"Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун" тамойили боис мамлакатимизнинг чекка ҳудудлари аҳолисини ҳам энг замонавий ташхислаш ва даволаш хизматларидан мунтазам баҳраманд қилиш анъанага айланиши тизим тараққиётини янги босқичга олиб чиқмоқда. Пойтахтдаги ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг юқори малакали мутахассислари тез-тез Наманганда ҳам бўлиб, вилоят, туман шифокорлари билан ўтказаётган тиббий кўрик, ташхислаш, даволашдан иборат маҳорат сабоқлари, қўшма амалиётлари аҳолининг узоғини яқин, оғирини енгил қилиб, касалликларни эрта аниқлаш, барвақт даволаш баробарида маҳаллий шифокорлар малакасини ошириш имконини бермоқда.

Янги йилнинг дастлабки декадасида академик Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг энг малакали врачлари вилоятимизга ташриф буюришди. Улар ўнлаб фуқароларни кўрикдан ўтказдилар, касаллик белгилари аниқланган шахсларга муолажалар белгилашди. Оператив давога муҳтожларда хирургик амалиётлар ўтказилди.

– Мутахассисларимиз пойтахтдаги барча тиббиёт марказлари қатори, бундай хайрли ишларни эндиликда туманларда ҳам амалга оширмоқдалар, – дейди академик Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим бошлиғи Умиджон Муродов. – Бу гал Уйчи туманида бемор болаларни хирургик назоратдан ўтказдик. Кўплаб ўғил-қизлар саломатлиги ўрганилди, касаллик аломатлари аниқланганларга соғломлаштириш чора-тадбирлари белгиланди. Замонавий технологик воситаларнинг мавжудлиги кўрик самарадорлигининг омили бўлди.

Туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида ташкил этилган қабулга 11 ёшли набирасини олиб келган Зулайҳо Исоқовани дилида шукр, тилида раҳмат тошиб турган ҳолда учратдик.

– Қаранг, биз орзу қила-қила етолмай юрган Тошкентдаги энг зўр мутахассислар туманимизга ўзлари келишди-я! – деди онахон. -Боласини кўрсатиш учун пойтахтга бориш-келиш, зарур бўлса, бир неча кун туриш, яна қандайдир қи­йинчиликларни енгиб ўтишга қурби етмай юрган қанча-қанча фуқаронинг елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди. Нуридийдаларимизга ташхислар қўйишди, қаерда даволашимизгача ҳал қилиб беришди. Ҳаммаси бепул ва беминнат. Бунинг учун имкониятлар яратиб берган Президентимизга, тиббиёт мутасаддиларига, шифокорларга чин дилдан раҳмат айтамиз.

Муҳаммаджон ОБИЛОВ,

"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.