Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июлдаги "Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5198-сонли қарори вилоятимизда изчил ва тўлақонли бажариб келинмоқда. Мазкур ҳужжат ижроси юзасидан амалга оширилган саъй-ҳаракатлар туфайли Поп, Учқўрғон, Янгиқўрғон туманлари тиббиёт бирлашмалари таркибида Туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилди.

– Асосий вазифамиз, – дейди Янгиқўр­ғон маркази раҳбари Раҳимжон Мадраҳимов, – фақат Янгиқўрғон эмас, теварагимиздаги Чортоқ, Косонсой туманларида яшовчи қўшма шикастланишлар ҳамда ўткир қон-томир касалликлари бўйича тиббий ёрдамга муҳтож беморларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тартибда шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишдан иборат. Ҳудудлардаги аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда, шошилинч тиббий ёрдам ва умумий жарроҳлик бўлимлари доирасида 60 та ўрин ажратилди. Марказ 34 турдаги замонавий тиббий техника ва буюмлар билан жиҳозланди.

Мана бу рўйхатга назар ташласангиз, энг чекка ҳудудлар аҳолиси саломатлигини сақлаш учун давлатимиз миллиардлаб сўмлар, миллионлаб долларларни сарфлаганидан кўнглингиз миннатдорлик туй­ғуларига тўлади. Марказ таркибида кардиология, нейрохирургия, неврология, педиатрия, травматология, хирургия бўлимлари мавжуд. Ҳар бир бўлимда ихтисосликка мос тиббий асбоб-ускуна ва буюмлар муҳайё. Жумладан, энг сўнгги русумдаги, юқори аниқликда ишловчи станционар ва кўчма УЗИ, рақамли рентген қурилмаси, беморлар юрак-қон томир тизимини кузатувчи олтита кардиомонитор, жарроҳлик амалиётлари ускуналари, нейрохирургик диагноз ва даволаш асбоблари жамламалари, 9 та кўпфункцияли каравот, 6 та каталка, 6 та махсус аравача бор. Уларнинг ҳаммаси ўта сифатли бўлиб, Жанубий Кореядан келтирилган.

Шу ўринда Германия технологияси асосида Хитой Халқ Республикасининг "МинФаунд" компаниясида ишлаб чиқарилган МСКТ, яъни мульти спирал компьютер томографияга алоҳида тўхталиш жоиз. МСКТ диагностикаси рентген нурлари ёрдамида сканерлаш усулига, сўнгра компьютерда маълумотларни қайта ишлашга асосланган. У ҳатто клиник аломатлар бўлмаган тақдирда ҳам ўпкадаги ўзгаришларни аниқлашда қўл келади. Бу ўз вақтида даволанишни бошлаш ва касалликнинг оғир босқичидан чиқиш имконини беради.

Мазкур ўта ноёб технологияли диагностик тизимни юқори малакали радиолог врач Санжарбек Тўйматов бошқармоқда. Ундан МСКТнинг афзалликлари, роли ҳақида сўрадик.

– Аввало, Президентимизга, вазирлик, бошқарма, ҳокимликларга мингдан-минг раҳмат. Чекка ҳудудларда ҳам ихтисослаштирилган тиббий хизматлар жорий этилиши, туманлараро марказлар ташкил этилиши инсонпарварликнинг беқиёс намунасидир. Биз шифокорлар қўшма шикастланишлар, ўткир қон томир касаллари ва бошқа оғир ҳолларда беморларни вилоят марказига йўллаб, шу ерда даволай олмаганимиздан юрагимиз ачишарди. Марказ ташкил этилиши туфайли ҳар қандай оғир вазиятда ҳам беморни фавқулодда ҳолатдан чиқариш, умрига умр қўшишдек эзгу ҳаракатларимиз қувончли натижалар бермоқда.

Энг зарури – МСКТга эга бўлганимиз даволаш имкониятларимизни тубдан яхшилайди. У бир текширувнинг ўзида уч йўналишда ва ҳар уч йўналиш бўйича врач белгилаган чуқурликкача тасвирий маълумот беради. Бунгача битмаётган ярага дори жўнатиб, қаергача сингиганини билолмасдик. Инсульт геморрогик-қон қуюлишидан ва ишемик-қон томир тўсилишидан содир бўлади. Аммо махсус текширув имкони йўқлигидан инсульт сабаби қай бири эканини билишга соатлаб вақт кетарди. Мазкур аппарат ўткир қон томир касалликлари бўйича барча маълумотларни кўпи билан 5 дақиқада кўрсатиши бу турдаги касалликларни тезкор аниқлаш ва даволашга йўл очади.

Дарҳақиқат, яқингача қўшма шикастланишларда бош, бўйин, кўкрак қафаси, қўл-оёқлар, хуллас, ҳар бир аъзо алоҳида-алоҳида ва бир неча марталаб рент­ген қилинар, меъёрдан ортиқ нурланиш ҳам юзага келарди. Вақт ҳам бой бериларди. Қимматбаҳо рентген плёнкалари сарфи катта муаммога айланарди. МСКТда эса 3 дақиқа ичида бир мартагина текширув ўтказилади ва беморнинг барча қаттиқ, юмшоқ тўқималаридаги шикастланишлар мисқолигача яққол намоён бўлади.

Санжарбек эслашича, неча бор ярим кечада келтириган қўшма шикастланишли беморни эрталабгача аранг сақлаб, тонгда Намангандаги МСКТ бор жойларга йўллашар, овораю сарсонгарчиликлар дард тортаётган одамгина эмас, яқинларини ҳам баттар моддий ва маънавий мушкул аҳволга соларди. Марказ аҳли эндиликда ана шундай машаққатлар ортда қолганидан, юқори технологияли биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш суръати ва сифатини оширишга қодир бўлганликларидан чексиз қувонч туймоқда.

Шу ўринда МСКТ билан диагностика оламида етакчи бўлиб келаётган МРТнинг фарқи ҳақида қисқагина изоҳ. МРТ фақат организмдаги юмшоқ тўқималар касалликларини аниқлайди. МСКТ эса мия, ўпка, суяклар, сийдик-тош каби қаттиқ тўқималардаги хасталик белгиларини ўта тез ва тўлақонли акс эттиради.

Дақиқалар ичида тез ва аниқ диагноз қўйиш, тўғри даво муолажаларини қўллаш – бемор ҳаётини сақлаб қолиш, умрига умр қўшишда катта роль ўйнайди. Ана шу нуқтаи назардан вилоятимизнинг учта туманида ташкил этилган Туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон томир касалликлари марказлари олис ҳудуд аҳолисига замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларни барвақт аниқлаб, даволаш ишлари самарадорлигини янада оширади. Туманлар кесимида ҳам ихтисослаштирилган тиббий хизмат марказларининг ташкил этилиши Янги Ўзбекистон тиббиёт моделининг нечоғлик мукаммал, халқчил ва истиқболли эканидан далолатдир.

Муҳаммаджон ОБИЛОВ,

"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.