўқиб қайтди. Ҳатто, ўрганган янгиликларини вилоятдаги врач-нарколог ҳамкасб­лари билан баҳам кўрди. Вилоят наркология диспансери кўмагида кўргазмали семинар ташкиллади. У ҳозирда ёш олим сифатида тадқиқот билан ҳам шуғулланмоқда. Яна Эркинжон Жамолов ва Дилмурод Сайфиддинов каби бирламчи тизим врачлари беморларни даволашдаги илғор усуллар устида илмий изланишлар олиб боришмоқда.

Кадрлар салоҳиятини тобора ўстириш учун тор ихтисосликни ўзлаштириш бўйича дадил қадамлар ташланмоқда. Эндокрин касалликларининг олдини олиш, эрта аниқлаш билан шуғулланувчи мутахассисга эҳтиёжимиз бор эди. Буни ҳисобга олиб, ёш кадр Аъзамжон Бозоровни ўқитмоқдамиз. Қачонгача тайёр кадрни кутиб ўтиришимиз лозим. Ўзимизнинг муаммоимизни ўзимиз ечишга ўргансак, менимча, мақсадга мувофиқ иш тутган бўламиз-да.

- Жуда тўғри. Энг замонавий аппаратлар тармоққа кириб келаётган экан, уларни ишлатишга уқувли мутахассислар зарурати долзарб масала бўлиб қолаверади. Бу борада нима ишлар қилинмоқда?

- 2024 йилнинг дастлабки кунида туман тиббиёти тарихида илк бор лапароскопик амалиёт ўтказилди. Натижада бемор аёлнинг саломатлиги тикланди. Тўғри, бу иш Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали жарроҳлик бўлими раҳбари Равшанбек Темиров етакчилигида уддаланди. Лекин, доимо шундай бўлавермайди-ку. Энди шифохонамиз ўзидаги жарроҳ Алишер Иброҳимов томонидан амалга оширилиши чора-тадбирларини кўряпмиз.

Акушер-гинеколог Фароғат Йўлдошева янги кальпоскоп аппаратида аёллар касалликларини барвақт аниқлашга эришмоқда. Скрининг текширувларини изчил олиб бормоқда.

- Ҳозирги кеча-кундузда вилоятимизда хатлов жараёни жадаллаштирилаётганидан хабардормиз. Кунма-кун хатловдан ўтаётганлар кўпайиб бормоқда. Сизларда-чи?

- Мана, қарийб икки ойлик якунларни чи­қаряпмиз. Умумий аҳолига нисбатан яқин 90 фои­зи қамраб олинди. Қолганларини ҳам тезроқ бу жараёнга жалб қиламиз. Бригадалар ҳаракати тобора юқори суръат­га кўтарилмоқда. Мақсад хатловни белгиланган қисқа фурсатда сифатли якунига етказишдир.

- Сиз билан суҳбатлашиб ўтирибмизу, мониторга кўз югуртириб, қабулхонага ногоҳ кириб келган аёлнинг котибага нималарнидир айтиб ку­йинаётгани билан дарров қизиқдингиз. Унинг кириб айтишича, бирламчи тизимдагилардан бири "Таҳлил учун бизда реактив-модда тугаган, марказий поликлиникага чиқинг" деганмиш, бу ердаги лабораториядагилар бирламчи тизимда муаммоси ечилишини айтишиб, таҳлилни пайсалга солишибди. Сиз тезда масалага жиддий муносабат билдирдингиз, ҳали ҳузурингизга кирмасидан мутасаддиларга ўрнида зарур топшириқлар бердингиз. Менимча, қабулингизга кирмаган аёлнинг эшик ортидаёқ шашти пасайди ва мутахассислар таҳлилхонага бирга бошлаб чиқиб кетишди шекилли?

- Худди шундай. Айни пайтда илгариги вақт­дагидек дори-дармон, реактивлар таъминотида тақчиллик йўқ. Фақат ходимларнинг ўз вазифасини бажаришида ишчанлик етишмайди, холос. Бирламчи тизимда реактив тугаб қолган бўлса, айб беморда эмас. Ўша таҳлилчи ходимда. У реактив тугаган заҳоти тумандаги таъминотчига хабарнома етказиши, буюртма бериши зарур эди. Йўқ дейиш осон, бироқ топиштириш учун бугунни эртага ўтказмай ҳаракатга тушиш керак-ку! Демак, мазкур масалага янада ойдинлик киритиб, бошқа жойда яна такрорланишига имкон қолдирмаслигимиз шартдир.

Тиббиёт бирлашмаси раҳбари ёлғиз эмас. Ёнимда Абдурасул Икромиддинов, Зулфия Зокирова, Юсуфали Маҳкамов, Равшаной Ражабова, Фароғат Абдуллаева, Шаҳноза Кимёназарова сингари поликлиника хизмати, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш бўйича ўринбосарларим, бирламчи тизим координатори, бош ҳамшира, "Саломатлик маркази" фаоли, касаба уюшма қўмитаси раиси бор. Улар билан биргаликда эзгу ниятимиз - эл саломатлигини сақлаш учун ҳамиша ҳамкору ҳамнафасмиз.

Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.