Давлат тиббий суғурта жамғармасининг "Zoom" орқали ўтказилган семинарида Наманган вилояти ҳудудий вакили Мухторжон Жўрабоевнинг 2023 йилда бажарган ишлари ҳисоботи тингланди ва муҳокама қилинди.
ДТСЖ раҳбарияти, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, даволаш-профилактика муассасалари масъуллари кўмагида оилавий шифокор ва тор соҳа мутахассисларига бўлган талабни тўлдириш учун кўрилган чора-тадбирлар натижасида тиббиёт ходимлари салоҳияти сезиларли ошди. Рақамлаштириш самарасида навбатлар камайди, саломатлик электрон базалари яратилди, ахборот алмашувлар тезлашди. Шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси муассасаларини тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш фаоллашди.
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси 2023 йилда 698 нафар имтиёзли тоифадаги шахсларда амалга оширилган юқори технологик жарроҳлик амалиётлари учун сарфланган 7 миллиард 791 миллион сўмни қоплаб берди.
ЖАМҒАРМАГА МИННАТДОРЛИК МАКТУБЛАРИ
Тиззамдаги оғриқ сабаб бир неча марта даволандим, бироқ ҳеч фойдасини сезмадим. Ниҳоят, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига мурожаат қилдим. Оёғимда 3-4-даражали тизза бўғими артрози аниқланди. Бу тоғайнинг шикастланиши, ингичкалашиши ва суяк емирилишига олиб келар экан.
Тиззамда эндопротезлаш амалиёти бажариш зарур эди, катта маблағ талаб этадиган бу муолажа менга насиб этмас экан-да, дея ташвишга тушиб қолдим. Фарзандларим кредит олиб, операция қилдирмоқчи бўлиб турганда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳақида маълумот олдик. Имтиёзли йўлланма асосида эндопротезлаш амалиёти бажарилди.
Мени операциям учун сарфланган харажатларни Жамғарма тўлаб берди. Фарзандларимни оқ ювиб-оқ тарашдек бурчимни адо этиб, Президентимизни алқаб, ДТСЖ ходимларини дуо қилиб ўтирибман. Бундай хайрли ишлари бардавом бўлсин!
Муқаддас МАМАСОДИҚОВА,
Янгиқўрғон тумани.
* * *
Икки томонлама коксартроз аниқланганда аввалига эътибор қилмадим. Қарасам, бу касаллик тўшакка михлаб қўядиган. Тезда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига бордим. Мутахассислар обдон ўрганиб, мураккаб операция ўтказиш зарурлигини айтишди. Хавотирланганимни сезишди шекилли, сира ташвишланмасликни, операция учун маблағ Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси қоплаб беришини маълум қилишди. Биз оддий одамларга шунчалик ғамхўрликлар қилаётган Президентимиздан, Давлат тиббий суғуртаси жамғармасидан, шифокорлардан беҳад миннатдормиз. Шу имконият бўлмаганда соғайишни ҳаттоки орзу ҳам қилолмаган бўлардим.
Авазбек КАРИМОВ,
Наманган шаҳри.
* * *
Юрак хасталигига шифо излаб Наманган кадиология марказига келдим. Текширувлардан кейин юрагимда юқори технологик муолажаларни бажариш зарурлиги аниқланди. Бунинг учун сарфланадиган маблағни Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси қоплаб беришини, биздан ҳеч қандай тўлов талаб этилмаслигини эшитиб, авваллига ишонмадим.
Мана мураккаб операция энг замонавий тиббий қурилма ва асбоб-ускуналар ёрдамида амалга оширилди. Дарддан фориғ бўлдим. Умримга умр қўшган, "иккинчи марта" яшаш имконини берган Жамғарма ва кардиомарказ мутахассисларига чин дилдан миннатдорлик билдираман.
Муножот ОТАБОЕВА,
Норин тумани.