Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида Халқаро қандли диабетга қарши кураш кунига бағишланган тиббий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди.
– Мақсад қандли диабетга чалинганларда соғлом ҳаётга кучли иштиёқ ва ишонч туйғуларини қарор топтиришдир, – дейди филиал директори Б. Сиддиқов. – Қолаверса, соҳа фидойилари меҳнатини қадрлаш кўзда тутилди. Таъкидлаш жоизки, муҳтарам Президентимизнинг "Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-102-сонли қарори тармоқ тараққиёти сари кенг йўллар очди. 2023 йилнинг ўтган ойларида 623 минг нафардан зиёд фуқаро скрининг текширувидан ўтказилди. 3450 кишида қандли диабет, 18 минг кишида диабет олди ҳолати аниқланди. Уларга тегишли муолажалар кўрсатилмоқда. 5900 нафар бемор стационар шароитда ётиб даволанди. 115 та юқори технологик жарроҳлик амалиётлар ўтказилди.
Шаҳар ва туманлар кўп тармоқли марказий поликлиникаларидаги 32 та врач– эндокринологлар хоналарини зарур тиббий ускуналар ва компьютер тўплами билан жиҳозланди. 174 та шифокор олди кўруви хонаси очилди. Бирламчи даволаш-профилактика муассасалари оилавий шифокорлари томонидан 28 минг 400 нафардан зиёд мактаб ўкувчилари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Бир гуруҳ ўқувчиларда турли даражадаги эндокринологик хасталиклар аниқланиб, диспансер ҳисобига олинди ва соғломлаштириляпти.
Диабетнинг биринчи тури билан касалланган 264 нафар бола ва ўсмирларга давлат ҳисобидан 2573 дона инсулин-Лантус, 4314 дона Апидра, 39 дона Глюкометр, 1619 қути тест япроқчалари етказиб берилди. 25 ёшгача бўлган қандли диабетни биринчи тури билан диспансер ҳисобида турган 228 нафар бемор 1000 қути Апидра ва 1400 қути Лантус инсулини билан таъминланди.
Филиалнинг маросимлар залида ўтган "Диабетни биргаликда енгамиз" деб номланган болалар давраси ҳаяжонларга тўла бўлди. Эндокрин белгиларига кўра соғломлаштирилаётган ўғил-қизлар меҳрибон шифокорларини ўз ҳозиржавобликлари, дил сўзлари, куй-қўшиқлари билан хушнуд этдилар.
– Фарзандларимизни бепул даволаб, дори-дармон билан таъминлабгина қолмай, кўнгилочар тадбирлар ташкил этиб, олам-олам қувонч бахш этишларидан ҳайратдаман. Болаларимизга шу қадар қадр-қиммат кўрсатаётганларнинг ҳаммаларига таъзим қиламан, – дейди Майрамхон Аҳмаджонова.
Болажонларга филиал шифокорлари ҳамда "Адолат" социал-деморатик партияси вилоят кенгаши, "Серена Фарма" компаниясининг эсдалик совғалари тақдим этилди.
Муҳаммаджон ОБИЛОВ,
"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.