НАМАНГАНДА ОЗАРБАЙЖОН ТИББИЁТИ КУНЛАРИ

Наманганда Озарбайжон тиббиёти кунлари бўлиб ўтди. Икки давлат соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, бу борада жаҳон тажрибасини амалиётга изчил татбиқ этиш борасида ўзаро фикрлашдилар. Озарбайжондан ташриф буюрган малакали мутахассислар жарроҳлик, кардиология, гинекология, эндокринология, инвазив радиология ва интенсив терапия бўйича "Маҳорат дарслари"да изланишлари самаралари ва тўплаган тажрибалари хусусида сўзлаб бердилар.

Тадбирнинг ялпи анжумани вилоят Маърифат марказида бўлиб ўтди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев икки давлат ўртасидаги ўзаро алоқалар равнақ топаётгани ҳақида гапириб, эндиликда бу ҳамкорлик тиббиёт соҳасида ҳам жадал ривожланаётганлигини мамнуният билан айтиб ўтди. Таниқли тиббиётчи олим, Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати Рашад Маҳмудов ўзбек ва озарбайжон тиббиётчиларининг биргаликдаги фаолияти тиббий хизмат самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Наманган давлат университети проректори Шуҳратбек Атахонов тиббиёт фанлари доктори, профессор Рашад Маҳмудовга НамДУ фахрий профессори унвони берилганлигини маълум қилди. Меҳмонга диплом ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Шундан кейин илмий маърузалар тингланди. Профессор Рашад Маҳмудовнинг "Юрак-ишемик касалликларида муокардиал реваскуларизация шартлари: кимда қандай?", профессор Курбанхан Муслимов эса "Лапароскопик ва робот хирургия: жорий ютуқлар ва андозалар" юзасидан маълумот беришди.

Халқаро тадбир режасига кўра, Намангандаги бир қатор тиббиёт масканларида маҳаллий ва бокулик шифокорлар иштирокида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари олиб борилди. Жумладан, бу жараён Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида ва вилоят перинатал марказида кечди.

Ўзбек ва озар тиббиётчи олимлари, соҳа етакчилари, малакали шифокорлар ҳамкорлигида соғ­лиқни сақлаш тизими ишини янги босқичга кўтариш, ўзаро тажриба алмашиш борасида муҳим қадамлар қў­йилди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.