Барчага маълумки, 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган умумхалқ референдумида Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. Тарихимизда биринчи марта Ўзбекистон ижтимоий давлат, деб белгиланди.

 

Эндиликда кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик – давлат сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолди. Жумладан, Конституциянинг 46-моддасида: "Ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек, боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эга..." дея белгилаб қў­йилган. Шунга мувофиқ, бизнинг тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиямиз ногиронлиги бўлган шахсларга доимий ғамхўрлик кўрсатади.

 

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 февралдаги "Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати ташкилий тузилмасини ва фаолиятини ташкил этишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисидаги"ги қарори асосида иш олиб боряпмиз. Мазкур 62-қарор билан тасдиқланган "Фуқароларни тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияларида кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида"ги Низомда барча вазифаларимиз, масъулиятимиз ва тартибларимиз аниқ кўрсатиб берилган.

 

Фуқарони ногиронлиги бўлган шахс деб топиш ТИЭК томонидан амалга оширилади. Кўрик бепул ўтказилади. Низом талабига кўра, касаллиги туфайли узлуксиз 4 ой, узилишлар билан 6 ой давомида даволанишга қарамасдан (силга чалинган бемордан ташқари) ҳаёт фаолиятининг чекланиши, шунингдек, организм функ­ция­сининг турғун бузилиши сақланиб қолган шахсларнинг ҳужжатлари кўрикка қабул қилинади. Албатта, бу тиббий ҳужжатлар даволаш-профилактика муассасалари врачлари томонидан комиссиямизга ҳавола этилади.

 

Биз Низом талабларига қатъий риоя қилган ҳолда адолатли хулоса чиқаришга масъулмиз. Ҳам ҳужжатларни синчиклаб, ҳам беморнинг ўзини чуқур текширувдан ўтказиб, унинг ижтимоий ҳимоясини кафолатловчи ногиронлик гуруҳини белгилаймиз. Кўрикка келиш имконияти йўқларга, яъни уйда оғир хасталик билан ётиб қолганларни ўзимиз бориб, ўша жойнинг ўзида тегишли хулосага келамиз.

 

Кейинги вақтда ногиронлиги бўлган шахсларга ғамхўрлик кучайтирилмоқда. Ҳужжатларни электрон ҳолатда қабул қиляпмиз. Аниқроғи, ВКК томонидан тўлдирилган 88-сонли тиббий форма ва унга иловаланган ҳужжатлар интернет тармоғи орқали электрон почтамизга юборилади. Ҳар бирини синчиклаб ўқиб, таҳлил қилиб чиққач, агар ҳужжатларда камчиликлар бўлмаса, уни қайтармасдан, мурожаат этган шахсга ногиронлик гуруҳи белгилаймиз. Мабодо ҳужжатларда етишмовчилик, ноаниқлик кўзга ташланса, уни қайтариб юборишга тўғри келади.

 

Ҳозирда "Полка дастури" жорий қилинмоқда. Ҳар бир ногиронлиги бўлган шахс­нинг хужжатлари электрон ҳолатга ўтказилмоқда. Ҳисоб-китобларимизча, 6 минг 235 нафар (Тўрақўрғон ва Мингбулоқ туманлари ҳудудида) ногиронлиги бўлган шахслар мавжуд. Уларга тааллуқли тиббий ҳужжатлар, комиссиямизнинг хулосалари электрон шаклга келтирилиши учун астойдил шуғулланяпмиз.

 

Комиссиямиз илгари ҳафтанинг белгиланган кунларидагина кўрик ўтказиб келган эди. Айни маҳалда ҳар куни бу иш билан изчил машғулмиз. Мақсад ҳар бир ижтимоий ҳимояталаб инсонни маҳтал қилмаслик. Меҳрибонлик билан адолатли равишда, ўз вақтида ҳужжатларни расмийлаштириш. Ногиронлиги бўлганларни реа­билитацияга жалб қилиш, яъни соғломлаштириш муассасаларига юбориш ҳам доимий диққат эътиборимизда. Йил давомида 197 нафар шахсни Республика ҳамда минтақавий реабилитация марказига юбордик. Уларнинг соғлиқлари яхшиланишига шароит ва имкониятлар туғдирдик. Аслида вақтинча меҳнатга яроқсиз бўлганлар учун бу жуда-жуда муҳимдир. Ахир уйда дард тортиб, нафақа олиб ётавергандан кўра, соғайиб, меҳнат қобилияти тикланиб, яна жамоадошлари сафига қўшилиб яшаганга нима етсин!

 

Ногиронликнинг енгил ва вақтинча турларидан тез қутилиб, соғлом ҳаётда, жамиятнинг фаол аъзолари қаторида юришдан ортиқ бахт қаерда?!

 

Истардикки, ногиронлиги бўлган шахслар сира-сира тушкунликка тушишмасин. Бизнинг юртимизда ҳеч ким меҳр-эътибордан четда қолмайди. Зарур ғамхўрликлар кўрсатилаверади. Ижтимоий нафақа билан таъминланиб, юқори малакали тиббий хизматдан фойдаланишлари ҳар доим кафолатлидир.

 

Нурмуҳаммад ЧИНБЕРДИЕВ,

 

58-Тўрақўрғон туманлараро

 

тиббий-ижтимоий экспертиза

 

комиссияси раиси.