Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида"ги ПҚ-111-сонли қарорига биноан ўзининг иқтидори, муҳим ғоя ва ташаббуслари, ибратли амалий ишлари ва эришган ютуқлари билан ёшларга ўрнак бўлаётган, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этиб, Ватанимиз равнақи йўлида бор куч-ғайрати, замонавий билим ва малакаси, маънавий-интеллектуал салоҳиятини намоён этаётган мамлакатимизнинг 28 нафар қизлари қатори Тошкент тиббиёт академиясининг даволаш факультети 6-босқич талабаси, Наманган фарзанди, косонсойлик Аҳмаджонова Муҳайёжон Акрамжон қизи ҳам мукофотланди. У таълим йўналишидаги фидокорона изланишлари, юқори натижалари учун муносиб топилди. Муҳайёжон клиник ординатура босқичини акушерлик-гинекология бўйича ўтаб, она ва бола саломатлиги йўналишида етук мутахассис бўлиш, илмий-тадқиқот ишларини амалга оширишга аҳд қилган.
– Биз ёшлар эзгу интилишларимизни доимо қўллаб-қувватлаётган, иқтидорларимизни намоён эта олиш учун кенг имкониятлар яратиб берган Президентимиздан чексиз миннатдормиз. Давлатимиз раҳбари томонидан Зулфия номидаги Давлат мукофотининг топширилиши юксак марралар сари қатъият билан олға интилишга, тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган тарихий ислоҳотларнинг фаол давомчиси бўлишга чорлайди.