Ҳар қандай давлат – қонунлар асосида иш юритади, қонунлар асосида тараққий этади. Қонунлар эса халқаро ҳуқуқнинг умум эътирофидаги қоидаларига мувофиқ келиши шарт. Ана ўшанда фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларига хизмат қилади. Мустақил мамлакатимизда 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлатимизнинг Бош қомуси бўлди. Уни барча қонунларнинг онаси дея аташга ҳам тўла ҳақлимиз. Ҳар қандай қонун Конституция талабларидан туғилиши табиий ҳол, аксинча бўлиши эса мутлақо мумкин эмас.
Албатта, ўтган ўттиз икки йил давомида ҳаёт ўзгарди. Айниқса сўнгги етти-саккиз йил ичида беқиёс ютуқларга эришдик. Жумладан, иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари, одил судлов, сўз ва эътиқод эркинлиги, ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги юзлаб чекловлар олиб ташланди. Нақд пул, валюта, кредит масалаларидаги муаммолар бартараф этилди. Янада муҳими, қўшниларимиз билан орамиздаги муносабатлар ижобий томонга ўзгарди. Шундай экан, ҳаётий ўзгаришларнинг конституциявий ҳимояси ҳам ўз вақтида зарур эди. Натижада янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конститутицияси 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериши орқали қабул қилингани айни муддао бўлди.
Бугун фахр билан айта оламизки, энди чинакам халқ Конституциясига эгамиз. Ахир унинг лойиҳаси муҳокомасида каттаю-кичик фаол қатнашди. Қанчадан-қанча таклифлар билдирилди.
Янгиланган Конституциямиз 155 та моддадан иборат. Уларда 434 та норма ўз ифодасини топди.
Аввало, "Ўзбекистон – бошқарувнинг Республика шаклига эга бўлган северен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат" (1-модда) сифатида қатъий белгилаб қўйилди. Биргина "...ижтимоий..." сўзининг қанчалар кенг қамровлигини, қанчалар қимматли аҳамиятга эгалигини ўйлаб кўришнинг ўзиёқ ҳар биримизнинг кўнглимизга беихтиёр мунавварлик югуртиради.
Тарихда илк бор Ўзбекистон – ижтимоий давлат, деб белгиланди. Бу билан инсонга эътибор ҳамда ғамхўрлик – давлат ва жамиятнинг энг асосий вазифаси экани қонуний кафолатланди. Хусусан, "Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга" (31-модда) деб қўйилиши кимларни қувонтирмайди дейсиз. Ушбу норманинг амал қилиши ҳар бир фуқаро, ёш оилаларнинг ўз бошпанасига эга бўлишини таъминлаб, кишиларнинг ҳаётдан розилик даражасини оширади.
Конституциядаги виждон эркинлиги, мулкдорлик, меҳнат қилиш, таълим олиш, соғлиқни сақлаш, пенсия ва нафақа олиш ва бошқа нормаларга тааллуқли ҳар бир модда бизларнинг манфаатларимизни тўла-тўкис ҳимоя қилади ва ифодалайди.
Ҳозирда фарзандлар тарбияси тобора долзарб масалага айланаётгани ҳам конституциявий нормаларнинг янгиланишига олиб келди. Энди болалар тарбияси, уларга таълим бериш, баркамол вояга етказиш ҳам ота-она мажбурияти сифатида белгиланди. Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш эса давлатнинг зиммасига юкланди.
Янгиланган Конституциямизга қатъий амал қилинган ҳолда инсон фаровон яшаши, давлат барқарор ривожланиши учун самарали, ихчам ва халқчил давлат бошқаруви олиб борилаётгани барча соҳаларда яққол кўринмоқда. Бундан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Конституциямизда ҳуқуқларимиз, бурч ва мажбуриятларимиз тўла-тўкис мужассамланган. Халқона айтганда ҳуқуқларимиз – ҳақдорлигимиз, мажбуриятларимиз – фарздорлигимиз ҳисобланади. Чуқур идрок этсак, ҳар иккиси – ҳаёт тарозисининг икки палласидир. Ҳар иккиси – бизни жамият аъзоси сифатида жамиятга муносабатимиз мезонини белгилайди. Ҳар иккиси – жамият тараққиёти таянчи ҳисобланади. Ҳар иккиси доирасидаги амалиётимизга қараб, ижтимоий фаоллигимиз баҳоланади.
Демак, ҳуқуқларимиздан қанчалар фойдалансак, бурчларимизга ҳам шунчалар эътиборли бўлишимиз, давлат ва Ватан олдидаги масъулиятимизни ҳам ҳамиша ҳалол ва фаол адо этишимиз керак.
Мадина МАМАДАЛИЕВА,
Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат
чет тиллар институти 1-босқич талабаси.