2 сентябрь куни Наманган 2-тиббиёт коллежида "Мустақиллик дарслари"ни ўқувчиларга ўқитувчилар соҳа илғорлари, соғлиқни сақлаш тизимига дахлдор муассаса ва ташкилотлар фаоллари билан ҳамкорликда ғоят мазмунли ва мароқли ўтказишлари таъминланди.
Жумладан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси муассислигидаги "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири, "Жасорат" медали соҳиби Абдулла Ғозиев ва муҳаррир ўринбосари, "Шуҳрат" медали соҳиби, шоир ва публицист Содиқ Сайҳунлар 302- ҳамширалик иши гуруҳида машғулот олиб боришди. Муаллима Раънохон Убайдуллаева раҳбарлигидаги ўқувчилар дарсда фаоллик кўрсатишди. Рисолат Абдуроҳманова, Моҳинур Қаҳҳорова, Ҳадича Ниёзхонова, Эътибор Қодирова, Нодира Тешабоева, Гулчеҳра Рустамова сингари ёшлар мавзу бўйича қатор саволлар билан меҳмон-муаллимларга мурожаат этишиб, ўз билимларини янада мустаҳкамлашга интилдилар. Абдулла Ғозиев истиқлол шарофати билан тиббиёт тизимида амалга ошириб келинаётган қатор ислоҳотларнинг вилоятдаги самарасига кўпроқ тўхталган бўлса, шоир ва публицист Содиқ Сайҳун Ватан ва унинг истиқболи ҳақидаги даъваткор шеърларини ўқиб берди.
- Бу йил коллежимиздаги 1825 нафар ўқувчи 40 та гуруҳда таълим-тарбия ола бошлади, - дейди мамнуният билан муассаса директорининг маънавий-тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари Расулжон Мамажонов. - Илк дарсларни юксак уюшқоқлик вазиятида ўтказиб, мустақилликнинг нақадар улуғ неъмат эканлигини, шу улуғ ва муқаддас Ватанда ўтаётган тинч-осуда ҳаётимизнинг, фаровон турмушимизнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлашдек улуғ ғоя ва мақсадни ёшларимиз онгу шуурига яна бир бор сингдирдик.
Дарвоқе, 2009 йилдан фаолиятини бошлаган мазкур билим ва касб маскани ҳам истиқлол туфайли ўғил-қизларга ўз бағрини очган. Ҳар йили 500 дан зиёд ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаб, ишга йўллаяпти. Зеро, бугунги талаба-эртанги шифокор. Шундай экан, улар ҳамиша яхши ва аъло баҳоларга ўқиш билан эл-юртга муносиб кадр бўлиб етишаверишларига ишончимиз комил.