Истиқлол йилларида мамлакатимиз аҳолиси муттасил кўпайиши билан бирга уларнинг тиббий хизматга талаби ҳам тобора ортиб бормоқда. Албатта, бу эҳтиёжни қондириш учун давлат муассасалари шароити яхшиланмоқда, фаолияти такомиллаштирилмоқда. Айни вақтда нодавлат тиббиёт ташкилотлари ҳам бетўхтов ривожлантирилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги "Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитлар яратиш тўғрисида"ги ПҚ-3450-сонли қарори асосида олиб бориляпти.
Қуйидаги рақамлар қарор изчил бажарилаётганини яққол англатади. Вилоятимизда бундан беш йил муқаддам 278 та хусусий диагностика ва даволаш маскани мавжуд эди. Ҳозиргача уларнинг сони 241 тага кўпайиб, 519 тага етди. Улардаги иш ўринлари икки баробарга ошди. Бугунги кунда 5500 нафар саломатлик посбонлари элга хизмат кўрсатишмоқда.
Хусусий сектор муассасаларининг 320 таси амбулатор, 199 таси станционар шароитда беморлар саломатлигини тиклаяпти. Натижада аҳолининг давлат бюджетидан молиялаштириладиган шифохоналарга қатнови 35-40 фоизга камайди.
Якунланган йилнинг ўзидаги ишларимиз ҳам чакки эмас. 31 та янги шифохона очилди. 21 та клиника эса ўз фаолиятини кенгайтирди. Жумладан, Наманган шаҳрида бир йўла 100 нафар беморни қабул қилувчи "LOR AKADEMY MEDIKAL" номли тиббиёт маркази ташкил қилинди. Бу ерда 35 киши иш билан таъминланди. Кўп тармоқли бўлгани, айниқса, аллергология, иммунология, амбулатор диагностика, маслаҳат ва консерватив даволаш, оториноларингология соҳасида фаолият юритиши алоҳида эътиборга лойиқ.
Чортоқ туманидаги 200 ўринли "MUROD-ORZU-MAQSAD" тиббиёт марказида эса 45 та янги иш ўрни яратилди. Бу ерда кўпроқ неврологик, гинекологик, урологик, физиотерапевтик даволаш йўлга қўйилди.
Агар эътибор берган бўлсангиз, хусусий сектордаги поликлиника ва клиникалар давлат муассасаларидек юзлаб хастаҳолларни қабул қилиш ҳамда турли-туман дардларни даволаш бўйича рақобатга чиқиб улгурмоқда. Энди кичик-кичик эмас, катта-катта бинолар қурилиб, улар жаҳон андозаларига мувофиқ жиҳозланиб, энг замонавий тиббиёт аппаратлари ўрнатилиб, ташхислаш, муолажа қилиш, ҳатто юқори технологик амалиётлар ўтказиш ғоят муваффақиятли адо этилмоқда.
Барчага маълум, шу йил 22 январда Президентимиз Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш ислоҳотларини жадаллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. "Ўзбекистон – 2030" стратегиясида аҳоли саломатлигини таъминлашга, тиббиёт сифатини оширишга қаратилган долзарб вазифалар белгилаб берилган бўлиб, уларни ўз вақтида бажариш мақсадида халқаро экспертлар иштирокида таклифлар ҳам ишлаб чиқилади. Уларда хусусий секторга тааллуқли жиҳатлар бир талай. Айниқса, "Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази" лойиҳа офисини ташкиллашга алоҳида эътибор берилган. Бу марказнинг рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини жадаллаштириш, хусусий секторни кенгайтириш, давлат харид-шаффофлигини ошириш, фармацевтика соҳасини ислоҳ қилишга кўмаклашиши айни муддаодир.
Бизнинг "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили"даги режаларимиз янада аниқ ва равшан. 2024 йил давомида 12 та стационар ва 21 та амбулатор хизмати кўрсатувчи янги хусусий тиббиёт муассасалари очилади. Уларда фаолият бошлаётган ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш ва амалга оширадиган эзгу интилишларини ўз вақтида рағбатлантириш доимий диққат-эътиборимизда туради.
Фурқатжон ХОЛМИРЗАЕВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг хусусий сектор ҳамда тиббий туризмни ривожлантириш бўйича бош мутахассиси.