Шарафли касбини эъзозлаётган тиббиёт ходимлари аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш каби вазифаларни сидқидилдан адо этмоқдалар. Жумладан, Янгиқўрғон туманидаги Қайроқи қишлоғи вилоят марказидан юз чақирим нарида жойлашган. Бу ердаги оила шифокорлик пункти чегара ҳудудидаги 3 минг нафардан зиёд кишининг соғлом турмуш кечиришини таъминлашга масъулдир.

Яқинда мазкур бирламчи тиббий-санитария муассасасига вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармасининг туҳфаси – компьютер жамланмаси топширилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Лайло Аҳмедова, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Илҳомжон Тожибоев, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиевлар иштирок этишди. Мулоқот чоғида соҳада кечаётган ислоҳотлар, тизим ишини янги босқичга кўтариш ва одамларни тиббиётдан рози қилиш борасида саломатлик посбонлари олдида турган вазифалар хусусида фикр юритилди.

– Кўрсатилган эътибордан мамнунмиз. Қишлоқ аҳли саломатлигини янада мустақкамлаш, касалликлар профилактикаси самарадорлигини ва маҳалламиз аҳлининг тиббий саводхонлигини оширишга эътиборни кучайтирамиз, – дейди оила шифокори Муяссар Жўраева.

Айни кунларда Қайроқи оила шифокорлик пункти жамоаси фаолият натижадорлигини таъминлаш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Ҳолида Қодирова, Гулёра Қурбонова каби амалиётчи, Умида Абдусолиева, Дилдора Иброҳимжонова сингари патронаж ва муолажа ҳамширалари бу борада ҳамкасб­ларига ўрнакдирлар.