Ёшлик – инсон умрининг баҳори. Хоҳ ўғил, хоҳ қиз бўлсин бу паллада юксак орзулар оғушида яшайди. Қалбида меҳру муҳаббат барқ уради, билаклари куч-қувватга тўлади. Шунинг учун шоирларимиз уни мадҳ этишади, улуғлашади. Доимо ёш, навқирон бўлиб қолиш иштиёқида яшашни жўшиб куйлашади. Эркин Воҳидовнинг мамлакат ёшлари овозига айланган мана бу мисралари худди бугун ёзилгандек жаранглайди:
Ёшлигим сен менга берган
Куч, шууринг, ғайратинг
Халқу юртга бахш этолсам,
Шунда мендан рози бўл.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табригида таъкидланганидек:
"Инсон қадрини улуғлаш, аҳолимиз манфаатларини таъминлаш, бунинг учун кучли иқтисодиёт барпо этиш бизнинг асосий вазифамиздир. Шу мақсадда 2024 йилни мамлакатимизда "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили", деб эълон қилдик.
Янги йилда иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулкчилик учун кенг имкониятлар яратишни янада кучайтирамиз. Илм-фан, инновация, IT каби соҳаларни, "яшил" ва рақамли технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз".
Янги йилда тиббиётчилар олдида ҳам ғоят масъулиятли вазифалар турибди. Изчил ислоҳотларда фаол қатнашиб келаётган вилоятимизнинг оқ халатли саломатлик посбонлари яхши биладиларки, соғлом халқ – қудратли давлат, демакдир. Шу жиҳатдан қаралса, Ватан тараққиёти учун астойдил тер тўкаётган каттаю-кичикнинг саломатлигини кеча-кундуз муҳофаза қилиш, турли хасталикларнинг олдини олиш, оғир дард чекаётганларни юқори технологик операциялар билан умрини узайтириш, уларни ҳаловатли ҳаётга қайтариш осон иш эмас. Даволашда кутилган натижаларга эришиш учун тинмай ўқиб-ўрганиш, малака-маҳоратни ошириш зарурлигини врачлару ҳамширалар ҳеч вақт унутишмайди. Улар учун олқиш олтиндан қиммат. Боиси, ҳар бир миннатдорлигу дуо ортида дарддан халос бўлган мамнун кайфиятдаги инсонлар туришади. Ҳеч бир касб соҳиби олқиш миллионерларига айлана олмаслигини ўйласак, шифокорнинг мартабаси улуғлигинию, ҳар бир ҳаракати савобга тўлиқлигини янада теранроқ ҳис қиламиз.
Бугунги врач маҳаллий мутахассисгина бўлиб қолмаслиги шарт. Тиббиёт олийгоҳларини битириб, саломатлик посбонлари сафига қўшилаётган йигит-қизлар маррани баланд олишлари керак. Дунё тиббиёти ютуқларидан, янгиликларидан ўз вақтида бохабар бўлиб, уни ўз фаолиятида қўллаши шартлигини, аввал республика, кейин халқаро миқёсдаги мутахассис мақомига кўтарилиши учун Ўзбекистонимизда барча қулай шароитлару имкониятлар муҳайёлигини яхши билишлари лозим. Ахир улар буюк боболари Ибн Синонинг издошлари, ворислари бўлишадику!
Ҳозирги ёшлар хоҳласалар давлат, хоҳласалар хусусий тиббиёт муассасаларида ишлашлари мумкин. Лекин шуни ҳам яхши билишлари керакки, юртимизнинг чекка-чекка ҳудудларида ўзлари каби мутахассислар етишмайди. У ерларга бориб ишлашга жазму журъат қилишса, давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланадилар. Имтиёзлардан фойдаланадилар. Энг муҳими, бирламчи тизимда тажриба орттирадилар, даволаш малакаларини ҳосил қиладилар. Бошқача айтганда, беморларни кўриб, кўзлари пишийди, халққа яқинликдан ҳурмат ва қадр-қиммат топадилар.
Янги йил – эл саломатлиги жонкуярлари учун ҳам янги муваффақиятлар, баракали олқишлар йилига айлансин! Устоз ва шогирд анъанаси асосида кексалар ёшларга бағриларини кенг очсинлар! Ёшлар уларнинг ортидан дадил юриб, муносиб издошларга айланишсин!
Содиқ САЙҲУН.