Аслиддин РАҲМОНОВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси қурилиш-таъмирлаш ва эксплуатация ишларини ташкиллаш бўлими бошлиғи
Кўчат экиш, боғ яратиш халқимизнинг қадимий эзгу амалларидан. Битта дарахт йилига 30 килограммгача оксиген ишлаб чиқаради. Бир гектар ердагисининг кўрсаткичи 5,2 тоннани ташкил этади. Оксигеннинг иқтисодий қиймати ҳам аҳамиятга молик. Япония олимлари ҳисоб-китобига кўра, бир метр-квадрат ҳажмдаги дарахт барги бир кеча-кундузда ишлаб чиқарган 5 килограмм шундай модда бир доллар баҳоланган. Кунига 140 килограмм оксиген ишлаб чиқарадиган беш яшар дарахтнинг йил бўйи ҳадя этадиган ҳаёт нафаси 10 минг долларга тенг бўлган.
Манбаларда таъкидланишича, дарахтлар жонли мавжудотларнинг хилма-хиллигини сақлашда ҳам муҳим роль ўйнайди. Биргина турдаги дарахт йўқ бўлса, 30 дан ортиқ ҳайвон турлари йўқолиб кетади. Илдизлари ерни эрозиядан сақлайди, сувни фильтрлаб, сифатини яхшилайди. Иссиқ-совуқдан, қум-тупроқ зарралари ҳавога тарқалишидан асрайди. Дарахт сув буғи ажратиш орқали об-ҳаводаги кескин ўзгарувчанликни мўътадиллаштиради. Бу Марказий Осиё иқлим шароитида жуда зарур ва фойдали хусусиятдир. Яна бир афзаллиги шовқинларни ютиб, сокинлик бахш этади.
Ер атмосферасида миллионлаб тонна зарарли газлар тобора кўпайиб бораётган экан, бу экологик хавфдан инсониятни дарахтлар, яшил маконларгина қутқариши мумкин. Шу боис "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасининг ҳар бир мавсуми мамлакат миқёсида уюшқоқлик ва чуқур масъулият билан ўтказиляпти. Бу жараёнда вилоят соғлиқни сақлаш тизими жамоалари ҳам бир ёқадан бош чиқарган ҳолда кўтаринки руҳ билан қатнашмоқдалар.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан жорий этилган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасининг 2023 йил кузги мавсумида вилоят даволаш-профилактика муассасалари ҳудудларига 2800 туп мевали, 5800 туп манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Шунингдек, 18 минг дона бута ниҳоллари, 55000 дона терак қаламчалари ҳудудларидаги иқлим, тупроқ таркибига қараб, агротехник қоидалар асосида экилди. Уларни вақтида суғориш, ўғитлаш бўйича масъуллар тайинланди.
"Яшил макон" лойиҳасининг 2024 йил баҳорги мавсумига режалар ишлаб чиқилди, чора-тадбирлар белгиланган. Дарахт, гул ва бута ниҳоллари ўтқазиш учун шифохоналарнинг ички ва ташқи ҳудудлари, кўча қирғоқлари, ариқ бўйларидан 2600 квадрат-метр ер тайёрлаб қўйилди. Бу жойларга 600 туп мевали, 600 туп манзарали дарахт, 1800 туп турли навдаги бута кўчатлари ўтқазилади. Қаламча тажрибасини давом эттириб, минг дона терак новдалари экилади. Бу экиш мавсумида қилинадиган ишлар. Аммо "Яшил макон" умуммиллий ҳаракати бирор кун тўхтамайди. Яъни, ҳар бир ниҳолнинг униб-ўсиши биринчи раҳбарлар назоратида бўлади, биркитилган жавобгар шахслар йил давомида парваришни таъминлайди.
Бу тизимимиз ходимларининг "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасидаги фаоллик орқали дастлабки профилактиканинг асоси бўлмиш қулай атроф-муҳит яратиш, экологияни яхшилашга муносиб ҳиссаларидир.
Муҳаммаджон ОБИЛОВ ёзиб олди.