Бир томонда оёқ ёки қўли жароҳатланганларнинг жонига оро киритилмоқда. Врачлар тавсияси билан оғриқ қолдирувчи дори-дармонлар бериляпти. "Оқаётган" қонни тўхтатилиб, шикаст топган жойлари боғланяпти. Ҳатто "синганлари" аниқланган қўл-оёқлар гипсланиб, тахтакачланяпти. Сўнг, янада хавфсиз жойга ўтказиляпти. Палаткалар кўчма палаталарга айлантирилиб қўйилган. Юз-кўзлари лат еганларнинг ҳам шифокорлар кўмагида аҳволлари енгиллаштирилмоқда. Дала шифохонаси шароитининг талаблар даражасида ташкилланиши учун 2 та "Тез тиббий ёрдам" машинаси бетўхтов ишлаб турди, 12 нафар врачу ҳамшира чаққон ҳаракат қилди.

Ниҳоят фавқулодда ҳолатдаги беморлар тинчлантирилди. Улар оғриқлардан фориғлантирилиб, кутилган натижаларга эришилди. Шундан ке­йингина тиббий ходимларнинг малакалари яна бир бор синовдан ўтказилди. Энг муҳими, барча топшириқлар иштирокчилар томонидан юқори савияда уддаланди. Имитация сифатида 15 нафардан зиёд жабрланганларга тиббий ёрдамлар кўрсатилди.

Дала шифохонаси ўқув машқи раҳбарияти, туман ҳокимлиги ва бошқа хизматлар вакиллари томонидан юқори баҳоланди. Чунки, пухта тайёргарлик кўрилгани бу ерда яратилган барча қулайликлар ва шароитлардан аниқ сезилиб турди. Беморларни қабул қилиш ва саралаш, травматология, амалиёт ва боғлов, туғруқ бўлимлари, катталар, аёллар ва болалар госпиталлари фаолияти йўлга қў­йилди-да. Тиббий таъминот ҳамда хўжалик бўлимлари эса аппаратлар, жиҳозлар ва дори-дармонлар тўкислигини таъминлади.

Фуқаро муҳофазаси ғоят муҳим иш. Фавқулодда ҳолатларга тайёр туриш эса, вақти-вақти билан ўтказиладиган ўқув машқларида шаклланади, амалга оширилади. Яқинда уюштирилган навбатдаги тадбир ана шу мақсадга йўналтирилди. Вилоят соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг бошқа хизмат соҳалари билан ҳамкорликдаги ўқув машқида юксак уюшқоқлик ҳукм сурди.

- Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарлиги ва Норин тумани ҳокимлиги ёрдамидаги икки кунлик тадбиримиз ғоят муваффақиятли ўтди, - дейди ВССБ ТХФМ бош мутахассиси Орифжон Жўрабоев. -  Норин туман тиббиёт бирлашмасидан 125 нафар ходим, 6 та махсус техника воситаси жалб этилди. Айни маҳалда фавқулодда ҳолатларда фуқаро муҳофазаси билан боғлиқ бошқа чора-тадбирлар ҳам тумандаги ташкилот, муассасалар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда режага мувофиқ амалга оширилди.

Дарҳақиқат, ўқув машқи саломатлик посбонларининг юксак масъулиятини, инсонпарварлик бурчини аъло даражада бажаришга ҳамиша шай эканликларини яна бир бор исботлади.

Содиқ САЙҲУН.

Суратда: ўқув машқидан лав­ҳалар.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ тасвирга туширган.