Йиғилишни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов бошқарди. Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Абдулҳоди Иминов ВССБ бош мутахасислари томонидан ўтказилган мониторинг асосида туманда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг ҳолатини таҳлил этди.
Бошқарма бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Матлуба Жамилованинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги қарори ижросига бағишланган маърузаси ҳам эшитилди.
Туманда аҳолига кўрсатилаётган онкологик хизмат тўғрисида вилоят онкология диспансери бош врачи Муяссархон Эргашева ахборот берди. Унинг таъкидлашича, бу соҳадаги фаолиятни ҳам янада яхшилаш даркор.
Кенгайтирилган йиғилишда туман тиббиётидаги ижобий ўзгаришлар ҳам эътироф этилди. Шунингдек, хизмат кўрсатиш даражасини янада юксалтиришга тўғаноқ бўлаётган айрим муаммоларни зудлик билан ҳал этиш муҳимлигига эътибор қаратилди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.