Аёл азалдан эзгулик, вафо-садоқат, ҳалол-поклик, меҳр-оқибат тимсоли бўлиб келган. Ана шу фазилатлари билан оила ва жамиятда соғлом муҳит барқарорлигини таъминлашда роли беқиёс. Бироқ ана бу муқаддас бурчни унутиб қўювчиларнинг кўпаяётгани ташвишли. Бундай тоифадаги хотин-қизлар содир этаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сони ҳам тобора ортмоқда. Шу боис Наманган шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан жойларда очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.

 

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида ташкил этилган тадбирга шаҳардаги даволаш-профилактика муассасалари хотин-қизлар қўмиталари раислари таклиф қилинди. Бошқарма бошлиғи Абдулҳоди Иминов таъкидлаганидек, улар ўз жамоаларидаги опа-сингилларимиз орасида ахлоқ-одоб, касбий маданиятни тарғиб қилишга қаратилган маърифий-тарбиявий ишларда доимий таъсирчанлик ва изчилликка эришишлари зарур. Ҳолбуки, юзакичиликка йўл қўйилаётган муассасаларда айрим тиббиётчи хотин-қизлар жиноят ва ҳуқуқбузарликлар келтириб чиқаришмоқда.

 

Наманган шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Хайрулло Салимов, хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор, майор Гулноза Ҳасанова соғлиқни сақлаш ташкилотлари аёллари содир этган жиноят ва ҳуқуқбузарликларни атрофлича таҳлил этдилар. Уларнинг келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари ва такрорланишга йўл қўймаслик чоралари юзасидан зарур таклиф-мулоҳазалар билдирдилар.

 

Тадбир сўнгида А.Иминов хотин-қизлар қўмиталари раислари диққат-эътиборини яна бир бор муҳокама этилган масалалар бўйича қатъий ва таъсирчан иш юритиш борасидаги долзарб вазифаларга қаратди.