Мазкур тадбир доирасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида ҳам мураккаб жарроҳлик амалиётлари олиб борилди. Делегация раҳбари – Озарбайжон Жарроҳлик илмий марказининг жигар, ўт пуфаги йўллари ва ошқозон ости бези жарроҳлиги бўлимининг катта илмий ходими, тиббиёт фанлари доктори, профессор Гурбанхан Муслимов, профессор Ислам Махалов ва жарроҳ Заур Халиловлар томонидан лапароскопик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.
– Ўзаро ҳамкорлигимиз самараси ўлароқ даволаш ишларида юқори натижаларга эришиляпти. Бу галги ташрифимиз якунида ҳам ўнлаб беморлар соғлом ҳаётга қайтарилади. Озарбайжон делегацияси таркибида таниқли олимлар, етук мутахассислар ва тажрибали шифокорлар бор. Намангандаги фаолиятимиз якунида халқ саломатлигини мустаҳкамлашда, ўзбек ва озар шифокорлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим қадамлар қўйилади, деган умиддаман, – дейди профессор Гурбанхан Муслимов.
Меҳмонларнинг РШТЁИМ Наманган филиалидаги фаолияти ғоят самарали кечди. Сурункали касалликлардан азият чекаётган олти нафар беморни соғломлаштиришга эришилди. Қайд этиш лозимки, озарбайжонлик таниқли шифокорлар иштирокида ўтказилган мураккаб жарроҳлик амалиётлари чоғида уларга Бунёд Қурбонбоев, Муҳаммадбобур Собитхонов, Муродилла Эралиев, Баҳодир Жабборов каби мутахассислар, филиал директорининг жарроҳлик ишлари бўйича ўринбосари Аҳадхон Исмоновлар яқиндан ёрдам беришди.
– Икки давлат тиббиётчилари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари доираси кенгаяётганидан мамнунмиз. Яқинда бокулик профессор Малик Саъдиев филиалимизда режали анестезия бўйича "маҳорат дарси" ўтказиб, мутахассисларимиз тажрибасини янада бойитишга ўз ҳиссасини қўшган эди. Озарбайжон тиббиёти кунлари муносабати билан муассасамизга келган таниқли мутахассислар иштирокидаги амалиётлар пайтида нафақат даволаш ишлари янги босқичга кўтарилмоқда,балки маҳаллий шифокорларнинг касбий маҳорати ҳам ўсмоқда, – дейди филиал директори вазифасини вақтинча бажарувчи Умиджон Муҳиддинов.
Меҳмонлар ўз навбатида Давлатобод ва Тўрақўрғон туманлари марказий шихоналарида ҳам бўлиб, маҳаллий ҳамкасбларининг фаолияти билан танишдилар. Мулоқотлар пайтида даволаш ишларини янада такомиллаштириш, ўзаро алоқаларни тағин ҳам ривожлантириш юзасидан фикрлашиб олинди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.