Поп Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида ички радиостанция ишга туширилди. Эрталаб ҳовли ва коридорлар узра эзгуликка чорловчи дил сўзлари, миллий қўшиқлар янграса, катта танаффусда муассаса янгиликлари, эълонлар, ўқитувчилар суҳбати, ижодкор ёшлар чиқишлари, кўнгилочар тароналар таралмоқда. Психолог Зуҳра Қурбоналиева радио фаолиятини юритиш билан бирга ҳаваскор бошловчилар жамоасини шакллантирмоқда. Маъмурият мавжуд синф хоналарига ҳам радиокарнайлар ўрнатиш устида иш олиб бормоқда. Бу маънавий-маърифий, ғоявий-тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириши шубҳасиз.

* * *

Педагог кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида "WORLD SKILLS стандартлари асосида якуний давлат аттестация имтиҳонларини ташкил этиш тартиби" мавзусида семинар ташкилланди. Унда ҳамширалик иши кафедраси мудири К. Абдусатторова WORLD SKILLS андозасида амалий машғулотлар олиб бориш, ўқувчиларни баҳолаш тартиб-тамойилларини ёритиб берди.

"Рақамли таълим ресурслари. Avto Run дастурида ишлаш"га оид педагогик ўқишда эса услубчи М. Мирзакамолова маҳорат дарси ўтди.

* * *

Косонсой Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида фитобар ташкил этилди. Тиббиётчи устозларнинг қатъий назорати остида тайёрланаётган шифобахш шарбатлар, доривор ичимликлардан ўқитувчи ва ўқувчилар баҳраманд бўляпти. Бу жараён жамоа саломатлигини мустаҳкамлаш билан бирга ўқувчиларда халқ табобати имкониятларидан оқилона фойдаланиш тушунча ва малакаларини ҳосил қилишда ҳам муҳим роль ўйнамоқда.

* * *

Ўқитувчилар ўртасида ҳам спорт мусобақалари уюштириш анъанага айланди. Навбатдаги кучсинар ўйинлар кафедралар жамоалари ўртасида кечди. Жамоалар қўл тўпи бўйича қизғин кураш олиб боришди. Аммо спортчи устозлар бир-бирларидан қолишмадилар. Айниқса, С. Абдулҳакимов, М. Зулфиқорова, Л. Ирисова, Ф. Рустамов, М. Халилова, Д. Жалолова каби устозларнинг чаққонлик, ҳаракатчанликлари талабалар учун маҳорат сабоғи бўлди.

* * *

Чортоқ Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида "Ватанпарварлик – муқаддас бурч" деб номланган маънавий-маърифий анжуман ўтказилди. Президентимизнинг маърифатпарвар аждодлар меросини ўқиб-ўрганишга оид кўрсатмалари мулоқотлар марказида бўлди. Дарҳақиқат, юртбошимиз таъкидлаганларидек: "...жадидлар ғоят мураккаб ва қийин шароитда билим ва маърифат тарқатиш, таълим-тарбия соҳасини тубдан ислоҳ этиш орқали миллий тараққиётга эришиш ғояси билан майдонга чиқдилар.

Шу мақсадда ўз маблағлари ҳисобидан мактаб ва театрлар, наш­риёт ва кутубхоналар, газета ва журналлар ташкил қилдилар, қобилиятли ёшларни чет элларга ўқишга юбордилар. Уларнинг бу олижаноб ташаббус ва ҳаракатлари жамият ҳаётида кучли акс садо бериб, қудратли тўлқинга айланди".

– Биз Ватан учун ана шу аждодларимиздек фидойи бўлишимиз шарт, -деди анжуманда Республика маънавият ва маърифат маркази Чортоқ тумани бўлими раҳбари Ф. Баҳодиров. – Учинчи Ренессанс асосларини барпо этишда жадид боболаримизнинг гуманистик қарашларига таянамиз, уларнинг меросидан маънавий куч-қувват оламиз.

* * *

Барча техникумларда таълим йўналишлари бў­йи­ча биринчи босқич ўқувчилари ота-оналари учун Соғлиқни сақлаш вазирининг "Тиббиёт ходимларининг одоб-аҳлоқ Кодексини тасдиқлаш ҳақида"ги 88-сонли буйруғи, уни амалга оширишга оид вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи кўрсатмалари ижросига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Гап шундаки, мазкур янгиланган Кодексда қўйилган талаблардан ота-оналар тўла хабардор бўлишлари ва фарзандларини белгиланган тартиб-қоидаларга оғишмай амал қилишга йўналтириб боришлари шарт.

Ўқув йилининг биринчи ярми якунлари ана шу нуқтаи назардан таҳлил этилди. Ўзлаштириши суст, узрсиз ҳолда тез-тез дарс қолдирувчи, ички одоб-аҳлоқ қоидаларига беписанд айрим ўқувчилар ота-оналари билан индивидуал суҳбатлар олиб борилди. Йиғилишда иккинчи ярим йилликда билим, ижтимоий фаоллик, одоб-аҳлоқ борасида юқори натижаларга эришиш юзасидан ҳамкорлик чора-тадбирлари белгиланди.

М.ОБИЛОВ.