Абдулҳоди ИМИНОВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи
Шу йил 5 февралда Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ижтимоий соҳадаги устувор вазифалар муҳокама этилиб, соғлиқни сақлашдаги ҳозирги ҳолатга ҳам танқидий-таҳлилий баҳо берилди. Мавжуд аҳволдан келиб чиқиб, долзарб вазифаларга барчанинг диққат-эътибори қаратилди.
Аввало, бирламчи тиббиёт тизимини аҳолимиз талабига мослаштириш ишлари изчиллигини таъминлаш ғоят муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Тиббиёт бригадаларини шифокорлар билан тўлиқ тўлдириш, тўлиқ ставкада ишлайдиган ҳамшираларни кўпайтириш зарурлиги уқтирилди.
Айни маҳалда ишга эскича қарашлардан бутунлай воз кечишимиз керак. Йиғилишда вилоят ва туманларда профилактика ўрнига "Одамлар қачон касал бўлса, шунда даволаймиз" деб ўтиришдек номақбул одат танқид қилинди. Айтилишича, эндиликда хавф гуруҳига кирувчи аҳолини юрак-қон томир, онкологик ва эндокрин касалликлари скринингидан ўтказиш тизими ўзгартирилади. Бунга бевосита республика кардиология, эндокринология ва онкология марказларининг жавоб бериши белгилаб қўйилди. Онкология бўйича ҳар бир эрта аниқланган ҳолат учун тиббиёт бригадаларига мукофот бериш жорий қилиниши, айниқса, аҳамиятлидир. Бу тажриба 2023 йилнинг 1 майидан Қашқадарёда бошланса-да, келгуси йили бизнинг ҳудудимизда ҳам қўлланилади.
Йиғилишда Президентимиз оналар ва гўдаклар ўлимининг олдини олиш масаласида "Ҳар бир она ва бола ўлими "фавқулодда ҳолат" деб баҳоланади ва сўров шунга ячраша бўлади", дея огоҳлантирди. Демак, бу борада имкони борича ижобий кўрсаткичларни таъминлашимиз шарт. Бунинг учун хориждан мутахассисларни олиб келиб, энг аввало, она ва гўдак ўлими юқори бўлган 20 та туман ва шаҳардаги тиббиёт ходимларини ўқитиш вазифаси топширилди.
Бундан буён "Хавф гуруҳи"га кирган ҳомиладор ва туғруқ ёшидаги аёллар билан ишлаш проктоколи янгиланади. Тиббиёт бригадаларидаги дояларни илғор тажриба асосида репродуктив саломатлик ва ҳомиладорлар парвариши бўйича ўқитилиши ташкилланади.
Йиғилишда дори-дармон таъминоти ва фармацевтика бозорининг бугунги манзарасига танқидий нуқтаи назардан одилона баҳо берилди. Хусусан, хорижий маҳсулотларни сотиб олишга ружў қўйиш оқибатида бу бозорда маҳаллий маҳсулотларимизнинг пул қийматидаги улуши 20 фоиздан ошмаётгани рўйи рост айтилди. Очиғи, ўзимиздаги ишлаб чиқариш бинт, спирт, анальгин ва цитрамондан нарига ўтмаётгани ачинарли эмасми?! Аслида ўзимизнинг дори-дармонлар ҳам хорижникидан қолишмайдиган даражада тайёрлана бошланди-ю, ҳали ҳозир халқимиз ўртасидаги эскича қарашлар давом этмоқда. Бунда врачларимизнинг ҳам айби йўқ эмас. Улар томонидан "Протоколларга амал қилмасдан "пул ишлаш" учун фарм-компаниялар фойдасига рецепт ёзиляпти. Бундан халқимизнинг соғлиги ҳам, чўнтаги ҳам зарар кўряпти" деди Президентимиз.
Агар Юртбошимизнинг бу сўзлари маъно-моҳияти чуқур англаб етилса, айрим тиббиёт ходимлари ватанпарварлик ва халқпарварлик туйғусини унутиб қўйишмоқда. Эндиликда мазкур масалада кескин ва ижобий ўзгаришлар ясашимиз зарурдир.
Юртимиз шифобахш ўсимликларга бой. Фақат ундан оқилона фойдаланишга ўрганилмаган, холос. Поликлиника ва шифохоналаримизда табобат хоналари ва фитобарлар фаолиятини йўлга қўйиш фойдадан холи эмас. Масалага тўғри ечим топиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг Лойиҳа офисига хорижий экспертларни жалб қилиб, 300 та клиник протокол ва стандартларни халқаро низомларга мослаштириш вазифаси топширилгани айни муддао бўлди, деб ҳисоблаймиз.
Эндиликда видеоселекторда кўрсатилган аниқ ва муҳим вазифалар қаторида оилавий шифокорларга касаллиги енгил бўлган беморларни дори билан эмас, иммунитетини кўтарадиган тиббиёт воситалари, жисмоний машқ ва фитотерпия билан даволашни ўргатиб борамиз.
Рақамлаштириш йўналишида бошлаган ишларимизни муваффақиятли давом эттиришимиз лозим. Йиғилишда "Электрон поликлиника", "Электрон шифохона" ва "Электрон тиббий карта" тизимларини ишга тушириш кафолатган пакетга кирган дориларни электрон рецепт асосида беришни йўла қўйиш вазифалари топширилди.
Ислоҳотлар – ижро билан ҳаловатли ҳаётимизни таъминлайди. Шундай экан, уларни тўлақонли амалга оиширишга барчамиз доимо бирдай масъулмиз. Юртимизнинг куч-қудрати – халқимиз саломатлигига ҳар жиҳатдан боғлиқлигини ҳамиша теран ҳис қилиб, йиғилишдаги юксак талабларга мувофиқ фаолият олиб борамиз.