Кейинги йилларда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган хайрли ишлар қамрови кенгайиб бормоқда. Буни Наманган вилояти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Тиббий хизмат сифати яхшиланибгина қолмай, илгари пойтахтимизда ва вилоят марказида амалга оширилаётган юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ҳудудларда ҳам жорий этиш имкониятлари яратилмоқда.

Янги йилнинг дастлабки кунида Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси тарихида илк бор лапароскопик жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бу янгилик боис бемор Муҳаббатхон Сулаймонованинг саломатлиги тикланадиган бўлди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали жарроҳлик бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Равшанбек Темиров лапароскопик холецистэктомия амалиётни маҳаллий шифокорларга "маҳорат дарси" сифатида кўрсатиб берди.

– Жорий йилда эл саломатлигини мустаҳкамлашнинг янги имкониятларини фаолиятга татбиқ этиш кўламини янада кенгайтириш ниятидамиз. Келгусида республика ва вилоят миқёсида амалга оширилаётган яна кўплаб жарроҳлик амалиётларини туман миқёсида жорий этиш борасида дастур ишлаб чиққанмиз, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Аъзамжон Ботиров.