Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими томонидан олий, ўрта махсус ва умумтаълим муассасалари билан ҳамкорликда "Ёшлар, огоҳ бўлинг!" мавзуида тиббий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Уларда ОИВ (одам иммунитети танқислиги вируси) организмни ташқи хавфли таъсирлардан ҳимоя қилувчи иммун тизимини издан чиқариши оқибатида ОИТС (орттирилган иммунитет танқислиги синдроми) келиб чиқиши, чалинмаслик шартлари, мустаҳкам ахлоқ ва қатъий ирода ундан асровчи бирдан-бир омил эканлиги ҳақида сўз борди.
Жумладан, Уйчи туманидаги касб-ҳунар мактаблари ва ўрта мактабларнинг "Маънавият сабоқлари" дарсларида ана шу жараён акс этган видеороликлар намойиш этилиб, қизғин мунозара, савол-жавоблар ўтказилди.
Айниқса, иншо, расмлар танловлари ўғил-қизларимизда мазкур иллатга қарши курашиш, ахлоқий поклик туйғуларини кучайтиришга хизмат қилади.
* * *
Вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази мутахассислари Янги Наманган туманидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари ўртасида "Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!" номли тиббий-маърифий тадбир ҳамда "Заковат" интеллектуал ўйинини ташкил этдилар. Ўқувчилар ОИВ ва ОИТС ҳақида атрофлича билим ва тушунчаларга эга эканликларини намойиш этиш билан бирга мазкур иллатга қарши курашувчилар сафида бўлишга аҳд қилдилар.