Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши ўртасида тузилган ҳудудий жамоа келишувининг 2023 йилдаги ижроси, кейинги уч йиллик келишув лойиҳасини муҳокама этиш ва тасдиқлашга бағишланган конференция ўтказилди. Унда даволаш-профилактика жамоалари бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари, ғазначилари, кадр­лар бўйича мутахассислар иштирок этишди.

Дастлаб Кенгаш раиси Аббосхон Мамадалиев, иш берувчи вакили – вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Васила Тожи­боеванинг ҳисоботлари тингланди. Таъкидланганидек, Келишувга биноан, ҳисобот даврида 2181 нафар тиббиёт ходимининг 2 миллиард 67,5 миллион сўм ҳақлари ундириб берилди. 18,5 мингга яқин тармоқ касаба уюшмаси аъзосидан тушган меҳнат муҳофазаси, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ҳимоя, сиҳатгоҳ, болалар оромгоҳларига йўлланма, моддий ёрдам ва бошқа масалаларга оид мурожаатлардан 11 минг 233 таси ўрнида қаноатлантирилди. Қолганларини тегишли муддатларда ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Тизимдаги ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва санаторийларда саломатликларини мустаҳкамлаш мақсадида режадаги 206 ўрнига 556 нафар кишига 1 миллиард 981 миллион 598 минг сўмлик имтиёзли йўлланмалар ажратилди. 40 нафар шифокор ижтимоий суғуртанинг 170 миллион сўм маблағи ҳисобидан соғломлаштирилди.

"Аёлни эъзозлаш – эзгулик ва адолат мезони", "Барча ҳаракатларимиз – инсон қадри учун!" лойиҳалари доирасида бир неча юз касбдош опа-сингилларимиз, мингдан ортиқ фахрийларга иззат-икром, 140 нафар вафот этган тиб­биёт ходимлари оилаларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.

Шифокорларнинг 1115 нафар фарзандлари ёзги оромгоҳларда имтиёз асосида дам олишга жалб этилди. Эҳтиёжманд оилаларнинг 120 нафар ўғил-қизи бепул йўлланмалар билан таъминланди.

Конференция иштирокчилари аввалдан тақдим этилган кейинги уч йиллик ҳудудий жамоа Келишувида янги таклиф-мулоҳазаларигача ўрин олганлигини таъкидладилар ва бир овоздан тасдиқладилар.

 

* * *

Шу куннинг ўзида вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг иш берувчилари ҳамда касаба уюшма қўмиталари ўртасида тузилган жамоа шартномасининг 2023 йилда бажарилиши ҳамда 2024 йил учун қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тартибига бағишланган ўқув семинари ҳам ўтказилди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг вилоят бўйича меҳнат-ҳуқуқ инспектори Абдурашид Ражабов мазкур жараённи амалга ошириш йўл-йўриқларини баён қилди.