Яқинда олис ҳудудда жойлашган Чортоқ туманидаги маҳалла аҳлининг эътибори саломатлик тадбирларига қаратилди. Вилоятимиз тажрибали шифокорларидан иборат гуруҳ бу ерда фаолият олиб борди. Тиббий текширувлар ўтказишга мослаштирилган махсус автобуслар ҳам ушбу тадбирга жалб этилди. Тегишли ишчи гуруҳи аҳолининг ижтимоий муаммоларини ўрганди. 12 кишини ўйлантираётган масалаларга ечим изланди.

Марказий шифохона ҳудудий бўлимида ўтказилган чуқурлаштирилган тиббий кўрик эса кўпчиликни бефарқ қолдирмади. Вилоят марказидаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларидан бу ерга келган кардиолог, офтальмолог, травматолог, жарроҳ, педиатр, фтизиатр, пульмонолог, дерматолог ва бошқа тор соҳа мутахассислари икки юз нафардан зиёд кишини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди. Шунингдек, тиббий тадбирга маммография, флюорография, мобиль офтальмологик қурилмалар олиб келинганлиги текширувлар самарадорлигини ошириш имконини берди.

– Дарҳақиқат, тажрибали шифокорлар гуруҳи кун давомида изчил фаолият кўрсатди, – дейди вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Дилором Маматхонова. – Таниқли мутахассислар томонидан ва замонавий аппаратлар воситасида 233 нафар фуқаронинг саломатлиги ҳолати ўрганилди. Касаллик аниқланган 102 нафар бемор энди амбулатор, 4 киши туман ва вилоят шифохоналарида соғломлаштирилади.