Бельгия давлатининг Брюссель шаҳрида бўлиб ўтган "Ижтимоий хизматлар касаба уюшмалари Европа Федерацияси ижроия қўмитасининг 72-йиғилишида аъзо давлатлар вакиллари қаторида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси делегацияси ҳам иштирок этди.
Халқаро анжуманда тизимда ишловчиларнинг ижтимоий-иқтисодий, хуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишни такомиллаштириш, бу борада амалга оширилаётган давлатлараро ҳамкорликлар тўғрисида маърузалар тингланиб, муҳокама қилинди. Ижроия қўмита Ўзбекистон Республикасида меҳнат муносабатларига оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишда ҳукумат билан бир қаторда касаба уюшмаси вакиллари ҳам иштирок этиши дунё миқёсида эътирофга сазовор тажриба, деб баҳолади.
Шунингдек, тиббиёт муассасаларида меҳнат муносабатларини тартибга солиш, иш берувчилар билан ҳамкорликда ижтимоий шериклик тамойиллари асосида фаолият ташкил этилиши дунё ҳамжамияти учун намуна деб топилди.
Аъзо давлатларнинг ижтимоий хизматлар бўйича Келишувлари ҳамда тармоқ касаба уюшмаларининг Низомларига кўшимча ҳамда ўзгартишлар киритилди. Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш, аёллар хуқуқлари, гендер тенглиги, ёшлар масалалари бўйича истиқболли режалар белгиланди.
Аббосхон МАМАДАЛИЕВ,
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси
Наманган вилояти кенгаши раиси, Соғлиқни сақлаш аълочиси.