Сиддиқжон Муллабоев дарслари тугаши билан Чортоқ тумани марказий касалхонаси болалар бўлимига ошиқди. Доктор Рустамжон Холматов домладаги ҳадикни сезиб:
– Таклифим боиси даволанаётган кенжангизда эмас, – деди. – Йигитча отдай. Унинг касаллигини тезда аниқлаш ва муолажа белгилашда муҳим роль ўйнаган қизингиз Динорага раҳмат деб қўйинг. У хасталикнинг аниқ сабаблари-ю, белгиларини обдон кузатган ва келтирилган куни шуларни менга айтганда унда шифокорликка хос қобилиятни сездим.
... Баҳорнинг сўнгги кунлари. Мактабдан қайтган Динора кўчаларига бурилди-ю, эртапишар олма тагида болалар хом мевани тузга белаб ейишаётганини кўрди. Билганларидан қолмасалар-да, қоринлари оғришини тушунтирди. Укасига эса қаттиқроқ тегди. Лекин бола шунгача қорнини бурашга етадиганини "қамаб" бўлганди.
... Ярим тунда "Скорий" чақиришди. Машинага Динора ҳам чиқиб олди. Шифокорлар текширишга киришган заҳоти изн сўраб, "тузли олма" воқеасини, укасининг тундаги ҳаракатлари, ранг-тусида кечган белгиларни айтди. Докторнинг нигоҳи бир лаҳза ажиб ҳайратдан қотди. Шу топда Динора тимсолида ғоят истеъдодли шифокор гавдалангандай бўлди. Чунки қизчанинг кузатув ва хулосалари бемордаги тадрижий жараёнга тўла мос, турли эҳтимоллар юзасидан ҳар хил текширувлар ўтказиш, вақт йўқотишга ҳожат қолдирмаган эди.
... Шундай, Сиддиқжон! -давом этди врач. – Қизингизда туғма шифокорлик қобилияти, организмни ҳис қилиш интуицияси бор. Бу – педиатр учун энг ноёб хислат. Боланинг ўзи айтиб беролмайдиган ва текширувларда ҳам аён бўлавермайдиган нозик ҳолни илғай олувчи ўткир зеҳн яратганнинг унга инояти.
Бу гапларни дадасидан эшитаркан, аллақандай хўрсиниқ, ички бир титроқдан энтикиб кетди. Вужудини залворли бир руҳ, қалбини шифокорлик аҳди эгаллади. Баҳорининг шу лаҳзасидан бошланган интилишлари 1981 йил Андижон давлат тиббиёт институти талабалигига муяссар этди. Олти йил шифокорлик сари тинимсиз изланиш, меҳнат-машаққатлар билан ўтди.
...Етакчи педиатрлар Рустамжон Холматов, Муқаддам Маматқулова уни қучоқ очиб кутиб олишди.
– Қизим, – деди Рустамжон ака, -институт сени тиббиёт оламига олиб кирди. Бундан буён ҳам ҳар бир кунинг бу олам мўъжизаларини кашф этиш учун ўз устингда ишлашдан иборат бўлади. Ҳудудлар урф-одати, аҳоли турмуш тарзи, оилалардаги муҳит, экология, сув, ҳаво – ҳаммасини синчков кузатиб бор. Бу билан хасталиклар сабабини топиш, ҳатто қачон, қандай касаллик келиб чиқиши мумкинлигигача тахминлаб, ўзингни чоғлаб борасан.
– Яна бир гап, қизим, – деди Муқаддам опа. – Давлат шифокорларга ғамхўрлик қиляпти. Аммо врач учун дам олиш, байрам, иш вақти шартли, деб билгин. Ҳеч қачон бемор боласини олиб келган кишига: "Бўлди, чарчадим" демагин.
Ана шу тамойиллар асосида 16 йил фаолият олиб борган Динора Сиддиқовна устозлар ишончини оқлади, аҳолининг ҳурматини қозонди. Ҳалол, фидойи, қўли енгил доктор деган донг таратди. 2002 йили уни болалар бўлими мудири этиб тайинладилар.
– "Инсон қадри учун" деган муқаддас ғоя асосида, -дейди қаҳрамонимиз, – тиббиётда амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли бўлимимиз пульсоксометр, УТТ, кислород конденциатори, ИВЛ аппарати, реанимацион ёрдам жамланмаси, монитор, электроотсос каби замонавий даволаш-диагностика жиҳозлари билан таъминланди. Булар фаолият самарадорлиги оширишнинг катта омилларидир. Илгари вилоятдагина амалга оширилган айрим тиббий текширувлар, нефрит, неврологик, кардиологик ва яна қатор касалликларни даволаш туманимизда ҳам малакали тарзда уддаланадиган бўлди.
Бўлимда 5 нафар врач, 56 нафар ўрта ва 32 нафар кичик тиббиёт ходимлари хизмат қилмоқда. Жўрахон Йўлдошева, Бахтиёр Иноятов, Сорахон Исроилова каби ёш врачлар опадан касб сир-асрорларини сидқидил ўрганмоқдалар.
– Динора Сиддиқовна аввало юксак савияли врач, янги ғоялар билан мотивация бера оладиган талабчан ва меҳрибон раҳбар, онамиздек яқин инсон, – дейди Жўрахон Йўлдошева. – Ҳар бир ходимдаги касбий маданият, болалар учун фидойиликни рағбатлантирадилар. Бу бизни ана шундай ишонч, меҳр, қадр-қимматга лойиқ бўлишга ундайди.
Динора Қосимовани "обход" жараёнида кузатар эканман, ҳар бир болани ўз набирасидек бағрига босади, ширин-ширин "чуғурлашади". Баҳонада ҳолати, муолажа натижаларини билиб олади. Айни пайтда "палата-келинлари"ни умидбахш сўзлар билан қўллаб-қувватлайди.
Бўлимдан қайтар эканмиз, йўқловчилар залида бир бувижон мурожаат қилиб қолди.
– Мен Мавлуда холангизман, – деди у. – Динорахон илгари фарзандларимнинг, энди набираларимнинг соғлигига парвона. Бу ердагиларнинг ҳаммалари ширинсўз. Қўллари енгил. Ҳеч-ҳеч одам ажратганларини, бирор ким сарсон қилинганини эшитмаганман. Болаларнигина эмас, ётган оналарни ҳам ўз қизларидек кўрадилар. Илоё, барака топишсин!
Шифокорлик машаққатларини муқаддас қисмат, одамлар дардига малҳам бўлиш олий ният, деган мақсад ва маслак Динора Қосимовани халқимиз ардоғи, давлатимиз рағбатига муяссар қилди. Яқинда II даражали "Соғлом авлод учун" ордени билан тақдирланди. Бу – ўша 78-йил баҳорининг биргина лаҳзасида туғилган аҳд, шунга монанд журъат ва жасорат, ҳалол ва фаол хизматларга берилган юксак баҳодир.
Муҳаммаджон ОБИЛОВ,
"Шифокор ва ҳаёт мухбири".