Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасида вилоят семинари бўлиб ўтди. Унда барча туманлардан келган шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 16 майдаги «Аҳолига наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-244-сонли Қарори ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар билан атрофлича танишдилар.

Дастлаб сўз олган Жамолхон Шералиев йиғилганларга тиббиётнинг ушбу йўналишида қўлга киритилган ютуқлар, эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар ҳақида қисқача гапириб, галдаги вазифаларга тўхталди. Семинар мобайнида меҳмонлар ўзаро тажриба алмашдилар, меъёрий ҳужжатлар юритилишини ўргандилар, беморларга онлайн консультация беришни йўлга қўйиш борасидаги ўз мулоҳазаларини билдирдилар.

Маълумки, тумандаги алкоголь, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш туманлараро пункти фаолият бошлаганига бир йилдан ортди.

– Вилоятдаги худди шундай масканлар орасида врач-нарколог Абдулҳамид Наврўзов раҳбарлигидаги туман пунктида энг намунали иш ташкиллангани учун илк анжуманни Тўрақўрғонда ўтказяпмиз, – деди биз билан суҳбатда вилоят наркология диспансери бош врачи Отабек Тошпўлатов.

Унинг айтишича, худди шундай пунктлар очилгани ҳисобига жиноятчилик ўтган йилгига нисбатан сезиларли равишда камайган.

Назокат БАҲОДИРОВА.