Вилоятимизда ҳам Ўзбекистон Республикаси Бош вазири фармойишига биноан, "Наврўз" умумхалқ байрами ҳамда муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўкаламзорлаштириш тадбирларини давом эттириш, соғлом турмуш тарзи ҳамда санитария-гигиеник маданиятни тарғиб қилиш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида "Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки" шиори остида уч кунлик умумхалқ хайрия ҳашари бугун зўр уюшқоқлик билан бошланди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларининг кўп минг сонли жамоалари ҳам фаолдирлар. Уларнинг кўпчилиги "Маҳалламга 10 туп дарахт – менинг туҳфам" шиорига жавобан жойларнинг иқлим шароити, сув таъминотига мос кўчатлар ўтқазилишида ташаббускорлик кўрсатишмоқда.
Тиббиёт ходимлари ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари, айниқса, эҳтиёжманд, меҳр-мурувватга муҳтож, боқувчисиз қолган кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга қаратилган хайрли ишларда ҳам иштирок этишмоқда.
Умумхалқ хайрия ҳашари доирасида тиббий муассасалар ҳудудларини кўкаламзорлаштириш, ариқларни тозалаш, гулхоналарни юмшатиб, шаклдор эгатлар олиш, дарахтларни оқлаш, гул-у ниҳоллар экиш авжида. Шифохоналар жамоалари вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси баҳорги мавсумида 2600 квадрат-метр майдонга 600 туп мевали, 600 туп манзарали дарахт, 1800 туп турли навдаги бута кўчатлари, 1000 дона терак новдалари экиш режасининг талайгина қисмини уч кунлик ҳашар давомида амалга оширишга бел боғлаганлар.