– дейди суҳбатдошимиз – Наманган тумани тиббиёт
бирлашмаси бошлиғи Дилмурод Қодиров
Мана, янги йилнинг иккинчи ойини ҳам бошладик. Ҳозир ўтаётган ҳар кун – йилга татийди, десак асло муболаға эмас. Чунки режаларга аниқлик киритилиб, кўзланган ҳар бир мақсадга тез ва изчил етишга зарур замин яратилади. Шунинг учун вилоятдаги барча тиббиёт бирлашмалари томонидан бошланган хатлов кун сайин қизғин тусга кирмоқда. Бугунги суҳбатимизда ҳам асосан мазкур масалага эътибор қаратдик.
– Дилмурод Азимович, даставвал туман тиббиёт бирлашмаси структураси-ю кадрлар таркиби билан таништирсангиз?
– Аҳоли учун кўп тармоқли марказий поликлиника, 6 та оилавий шифокорлик пункти, 5 та оилавий поликника, марказий шифохона жамоалари кеча-кундуз хизматга шай. Уларда 146 нафар врач ҳамда 980 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият юритмоқда. Шароитлар соз, эътирозлар оз. Беморлардан кўпроқ эътирофу олқишлар эшитилмоқда, Ахир, мавжуд муаммоларни бирин-кетин ижобий ҳал этиб бормоқдамиз.
– Якунланган 2023 йилда эътиборга лойиқ нималарни мамнуният билан тилга олишингиз мумкин?
– Президентимиз тиббий ислоҳотлар ва унинг самараларини доимий назоратда тутаётганликлари туфайли қарор ва фармонлар ижроси борган сайин яхшиланмоқда. Ўз вазифасини ҳалол ва фаол бажараётган соҳамиз илғорлари давлатимизнинг орден-медалларига сазоворланишяпти. Вазирликнинг "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонига муносиб кўрилмоқда. Боиси, улар ёруғ ва шинам хоналарда ўтиришиб, энг замонавий тиббий аппаратлар, асбоб-анжомлардан моҳирона фойдаланишмоқда. Сўнгги пайтда оилавий поликлиникалардаги янги стоматологик жиҳозлар, хирургик, гинекологик тўпламлар, офтальмоскоп, отоскоп кабиларни янгиладик.
Ходимларимизга тафовутли иш ҳақи тўланишининг йўлга қўйилиши ўзига хос соф рақобат ва мусобақа муҳитини вужудга келтирди. Илғорларга 50, 75, ҳатто 100 фоизли устамалар берилмоқда. Буни кўриб-билиб турган ёнидаги мутахассислар ҳам астойдил ҳаракатга тушишяпти. Ахир, уларнинг зиммасига юклатилган вазифалар ўта мураккаб эмас. Кўпчиликда "Мен ҳам фаолроқ ишласам, ёнимдагилар каби устама оламан-ку" деган ўй-иштиёқ кучаймоқда. Натижада аҳолига тиббий хизмат сифати тобора юқорилаяпти.
– Энди ҳозирги хатлов ҳақида фикр юритсангиз. Бу тадбир нима учун зарур?
– Очиғини айтганда, одамлар орасида ҳали ҳануз ўз соғлиги тўғрисида етарли даражада қайғурмайдиганлар топилади. Ҳатто касали бўлсаям, "Дўхтирга эрта-индин учрарман" деган хаёл билан дарднинг танасида илдиз отишига имкон яратиб қўядиган бепарволар ҳамон учрайди. Бизнинг ниятимиз касалликларни қаритмасдан, эрта аниқлаш, вақтида ортга чекинтириш ва бутунлай бартараф этишга эришишдир. Бунинг учун аниқ "Ҳаракат харитаси"га эга бўлишимиз шарт. Яъни қайси маҳаллада, қайси хонадонда қандай касаликка мойил кишилар яшаши, уларнинг ёши, ирсий муаммолари ҳақидаги муҳим маълумотлар қўлимизда туриши керак. Ҳар бир эркагу аёлга, ўғилу қизга шахсий тиббий карта очиш вазифасини зиммамизга олганмиз. Тўғри, булар аввал ҳам бўлган. Хатловда эса янгилаб, қўшимчалар киритиб, янада аниқлаштириб оламиз. Зарур маълумотларни қайдлаб чиқамиз.
Аслида хатлов муддати 50 кунга бегиланган. Биз буни чўзиб ўтирмаймиз. Қанча тез якунласак, ўзимиз учун шунча фойдали, албатта. Мутасадди ва мутахассисларимиз бу борада қимматли таклифлар билдиришяпти. Масалан, карталар бирма-бир қатъий рақамлаб борилса, уларни топиш осонлашади. Аҳён-аҳён бўлса ҳам мавжуд каратани қидириб топишдан эриниб, янгисини очиб, беморни қабул қилишдек салбий ҳолатга ҳам чек қўйилади. Эскисидаги муҳим маълумотлар, мурожаат этувчининг касаллик тарихидан бехабар яна муолажа буюриш кутилган самаралар бермаслигини асло унутмаслигимиз лозим.
Айни маҳалдаги хатловда аҳолини қуйидаги 4 гуруҳга ажратиб оляпмиз:
1. Соғломлар.
2. Спорт билан мунтазам шуғулланувчилар.
3. Сурункали касали борлар.
4. Ногирон ва уйда ётиб қолганлар.
Яқинда тўла манзара намоён бўлади. Шунга асосланиб, аҳолини соғломлаштириш чора-тадбирларини кўрамиз.
– Ҳозирда даволашнинг қандай янги усулларини қўллашни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайсиз?
– Яшириб нима қиламиз, бизда стационар, яъни касалхонада ётиб даволанишга одатланган бир тоифа одамлар борки, улар шунга мажбурлар. Очиқроқ айтганда, ногиронлиги бўлган шахслар, қайта тиббий экспертиза комиссиясидан ўтишга ҳар йили талаб қилинадиган ҳужжатлар йиғиш учун гарчи қатнаб муолажа олишлари мумкин бўлсаям, атайлаб ётиб, беморлар ўрнини банд қилишади. Бу – давлатга ҳам қимматга тушади. Шуни ҳисобга олиб, жорий йилдан хастаҳолларни кундузги амбулатор ҳамда уй шароитида ётиб даволанишига эътиборни оширамиз. Беморга ҳам, оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларининг врачу ҳамшираларига ҳам масъулият кучайтирилади. Иш таъминоти тўкис бўлади. Аҳолининг уйларида ҳам соғлом турмуш тарзи тарғиботию, соғломлаштириш муолажалари бирга олиб борилади. Ўйлаймизки, бунинг ижобий натижалари кўпчиликни хурсанд қилади.
– Эшитдикки, ўтган ҳафта оилавий шифокорлик пунктлари яна биттага кўпайибди.
– Худди шундай, 2017 йилда "Узунқишлоқ"даги шифокорлик пункти тугатилган эди. Эндиликда аҳоли сонининг ортиши, тиббий хизматни халққа тобора яқинлаштириш тақозоси туфайли Курмак оилавий шифокорлик пунктини очиш зарурати туғилган эди. Илгариги эски биносида жойлашган силга қарши кураш диспансери бошқа ҳудудга кўчирилди. Таъмирлаш ишлари якунлангач, 550 хонадондаги 3,5 минг аҳолига ҳар жиҳатдан қулайлик яратилди. Бу ерда "Обод қишлоқ" дастури доирасидаги ишлар яна давом эттирилмоқда. Тиббий кўрик ўтказиш, уйда ётиб даволаниш, 8 та номинация бўйича соғлом турмуш тарзини шакллантириш рейтинги йўлга қўйилди. Буларнинг барчаси халқимизга ғоят манзур тушмоқда.
Хуллас – хатлов ҳаммани ҳаракатга солади. Туманимизнинг қайси маҳалласига борманг, тиббий бригада вакиллари кўчама-кўча, хонадонма-хонадон юрганларини кўрасиз. Улар эл соғлиги учун фойдали энг муҳим савол-жавоб, ўлчов ва кўриклар ўтказиб, зарур аниқ маълумотларни ҳар бир кишининг тиббий картасига туширадилар. Бу борада кундан-кунга юксак уюшқоқлик кўрсатилмоқда.
– Жуда соз! Биз ҳам сизнинг раҳбарлигингизда олиб борилаётган ибратли ишларга барқарорлик ва бардавомлик тилаб қоламиз.
Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.