Наманганга келган озар шифокорларидан Асиф Жаҳангиров, Эмиль Мухтаров вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази урология бўлимида ноёб операциялар устида «Маҳорат дарслари»ни амалга оширдилар.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош урологи, мазкур бўлим мудири Сайфиддин Мамадалиевдан уларни яқиндан таништиришини сўрадик.
– Бу икки қардош ҳамкасбим соҳа бўйича халқаро миқёсда эътироф этилган мутахассислардир, – деди Сайфиддин Убайдуллаевич. – Эмиль Мухтаров, тиббиёт фанлари номзоди, узман-уролог, Бокудаги энг йирик шифохона – "Yeni Klinika" Миллий соғломлаштириш маркази урология бўлими мудири. Эмиль қардош Озарбайжон минимал инвазив жарроҳлик жамиятининг вице-президенти ҳамдир. Асиф Жаҳангиров ҳам тиббиёт фанлари номзоди, узман-уролог. Узоқ йил Озарбайжон нефть компанияси марказий касалхонаси урология бўлими мудири бўлган. Айни вақтда "Прайм" миллий саломатлик маркази урология шўъбаси мудири.
Улар Туркия, Саудия Арабистони давлатлари ва Европа тиббиёт марказларида бой билим ва тажрибага эга бўлганлар. Меҳмонлар марказимизда 40 дан ортиқ урологик хасталиги бор беморларни текшириб, муолажа белгиладилар. Оператив даво лозим бўлганларга каминвазив усулдаги жарроҳлик хизматларини кўрсатдилар. Маҳорат дарслари жараёнларида Наманганда илк бор лапароскопик уретероцистонео-анастамоз амалиёти қўлланди.
Ана шу беморлардан айримлари билан суҳбатлашдик.
– Мен узоқ вақт дардимга даво кутиб яшадим, – дейди 43 ёшли ҳамюртимиз. – Шифони озар дўхтири Эмиль қўлидан етказди. Дунёга янгидан келгандай бўлдим. Қардошларимизнинг қадами ҳамиша мана шундай шоду ҳаррамликларга буюрсин. Боягина кичкина ўғлимга Эмиль қардош ҳақида гапириб бердим, у "Шу оғамга ўхшаган зўр хирург бўламан" дея ният қилди.
Доктор Эмилнинг изоҳлашича: – Беморнинг чап сийдик найида жиддий муаммо, яъни уретероцистонео-анастамоз юзага келган. Чап томонлама нефростома, асоратланган сийдик йўллари инфекцияси билан оғриб юрган. Марказда ноёб лапароскопик жамламалар мавжудлиги, замонавий жарроҳлик имкониятлари яратилгани шу қалтис ва мураккаб пластик операцияни наманганлик ҳамкасблар иштирокида муваффақиятли амалга оширишга эришдик.
– Мен 68 ёшдаман, – деди косонсойлик Ғайбулло Орипов. – Кўп йиллардан бери қовуқ ўсмаси касаллиги билан азоб чекиб келдим. Шифо излаб узоқларга боришга ҳолатим кўтармасди. Бахтимга бунақа операцияларни катта марказларда ўзлаштирган озар жарроҳлар келишганини айтиб, чақиришди. Доктор Асиф деган шифокор операциясидан чиқдим-у, дунё кўзимга чароғон бўлиб кетди. Мана шу ҳамкорликларни йўлга қўяётган икки давлат Президентларига, Соғлиқни сақлаш вазирларига, вилоят тиббиёти раҳбарларига чин дилдан раҳматлар айтамиз.
– Отахоннинг қовуғида пайдо бўлган ўсма трансуретрал резекция йўли билан олиб ташланди, – деди Асиф Жаҳонгиров. – Марказдаги ноёб жарроҳлик ускуналари ёрдамида каминвазив усул билан – кам жароҳат етказиш ва қон йўқотишнинг олди олингани нуроний тез кунларда оёққа туриб кетишини таъминлайди.
Бу икки мутахассиснинг Ўзбекистон, Наманган ҳамда вилоятимиз тиббий марказларидаги замонавий шароит, халқларимизнинг муштарак тарихий кечмишлари, қардошлик анъаналаримизни янгидан барқ урдириш ҳақидаги изҳорларини тинглар экансиз, улуғ озар қардошларимизга меҳрингиз дарёдай тошади. Ҳа, тили ва дини, тарихий илдизлари ва маслагу мақсадлари бир бўлган бу икки халқнинг ҳамкорлик ришталари барча соҳаларда камол топаверсин.
Муҳаммаджон ОБИЛОВ,
"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.