дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология
илмий-амалий маркази Наманган филиали директори,
тиббиёт фанлари номзоди Солижон МЎМИНОВ.
Маълумки, вилоятимизда Озарбайжон тиббиёти кунлари ўтказилди. Вилоят Маърифат марказида бўлган дастлабки анжумандаёқ меҳмонларимиз долзарб мавзулардаги маърузалари билан чиқишди. Айниқса, Озарбайжон Республикаси юрак-қон томир хирургияси илмий-ўқув маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Рашад Маҳмудовнинг "Юрак-ишемик касалликларида муокардиол реваскулиризация шартлари: кимда ва қандай" мавзуидаги маърузаси маҳорат дарси сифатида соҳа мутахассислари учун ғоят мароқли кечди.
Меҳмонлардан бир гуруҳи вилоят кардиология марказига ташриф буюришди. Директор хонасидаги танишувда кардиохирурглар бир-бирларига ўзларининг мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказишдаги ютуқларини гапириб беришди. Қизғин савол-жавоблар қисқача тажриба алмашув тусини олганини ҳар икки томон вакиллари мамнуният билан эътироф этишди. Сўнгра амалий ишларга киришилди.
Юқори малакали мутахассис Агакиши Яҳяев аорта аневризмаларини эндоваскуляр даволаш бўйича катта тажриба эга экан. Унинг гепатоцеллюрал рак хасталикларини эндоваскуляр усулда эмболизация билан даволаш маҳоратини наманганликлар ўзлаштириш учун ҳар дақиқадан самарали фойдаланишди. Янаям аниқроқ айтганда, Озарбайжон кардиохирурги бемор танасидаги ўсманинг озуқаланиш йўлини тўсиш билан унинг ривожланишига нуқта қўйиш жараёнини ўргатди. Бу, худди дарахтнинг илдизини қуритишга ўхшайди. Агар ўсмага ҳаёт бағишлаб турган томирдаги қон оқими тўхтатилса, беморнинг ичидаги ўсимтанинг ривожланишига чек қўйилади.
Биринчи куниёқ 15 нафар юрак-қон томир хасталигини бошидан кечираётган бетобларни меҳмон мутахассислар қабул қилишди. Уларнинг ташхислари кўздан кечирилгач, муолажани қай усулда давом эттириш йўл-йўриқлари белгилаб олинди. Энг муҳими, жарроҳлик амалиётига ҳам киришиб кетилди. Жумладан, Поп туманидан даволанишга ётқизилган икки ёшли Райҳона Раимжонованинг юрак туғма нуқсони, қоринчалараро тўсиқ етишмовчилигидан батал йўли битмаслиги очиқ усулда муваффақиятли бартараф этилди. Тўғри, бундай амалиёт ҳозиргача ҳам ўтказиб келинган, лекин беш ёшдан юқори болаларда эди. Энди жарроҳлар кичикларни аввалгидек улғайишини кутиб ўтирмасдан, барвақт даволашга енг шимаришади. Чунки, Озарбайжон мутахассисининг ёнида ўзимизнинг врачимиз Нуриддин Баҳриддинов бирга амалиёт жараёнида қатнашди. Ҳамкорликда қизчани соғлом ҳаётга қайтариш учун курашишди. Бугун беморимизнинг ота-онаси, яқинлари озару ўзбек жарроҳларига чексиз миннатдорчилик билдиришмоқда.
Озарбайжон ўлкасидан келган меҳмонлар орасида инвазив-кардиолог Илгар Тахир ўғли ҳамда анезтезиолог-реаниматолог Мацил Саъдиев ҳам бўлиб, икки кун давомида наманганлик ҳамкасбларига сидқидилдан ҳамкорлик қилишди.
– Озарбайжонлик тиббиётчиларнинг вилоятимизга ташрифи икки томонлама манфаатли ва фойдали натижалар билан якунланяпди, – дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий маркази Наманган филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов. – Хусусан, Рашад Маҳмудов билан самимий ва дўстона алоқаларни боғладик. У ҳам кардиохирургия бўйича етук мутахассис, ҳам Озарбайжон Милий Мажлиси депутати сифатида таниқли давлат арбоби экан. Дўстлигимиз шубҳасиз борди-келдилар туфайли мустаҳкамланиб боради. Келгусидаги алоқаларимизга тааллуқли масалаларни ҳам ўзаро келишиб олдик.
Биринчи учрашувимиз биз учун бундан буёнги фаолиятимизда янада янги саҳифалар очилишига замин яратди. Илгар Тахир ўғли юракнинг аорта клапанини алмаштиришнинг эндоваскуляр усули TAVI амалиётини қўллашни тавсия этиб, ўргатди.
Шунингдек, ходимларимизни муолажадаги яна бир янгилик билан таништирди. Ҳозиргача баъзи беморларни укол қилиш учун вена томирини топиш шифокорниям, беморниям қийнаб келарди. Озарбайжон мутахассислари худди шу жараённи ультра товушли аппарат (УЗИ) назорати остида ўтказиб, "яширинган" томирни тез ва осон топиш ва дори-дармонни бемор танасига юборишдаги мушкулликни йўқотиш борасидаги қимматли тажриба сабоғини беришди.
Директор мамнуният билан таъкидлаганича бор. Наманганлик ва озарбайжонлик кардиохирурглар бир-бирларидан юқорида айтилганидан-да кўпроқ тиббий билим, маҳорат ва тажрибалари билан ўзаро ўртоқлашдилар.
– Наманганда кардиохирургия жаҳон андозалари даражасида ривожланибди, – дея эътироф қилди профессор Рашад Маҳмудов. – Рентген– эндоваскуляр бўлимидаги шароитлару имкониятларга жуда ҳавасимиз келди. Давлатингиз раҳбари томонидан халқингиз саломатлиги учун кўрсатилаётган бундай эътибору ғамхўрликлардан ҳар қанча фахрлансангизлар арзийди.
Меҳмон ҳақ гапни айтди. Бизнинг ҳамюрт тиббиётчиларимиз нафақат фахрланишади, айни вақтда эл саломатлигини кўз қорачиғидай сақлаш учун кеча-кундуз ўқиб-ўрганишдан асло тўхташмайди ҳам. Изланиш ва интилиш бор жойда эса, ҳамиша тараққиёту юксалишга эришилаверади.
Содиқ САЙҲУН.