Давлат тиббий суғурта тизимини жорий этишнинг энг муҳим шартларидан бири бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини рақамлаштиришдир. Ана шу талабларга кўра вилоятдаги тиббиёт бирлашмаларига локал тармоқлар тортилиб, юқори тезликдаги интернет билан таъминланди.
2022-2023 йилларда вилоятдаги 187 та шифохона ва тиббиёт муассасаси учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 900 донадан ортиқ компьютер жамланмаси харид қилинди. Мавжуд 93 та оила шифокорлик пункти, 80 та оилавий поликлиника, 14 та кўп тармоқли марказий поликлиника электрон тизим орқали кунига 23 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Рақамлаштириш йўлга қўйилгани сабаб навбат кутишлар ва ортиқча асаб бузарликларга чек қўйилмоқда. Электрон тизимдаги маълумотлар асосида ҳисоботларнинг автоматик тарзда шаклланиши тиббиёт ходимларининг ҳам вақтини тежамоқда.
Ҳозирда вилоятдаги кўп тармоқли марказий ва оилавий поликлиникалар, оилавий шифокорлик пунктларида 1488 та тиббиёт бригадаси шакллантирилди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида 679 та шифокор олди кўрув хоналари ташкил этилиб, улар тарози, бўй ўлчагич мосламаси, тонометр, фонендоскоп, ЭКГ, пульсоксиметр каби зарур жиҳозлар билан таъминланди. Мазкур муассасаларда 1423 ўринли кундузги шифохоналар ташкил этилди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси кадрларни ишга қабул қилишда hrm.argos.uz тизимига интеграциялашди. 14 та шаҳар ва туман ҳамда 20 дан зиёд вилоят даволаш-профилактика муассасалари "Э-КАДР" тармоғига бирлаштирилди. Тиббиёт муассасаларидаги ходимлар ҳисобини юритиш ва бир неча шаклдаги ҳисоботларни электрон вариантда олиниши тежамкорлик, тезкорлик ва шаффофликни таъминламоқда. Вилоят даволаш-профилактика муассасалари, 1 та шаҳар, 13 та туман тиббиёт бирлашмалари edo.ijro.uz электрон ҳужжат алмашиш усулидан фойдаланмоқда. Бу ўз навбатида, тиббий ҳужжатларни муассасалар ўртасида имзолаш ёки кўриб бериш мақсадида юзага келадиган ортиқча оворагарчиликларга чек қўймоқда.
Бундан ташқари, "Электрон поликлиника"нинг "Medhub" тизими орқали 2 миллион 743 минг 510 нафар аҳоли, жумладан, 531 минг 328 нафар туғиш ёшидаги аёлларнинг маълумотлар базаси яратилди.
Давлат тиббий суғуртаси тизимига тайёргарлик жараёнида вилоятда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, "DOCTOR VISION" МЧЖ билан шартномалар имзоланган. 2023 йилда Давлат тиббий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан 5 миллиард 341 миллион сўм маблағ ҳисобига 506 нафар имтиёзли тоифадаги беморлар даволанди.
Имтиёзли гуруҳга кирувчи беморларнинг республика шифохоналарида даволанишлари учун электрон йўлланмалар асосида навбатлар йўлга қўйилиши аҳолига манзур бўлмоқда. Натижада беморлар яшаш жойларидаги тиббиёт муассасаларидан электрон навбат олиши, давлат муассасалари ёки давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган хусусий тиббиёт муассасаларини танлаши ва даволаниши мумкин.
Жорий йилда шифохонага мурожаатлар ва қатновларга оид маълумотлар, тор соҳа мутахассисларига мурожаатлар, диагностика-лаборатор таҳлил натижаларини электрон тарзда қайд этишга тўлақонли ўтилади. Тиббий бригадалар фаолияти самарадорлигини ошириш, ортиқча қоғозбозликларни камайтириш мақсадида оилавий шифокор, амалиётчи ва патронаж ҳамширалари, доялар фаолияти натижаларини баҳолашнинг электрон мониторинги юритилади.
Шу кунларда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси реимбурсация дастурини Сирдарё вилояти ва Тошкент шаҳрида ишга туширмоқда. Шу мақсадда дорихоналар рўйхати шакллантирилмоқда. Диспансер ҳисобида турувчи гипертония, юрак ишемик касаллиги, қандли диабетнинг иккинчи тури, бронхиал астма, ўпканинг сурункали обструктив касалликлари аниқланган беморларнинг электрон рўйхати тузилиб, даволш учун сарфланадиган тахминий маблағлар ўрганилмоқда.
Мухторжон ЖЎРАБОЕВ,
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳудудий бош мутахассиси.