Сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳамда Беларусь Республикаси ўртасида барча соҳаларда бўлгани каби соғлиқни сақлаш тизимида ҳам изчил ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда.
Яқинда Минск шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон – Беларусь тиббиёт форуми бунинг ёрқин амалий исботи бўлди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг ўзаро учрашувларида эришилган ҳамкорлик битимлари доирасида мазкур нуфузли анжуманда икки мамлакат соғлиқни сақлаш вазирликлари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва уларнинг ҳудудий филиаллари, тиббиёт олий ўқув юртлари, вилоят, туман ва шаҳар соғлиқни сақлаш муассасалари ўртасида турли йўналишларда ҳамкорлик қилиш тўғрисида кўплаб меморандум ва келишувлар имзоланди.
Юртимиз тиббиёти вакиллари Беларусда илиқ кутиб олинди. Улар саккизта секцияга бўлинган ҳолда Минск, Гомель, Витебск, Гродно, Брест сингари ўнга яқин шаҳарлардаги тиббиёт марказлари, клиникалар ҳамда тиббиёт институтларида ўрганишлар олиб борди. Мазкур жараёнда даволашнинг илғор усулларига бағишланган "Маҳорат дарслари" ҳам ўтилди.
Хорижий давлатдаги тиббиёт кунларида Наманган вилоятидан ҳам бир гуруҳ вакиллар, жумладан, Республика ихтисослаштирилган Кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов иштирок этди.
– Ташриф жараёнида Беларусь Республикаси Кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлдик. Ушбу марказнинг салоҳияти МДҲда жуда юқори, – дейди олий тоифали кардиолог шифокор Солижон Мўминов. – Марказ дунёдаги энг ривожланган 20 та кардиологияга ихтисослаштирилган марказдан бири ҳисобланиб, шу кунгача 500 дан ортиқ юрак трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилган. Бошқача айтганда, бу марказда ҳар йили юқори даражадаги 50 тагача юрак трансплантацияси амалиёти бажарилади. Қолаверса, марказда кам инвазив йўл билан кўплаб юрак соҳасидаги мураккаб жарроҳлик амалиётлари олиб борилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, форум доирасида Республика ихтисослаштирилган Кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали ҳамда Беларусь Республикаси Кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Тиббиёт кунлари давомидаги йирик анжуманда жаҳоннинг энг тажрибали кардиолог олимларининг маърузалари тингланди. Хусусан, Беларусь Кардиология тиббиёт маркази директорининг ўринбосари, мамлакатда биринчи марта юрак кўчириб ўтказиш амалиётини жорий этган олим Юрий Островский, моҳир кардиожарроҳлар Сергей Спиридонов ва Александр Жигалькович, РЧА бўйича етук мутахассис Дмитрий Гончарик, юрак етишмовчилиги бўйича олим Елена Курлянская, рентгенэндоваскуляр жарроҳ Валерий Стельмашокларнинг маърузалари иштирокчилар учун қимматли маълумотларни тақдим этгани билан ғоят аҳамиятлидир.
Ўзбекистонлик шифокорлар Беларусдаги Кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг барча бўлимлари, хусусан, кардиохирургия, реанимация ва замонавий лаборатория бўлимлари фаолияти билан яқиндан танишди.
Умуман олганда, Ўзбекистон – Беларусь тиббиёт форумида Минск шаҳридаги бир қатор поликлиникалар, тиббиёт марказлари ва тиббиёт институтлари билан келишувларга эришилди. Бу ўз навбатида, мамлакатимизда кардиология соҳасининг янада ривожланиши учун хизмат қилади.
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
ЎзА мухбири.