Яқин яқингача бундай ҳайратомуз операциялар Ҳиндистон ёки Россия давлатларида амалга оширилар эди. Ниҳоят, мамлакатимиз пойтахти – Тошкентда ва Наманганда ҳам ўзлаштирилди. Бу – Ўзбекистонимизда тиббиётнинг ривожи жаҳон андозалари даражасига кўтарилаётгани шарофати, Ибн Сино издошлари бўлмиш шифокорларимизнинг ҳозирги авлоди оламшумул янгиликларни инсон ҳаётини узайтириш учун дадил қўллашга қодирликлари нишонаси, албатта. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали жамоаси юқори технологик операциялар ўтказишда байроқдор бўлишаётганини аввалдан яхши биламиз. Яқинда яна бир ўта мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли уддаланди. Операция столига икки киши – бири буйраклари яроқсизлигидан ҳолдан тояётган бемор қиз, бири ўз синглисини яшашга умидсизликдан қутқаришга жазм этган соғ­лом ака ётқизилди. Бошқача айтганда, сингил – бемор, ака – донор.

– Операция жараёни икки ярим соат давом этди, – дейди юрак-қон томир жарроҳлиги бўлими мудири Абдусалом Хўжамбердиев. – Устозимиз, профессор Фазлиддин Шамсиддиновдан бу гал тўртинчи бор "маҳорат дарси"ни олдик. Ёрдамлашиб кўзимиз пишди, малака уқувимиз мустаҳкамланди.

Дарҳақиқат, инсон танаси аъзолари трансплантацияси ҳазилакам иш эмас. Бир йўла икки томонлама тиғ билан ишланади. Ҳар сония ғанимат, ҳар бир жараён нозикдан нозик. Салгина хато бутун ҳаракатни чиппакка чиқариши мумкин. Шу боис, хирургдан ниҳоятда юксак масъулият талаб этилади.

Биз ўтган ҳафта вилоят кардиология марказида бўлдик. 3-палатага кириб борганимизда ака-сингилнинг ташвишлари ортга чекиниб, юз-кўзларига табассум қайтаётганини кўрдик.

– Ёшим йигирма олтида, салкам уч йилдан буён буйрак етишмовчилиги хасталигидан қийналдим. Гемодиализ аппаратига куним қолганди. Қонимни тозалаб қайта қуйишгач, дастлаб бир ой, кейин икки ҳафта, охири икки кунда бир гемодиализга қатнашимга тўғри келди. Жуда-жуда қийналдим. Наманганда, Тошкентга борганимда Чирчиқда муолажага ётишдан ғоят азият чекдим. Худога минг қатла шукур, мен ҳам соғлом буйракли бўлдим. Бунинг учун меҳрибон акажонимдан, мўъжизакор шифокорлардан бир умрга миннатдорман, – деди Зуҳрахон Қамбарова.

– Синглимнинг соғлом ранги-рўйини, ҳаётга умид билан боқишини кўриш мен учун катта бахт, – деди 39 ёшли Анасхон Мамажонов. – Президентимиз раҳнамоликларида эл саломатлигини сақлашга нақадар катта эътибор берилаётгани туфайли бизнинг оиламизга ҳам қувончу шодлик қайтди. Шундай инсонпарвар давлатда яшаётганимиздан жуда-жуда фахр­ланиб кетдим. Озод ва обод ватанимизга асло кўз тегмасин!

Инсон тана аъзоларини кўчириб ўтқазиш ўта мураккаб жараён. Аввало, беморни операцияга тайёрлаш учун қариндош донор топилиш шарт. Сўнгра 80-90 хил таҳлиллар зарур. Ҳаммаси муваффақиятли якунланишида жарроҳнинг тажриба, малака ва маҳорати ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Буйрак – фильтр, яъни қонни тозалаб берувчи аъзо ҳисобланади. У ишдан чиқса, ҳаётбахш қонимиз яроқсиз ҳолда ҳаракатланади. Умр чироғи сўниши беинкор ҳақиқат. Демак, буйракни кўчириб ўтқазиш – беморга иккинчи ҳаёт туҳфа этиш билан баббаробар. Шундай экан, сўнгги нажотни кутаётган хастаҳолнинг умрини узайтираётган моҳир шифокорлар ҳар қанча олқишларга муносибдирлар.

Содиқ САЙҲУН.