Одам соғлом турмуш тарзидан оғишмаслиги, турли касалликларга учрамаслиги учун ўз организмини назорат қилиб боришга ўрганиши ҳам керак. Лекин бунинг учун тез-тез врач кўригига боришга вақти бўлмаслиги мумкин. Мана шу ўринда тиббиёт илм-фани яратган воситалардан фойдаланиш қулай. Мен "Ақлли" тарози деб ном олган воситани назарда тутяпман. Уни ўз тажрибамда ўтказиб, ҳар бир оила учун зарур эканлигига ишонч ҳосил қилдим.

"Ақлли" тарозининг афзалликлари шундаки, у кўрсатган тана вазни индексига қараб организмда сув, оқсил миқдори қанча, модда алмашинувлари қандай кечаётгани, мускуллар фаолияти, суяклар, бўғимлар ҳолатини баҳолаш мумкин. Шунингдек, тана тизими меъёрда ёки патологик ўзгаришлар бор-йўқлигидан хабар беради.

Айниқса, зарарли одатларни яққол аён қилади. Яъни, кўп овқат истеъмол қилиш, кам ҳаракатланишдан огоҳлантиради. Қорин бўшлиғида ёғ тўпланаётганидан дарак беради. Тарози организмда ўзи аниқлаган камчиликларни бартараф этиш учун тавсиялар ҳам ҳавола этади. Масалан, қанча вақт ва масофага пиёда юриш, ёшга қараб қайси турдаги жисмоний тарбия машқ­лари билан шуғулланиш меъёрларини маълум қилади.

Бир сўз билан айтганда, тарози инсон саломатлигига оид 14 хил таҳлилни амалга оширади. Бу маълумотларни поликлиникаларда турли текширувлар орқали аниқлашга камида 5 кун кетади.

"Ақлли" тарози маълумотларни телефонимизга ўрнатилган илова орқали намоён қилади. Бунинг учун Google Play Market дан Zepp Life иловасини юклаб оламиз. Шу иловага тарози русумини киритамиз. Ниҳоят, bluetooth орқали телефонимиз диспле­йида таҳлиллар кўринади. Бу маълумотлар ўчирилмаса, сақланиб боради. Ўчирмаган яхши. Архив навбатдаги ўлчов натижаларини солиштириб, саломатликка хавф солувчи ҳолатлар бартараф этилгани ё йўқлигини билишда қўл келади.

Яна бир муҳим томони, "Ақлли" тарози маълумотларини оила шифокорига кўрсатиб, тағин ҳам малакали тавсия ва маслаҳатлар олиш мумкин.

Мазкур қурилма фуқарода ўз саломатлигига масъулликни оширади, соғ­лом турмуш тарзига иштиёқ ва интилишини кучайтиради. У гўдакдан энг кексагача организм вазиятини "айта" олади.

"Ақлли" тарозиларнинг ҳаммаси ҳам саломатлик индексларини аниқлашга мослаштирилмаган. Шунинг учун харид қилинадиган бўлса, албатта, юқорида айтилган иловаси борини танлаш керак.

Дилором МАМАТХОНОВА,

Саломатлик ва стратегик

ривожланиш институти Наманган вилояти ҳудудий бўлими

бош мутахассиси.