(Фахрия)
Истиқлолли хуррам замонда
Юртим тинчу элим омонда,
Кўҳна байрам Ўзбекистонда
Қутлуғ айём – Наврўз муборак!
Чиндан интиқиб кутилган баҳор яна ёшу кексага хурсандлик ҳадяламоқда. Қайноққалб қуёшнинг тафти тағин тобора кўтарилиш палласига кирмоқда. Ҳаводаги илиқлик инсонлар кайфиятига уйғундек гўё. Эркагу аёлнинг чеҳраси очиқ. Бундан табиат ҳам андоза олаётгандек осмонимиз тип-тиниқ. Булутлар гоҳ кўриниб, гоҳ ғойибланиб турса-да, қуёшнинг қизиғига дош беролмаслиги тайин. Инчунин, кеча-кундузнинг тенглашиш палласига нуру зиё, тафту тароват ярашади. Кўкламни қўмсаган дилларнинг соғинчи арийдиган онлар келди.
Димоғларда ялпиз ифори,
Самоларда қушлар алёри,
Ёзилмоқда диллар ҳумори,
Қутлуғ айём – Наврўз муборак!
Қаранг, кечагина шумшайиб турган дарахтлар уйғонди, куртаклар киприк қоқмоқда, митти ғунчалар тизим-тизим гулга айланмоқда. Бодомлар бойчечакдан андоза олгандай, биринчи бўлиб, баҳор саломини аллақачон одамларга етказганидан мамнундай мағрур туришибди. Боғу-роғлар остларига боқинг-а, майсаларга ҳам жон кирган. Улар деҳқон ва боғбонларнинг пойига пояндоз бўлишни маъқул кўришмоқда. Кўркамлик бағишлашяпти бутун борлиққа.
Гулмаржонли боғларда чирой,
Сувлар тошқин – тоғларда чирой,
Кўнгилларни чоғларда чирой,
Қутлуғ айём– Наврўз муборак!
Танти табиат ўзининг бепоён бағридаги гўзаллик салонида мисоли Курраи заминга пардоз бермоқда. Соат сайин, дақиқа сайин, лаҳза сайин бор маҳоратини ишга солиб, ўлкамиз ҳуснига ҳусн қўшмоқда. Еру самодан файзу шукуҳини аямаётир. Юртимизнинг тинчу осудалиги, ватандошларимизнинг соғу саломатлиги учун хотиримиз жам, кўнгилларимизга шодлигу қувонч ҳамдам.
О, ўзбегим – художўй халқим,
Нияти пок, дуогўй халқим,
Байрамингда яйраб тўй, халқим,
Қутлуғ айём – Наврўз муборак!
Содиқ САЙҲУН.