Яқингача тиббиёт тараққиётининг муҳим омилларини салоҳиятли мутахассислар, илғор даволаш-диагностика воситалари, қулай шароит деб билардик. Ҳаётнинг кескин жадаллашуви эса яна бир шартни – ахборот технологияларини кенг кўламда, ҳар бир жараёнда қўллашни тақозо этмоқда. Зеро, бусиз тизим ҳамда алоқадор соҳаларни интеграциялаш, аҳоли соғлигини назорат қилиш, касалликларни барвақт аниқлаш, врач қабулидаги тирбандликлару оворагарчиликларни барҳам топтириш, телемедицина имкониятларидан фойдаланиш, бирламчи бўғиндан тиббий марказларгача ахборот алмашинувни таъминлаш мумкин эмаслиги бугун барчага аён.

Қувонарлиси, вилоят соғлиқни сақлаш тизимида ҳам рақамлаштириш борасида дадил одимлар ташланди. Жумладан, Наманган шаҳри, Давлатобод, Норин, Тўрақўрғон туманларида тизимни жорий қилиш мақсадида тегишли муассасалар монитор, моноблок, принтер билан таъминланди. Марказий шифохоналар, оилавий поликлиника, оилавий шифокор пунктларига ло­йиҳа асосида шиша толали кабеллар тортилди ва "Электрон поликлиника" тизими йўлга қў­йилди. Тиббиёт ходимларининг мазкур йўналишдаги саводхонлигини ошириш мақсадида IT марказларида бепул машғулотлар олиб борилди.

Кўп тармоқли марказий поликлиникалардаги мавжуд локал тармоқ қайта реконструкция қилинди. "Электрон поликлиника" орқали онлайн рўйхат асосида фуқароларни қабул қилиш йўлга қўйилди. Яқин вақт ичида рақамлаштиришнинг масофавий диагностика, бемор саломатлигини масофадан мониторинг қилиш, тиббий карталарни замонавий юритиш, виртуал тиббий кўрикдан ўтиш, виртуал шифохона ва электрон рецепт бериш хизматлари ишга туширилади.

Рақамлаштиришнинг яна бир афзаллиги шундаки, у орқали беморлар касалликларини таснифлаш, ўша ҳудуд аҳолисида кўп учрайдиган хасталиклар базасини шакллантириш имкони мавжуд.

Эндиликда эҳтиёжманд оилалар "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимига мувофиқ аниқланади. Имтиёзли тоифага мансуб шахслар тегишли платформа орқали базага киритилиб, уларга имтиёзли даволаниш учун электрон йўлланма юборилади.

Рақамли тиббиёт ҳисоботларни қабул қилиш ва узатиш, шахсий ва тиббий маълумотларни саралаш, тиббий маълумотларнинг юқори даражадаги хавфсизлиги ва назоратини, янги ташкил этилган тиббиёт муассасаларини тез ва осон интеграциялашни таъминлайди. Бу технология орқали шифокор ва беморнинг вақти тежалиб, тиббий хизмат сифати ва самарадорлиги ошмоқда. Шунингдек, шифокорлар фаолияти ва иш юкламасини мунтазам кузатиб бориш, статистик маълумотларни шаффоф тарзда юритишга эришиляпти.

Келинг, шу ўринда мутасаддиларнинг рақамлаштириш жараёнларинига оид мулоҳазалари билан танишайлик.

 

Тоҳиржон АБДУЛЛАЕВ,

Давлатобод тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи:

– Бирлашма тасарруфидаги оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиника 75 та ахборот техноло­гиялари жамланмалари билан таъминланди. Ҳар бир оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиника ҳамда туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида электрон тизим билан ишлайдиган бир нафардан IT оператор – ҳамшира лавозими киритилди. Компьютер саводхонлигини ошириш бўйича бепул ўқув машғулотлари ташкил этилди. Улар туман ҳудудида яшовчи фуқароларнинг электрон маълумотлар базасини шакллантиришди. Натижада ҳудудларнинг "саломатлик профили" такомиллашяпти.

"Хонадонбай" ишлаш асносида оила аъзоларининг бўй узунлиги, тана вазни оғирлиги, бел айланаси, тана вазни индекси, болаларда бош ва кўкрак айланаси, артериал қон босими, пулъси, сатурациясини ўлчашга эътибор қаратдик. Хатловда 5 ёшгача бўлган болалар, ҳомиладор, туғиш ёшидаги ва 35 ёшдан ошган аёллар, 40 ёшдан ошган шахслар доимий назоратга олинди. Барча маълумотлар электрон базага киритилди.

Электрон поликлиника тўлақонли жорий қилиниши пировардида тиббиёт ходимларининг кўп вақтлари беморлар билан бемалол шуғулланиш, ўз устларида ишлаш, профилактик тадбирлар мунтазамлилиги ва таъсирчанлигини оширишга муяссар бўлмоқдалар.

 

 

Ҳумоюн АҲМАДЖОНОВ,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг

рақамлаштириш шўъбаси бош мутахассиси:

– 2023 йилнинг иккинчи ярмида Соғлиқни сақлаш вазирлиги лойиҳасига асосан вилоят даволаш-профилактика муассасалари (ДПМ) ва туман тиббиёт бирлашмаларига локал тармоқлар тортиб, янги ахборот алмашинув қурилмалари ўрнатилди. Шифохоналарга маҳаллий бюджет ҳисобидан 485 дона компьютер жамланмалари олиб берилди. Уларнинг локал тармоққа бириктириш ва юқори тезликдаги интернетга уланиши тиббий хизмат сифат ва самарадорлигига ижобий таъсир этди.

14 та шаҳар ва туманларда ҳамда 20 дан зиёд вилоят ДПМларда "Э-КАДР" тизими жорий этилди. Бу туфайли тиббиёт муассасаларидаги ходимлар ҳисобини юритиш ва бир неча шакллардаги ҳисоботлар электрон тарзда олинмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида hrm.argos.uz тизими ишга туширилди. Вилоят ДПМ, 1 та шаҳар, 13 та туман тиббиёт бирлашмаларида edo.ijro.uz электрон ҳужжат алмашиш шаклидан фойдаланилмоқда. "Электрон ҳужжат алмашиш" тизими орқали расмий ёзишмалар хавфсизлиги ҳамда вақт, маблағ, қоғоз тежашга муваффақ бўлиняпти.

Қон билан ишлаш хизматлари локал компъютер тармоғига бирлаштирилиб, "Қон хизмати" белгиси остида интернетга созланди. Марказлаштирувчи нуқталарга штрих кодларни "ўқийдиган" сканер, термопринтерлар қўйилди. Бу тизим тез кунларда, дастурий бошқарув қурилмаси ўрнатилгач, ишлай бошлайди.

"Электрон поликлиника" тизимини жорий этиш орқали вилоят аҳолисининг электрон тиббий картаси ҳамда туғиш ёшидаги аёлларнинг маълумотлар базаси яратилди. Бу тизим қабул жараёнларини қайд этиш журналлари ва ҳужжатларини электронлаштириш, касалланиш кўрсаткичларининг ҳафталик, ойлик, йиллик таҳлилларини юритишни қулайлаштирмоқда.

 

Дарҳақиқат, "Электрон поликлиника" онлайн рўйхат асосида фуқароларни қабул қилиш, масофавий диагностика, бемор саломатлигини масофадан мониторинг қилиш, тиббий карталарнинг тармоқли тизими, виртуал тиббий кўрикдан ўтиш, виртуал шифохона хизмати, электрон рецептлар, телеметрия ва зарур тиббий ёрдамни уйда олиш имконидир. Мухтасар айтганда, электрон хизматлар тиббиётни модернизация қилишга катта ёрдам беради.

Келгусида "Электрон поликлиника"нинг автоматлаштирилган ахборот тизими Тўрақўрғон, Давлатобод ҳамда Норин туманларининг бирламчи тиббий санитария муассасаларида тўлиқ ишга туширилади. Яна 53 та тиббиёт муассасаси рақамли тармоққа қўшилади. Бирламчи тиббий санитария ёрдами шифохоналари 3222 дона компьютер қурилмалари билан таъминланади.

Демак, "Тиббиёт ислоҳотлари – инсон қадри учун!" тамойили асосида амалга оширилаётган хайрли ишлар кўлами ва самарадорлиги янада ортади.

Муҳаммаджон ОБИЛОВ,

"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.