Умиджон МУҲИТДИНОВ,

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази

Наманган филиали директори в. в. б.

– Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимининг ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, аҳоли, айниқса, миллатимиз, хал­қимиз генофондини сақлашни конституциявий асосда алоҳида ҳимоя қилинадиган соҳага айлантириш борасида салмоқли юмушлар амалга оширилди. Мазкур ҳаракатлар самараси ўлароқ, жорий йилнинг 30 апрелида ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериши орқали қабул қилинган Бош Қомусимизнинг 48-моддасида "Ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга"лиги, "Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли" экани белгилаб қўйилди.

Йигирма битта клиник бўлимдан иборат бўлган ва 350 ўринга мўлжалланган марказимиз аҳил жамоаси ҳам ўз хизмат вазифаларидан келиб чиққан ҳолда халқимиз саломатлигини тиклаш йўлида самарали фаолият олиб бормоқда. Бунинг учун эса энг замонавий тиббий асбоб-ускуналардан тортиб, малакали мутахассисларимизгача бор. 2019 йилда Япония элчихонасининг "Ривожланаётган давлатларда ижтимоий соҳани ривожлантириш учун кичик грантлар" дастури асосида филиалга 110 минг АҚШ доллар миқдорида грант маблағи ютиб олиниб, Германиянинг "Карл Шторц" компанияси томонидан ишлаб чиқарилган нейроэндоскоп аппарати сотиб олинди. Бугун шуни фахр билан айтишим мумкинки, республикада биринчилардан бўлиб, Фарғона водийсида эса фақат марказимизда бош мия патологияларида нейроэндоскоп ёрдамида жарроҳлик операциялари амалга оширилмоқда. Шу кунгача элликдан ортиқ беморда мураккаб, юқори технологик, нейроэндоскопик жарроҳликлар қилинди. 2021 йилда эса маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига эндо­урологик жамлама сотиб олиниб, мамлакатда биринчилардан бўлиб эндоурологик операция қилишни йўлга қўйдик ва ўтган йилнинг ўзида 102 нафар, 2023 йилнинг биринчи чорагида эса 36 беморда юқори технологик эндоурологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Эндоскопик операциялар сони 2021 йилга нисбатан 2022-2023 йилларда 400 тага ортди.

Шу йил охиригача эса ангиографик ускуна олиб келишни режалаштирганмиз ва у амалга ошса, бош мия ва юрак қон томирларида ўндан зиёд юқори технологик операциялар ўтказиш имконияти яратилади. Бу албатта, вилоятимиз аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўлами кенгайишига олиб келади. Мазкур ускунада ишловчи мутахассислар тайёрлаб қў­йилган ҳам.

Ҳозирда Поп ва Учқўрғон туманларида аҳолига амалий тиббий ёрдам кўрсатиш, соғлиғини сақлашни тубдан яхшилаш, тиббий ёрдам сифатини ошириш учун "Туманлараро қўшма шикастланишлар ва юрак-қон томир касалликлари" марказлари фаолияти ташкил этилаётган бўлса, шу кунгача Чуст, Норин, Янгиқўрғон ва Наманган туманларида қорин бўшлиғи хасталикларида лапароскопик операциялар йўлга қўйилди. Умуртқа поғонаси шикастланган беморларда стабилизация қилиш амалиётлари илк бор бажарилди.

Умуман олганда, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида бизга мурожаат қилган эллик мингга яқин беморнинг 22692 нафари даволанишга ётқизилди. 8752 нафарида оператив даво муолажалари ўтказилиб, оператив фаоллик 73,2 фоизни ташкил этди.

Марказимизда кадрлар малакасини ошириш ҳам доимий эътиборда. Жорий йилнинг ўзида болалар реанимация бўлими анестезиолог ва реаниматолог врачлари Нуриддин Жабборов, Дилмурод Мамадалиев ва Бобур Хўжаев Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Склифосовский номли тез ёрдам илмий тадқиқот институтида малака ошириб келган бўлишса, 2-жарроҳлик бўлими уролог врачи Миршоҳид Қаҳҳоров Туркиядаги Безмеалем университетида, хирургик реанимация бўлими мудири Муродилла Эралиев Озарбайжондаги М. Топчубашев номли жарроҳлик марказида соҳаларининг етакчи мутахассислари билан тажриба алмашиб қайтдилар. Травматология бўлими мудири Неъматилло Юсупов Россия Федерациясидаги И. И. Жанеледзе номли тез тиббий ёрдам ИТИда "Чаноқ сон ва тизза бўғими шикастларида тотал эндопротезлаш юқори технологик хирургик даво муолажаларини ўтказиш", 1-жарроҳлик бўлими врачи Аҳадхон Исманов ва қабулхона бўлими уролог врачи Жаҳонгир Исомуҳамедов ҳамда амалиётлар бўлими ҳамшираси Зарифа Чахаловалар Туркияда буйрак трансплантация жарроҳлиги, Сайдулло Шарифбоев АҚШнинг Калифорния штатидаги Стенфорд университети клиникасида калла асоси эндоскопик нейрохирургия соҳаларида тажрибаларини бойитиб қайтишди.

Олдимизда турган режалар, марказ моддий-техника базасини мустаҳкамлаш орқали маънан эскирган тиббий ускуналарни янгилаш ҳамда кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш, мутахассислар малакасини доимий ошириб бориш орқали улар сонини кўпайтириш, самарали тиббий хизмат кўрсатиш турларини ривожлантириш, мия асоси ва мия қоринчалари патологиясида микрохирургик операцияларни ўтказиш, мия қон томирлари аневризмаси ва мия ўсмаларида микрохирургик операцияларни жаҳон стандартлари асосида амалга оширишдан иборат.

Илҳомжон ЖУМАНАЗАРОВ ёзиб олди.

("Наманган ҳақиқати" газетасининг

2023 йил 18 ноябрдаги 92-сонидан олинди).