Шошилинч ёрдамга муҳтож, шу жумладан, юрак-қон томир касалликлари ва уларнинг асоратларидан азият чекаётган беморга зарур тиббий хизматларни кўрсатишда ҳар сония ҳисобли.
Бу турдаги хасталикларни аниқ ташхислаш ва даволаш эса замонавий ангиографик ускуналардан самарали фойдаланишни тақозо этади.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг Қорақалпоғистон ҳамда барча вилоят филиалларига ана шундай замонавий ангиографлар тақдим этилди. Наманган филиалига ҳам мазкур юқори технологияли ташхис ва даволаш жамламалари етказиб берилгани шифокорлар ва аҳолимизга Янги йил совғаси бўлди.
– Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш лойиҳаси асосида Наманганга ҳам ангиограф аппарати келтирилгани биз шифокорларга катта кўтаринкилик бағишлади, – дейди тиббиёт фанлари номзоди Баркамол Исҳоқов. – Бу аппарат юрак-қон томирларини текшириш ва ташхислаш, миокард-инфарктнинг олдини олиш, ўз вақтида оператив даво чоралари кўриш имкониятларини яратади. Касалликни эрта аниқлаш, эрта даволаш орқали миокард инфарктни чекинтириш, беморнинг узоқ умр кўришини таъминлашда катта роль ўйнайдиган замонавий технология тақдим этилганлиги учун Президентимизга, Соғлиқни сақлаш вазирлигига миннатдорчилик изҳор этамиз.