"Сайҳун суйининг шимолий тарафидаги қасабалар: бир(и) Ахсидур. Китобларда Ахсикат битурлар. Нечукким, Асириддин шоирни Асириддин Ахсикатий дерлар. Фарғонада Андижондин сўнгра мундин улуғроқ қасаба йўқтур. Андижондин ғарб сори тўққуз йиғоч йўлдур. Умаршайх Мирзо муни пойтахт қилиб эди, Сайҳун дарёси қўрғоннинг остидин оқар..." "Бобурнома"даги бу сатрларни ўқиб, беихтиёр кўз ўнгимизда ҳозирги Тўрақўрғон туманидаги Ахси хаёлимиздан ўтади. Бобур – Ахси фарзанди, Фарғона вилояти ҳокими Умаршайх Мирзонинг тахт вориси эди. Афсуски, тақдир унга ота юртида ҳукмронлик қилишни раво кўрмаган. Аксинча, неча йиллар сарсону саргардонликдан сўнг Ҳинд сари юзланиб, у ерда давлат қурган, бобурийлар сулоласига асос солган. Айни вақтда "Вақоеъ" ҳамда "Девон"и билан насру назмда дунёга машҳурлик касб этган.

Намангандаги "Маънавият маскани"да шоҳ ва шоир таваллудининг 541 йиллигига бағишланган илмий-амалий конференция уюштирилди. Уни "Ахсикент" халқаро илмий-тад­қиқот жамоат бирлашмаси ташкиллади.

Анжуман вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича котибияти мудири Фахриддин Йўлдошевнинг кириш нутқи билан очилди. Сўнгра вилоят "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мусохон Оппоқовлар сўзга чиқишиб, Ахси фарзанди – Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва фаолиятининг ибратли жиҳатларига йиғилганлар эътиборини қаратдилар.

Професссор Мирмаҳмуд Мирсайдуллаевнинг жамоат бирлашмаси фаолияти юзасидан 2023 йилги ҳисобот марузаси ҳам тингланди.

Илмий-амалий анжуманга халқаро Турон фанлар академияси Президенти Ҳайдарбек Бобобеков, вице-президентлари, профессор Раҳмонали Ҳасанов ҳамда Амир Худойбердилар ҳам ташриф буюришди. Улар томонидан Мирмаҳмуд Мирсайдуллаевга тарих фанлари доктори илмий даражаси берилгани тўғрисидаги Диплом, академик-мусаввир Алижон Турдалиевга 70 ёшга тўлиши муносабати билан Ташаккур ёрлиғи тантанали топширилди.

Анжуманда филология фанлари доктори, профессор Неъматулла Отажонов "Бобурнома" – Иккинчи ренессанс марвариди", тарих фанлари номзоди, доцент Тоҳиржон Қозоқов "Ахси номи билан боғлиқ топонимлар" мавзуидаги маърузалари билан чиқишди. Баҳс ва мунозаралар баъзи муаммоли масалаларга анада аниқлик киритди. Тадбир сўнггида Тошкентдан ташриф буюрган муҳтарам меҳмонларга вилоят ҳокимлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимининг эсдалик совғалари тантанали топширилди.