Тиббиёт тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган кенг кўламли бунёдкорликлар шарофати билан соҳанинг энг муҳим тармоғи – санитария хизмати ҳам такомиллашмоқда.
Наманган вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, унинг бўлимларини замонавий асбоб-ускуна, лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш учун етарли маблағлар ажратилди. Натижада, замон талабига жавоб бера оладиган санитария хизмати фаолияти йўлга қўйилди. Бу, ўз самараларини, айниқса, дунёни ларзага солган коронавирус пандемияси даврида офатнинг оммавий тарқалишининг олдини олиш, касалликларни барвақт аниқлаш, зарур тезкор чора-тадбирларни амалга оширишда яққол намоён этди. Пухта моддий-техникавий замин туфайли ўша оғир синовларда янада бой касбий-малакавий кўникмаларга эга бўлган тизим мутахассислари хизмат сифати ва самарадорлигини жаҳон андозалари даражасида ташкил этиш пайидан бўлмоқдалар. Жойларда эришилаётган илғор тажрибаларни мамлакат миқёсида оммалаштириш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Республика санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги Қўмитасининг диққат марказида бўлмоқда.
Жумладан, Хива шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимида ташкил этилган амалий семинар таассуротларга бой бўлди. Бўлимни энг намунали муассасага айлантириш борасида қилинган хайрли ишлар гувоҳи бўлдик. Замонавий меъморчилик услубида барпо этилган бинода барча бўлим ва лабораториялар учун стандарт асосида хоналар ажратилган. Улар юқори аниқликда ишловчи таҳлил қурилмалари, ускуна ва жиҳозлар, кимёвий моддалар билан таъминланган. Мутахассислар самарали ишлаши учун қулайликлар муҳайё.
Бўлимда юқумли касалликларни рўйхатга олиш, хасталик аниқланган ўчоқларда эпидемиологик суриштирув ўтказишнинг электрон тизими йўлга қўйилгани семинар иштирокчиларида янги ғоя ва режалар туғилишига сабаб бўлди.
Анжуманда Наманган тажрибаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Вилоятда жорий этилган рақамлаштириш, давлат ва нодавлат муассасалари, аҳоли хонадонларида олиб борилаётган профилактик тадбирлар, бозорлар, чегара ҳудудларида доимий санитария назорати, озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси, умумий овқатланиш жойларида тиббий талабларга риоя этилиши ва бошқа сайъ-ҳаракатлар, эришилаётган натижалар билан ўртоқлашдик. Уйчи, Учқўрғон, Косонсой, Янгиқўрғон, Наманган тумани бўлимлари қай тариқа намунали муассасага айлантирилгани ҳамкасбларимиз томонидан юқори баҳоланди.
Хоразм вилояти бошқармаси ташаббуси билан яратилаётган боғга дарахт кўчатлари ўтқазишимиз мамлакат санитария хизмати ходимларининг бирдамлиги ва ҳамкорлигини янада мустаҳкамловчи тадбирга айланди.
Санитария хизматини илмий-техникавий янгиликлар, мутахассислар малакасини ошириб бориш асосида тинмай такомиллаштириб бориш семинар олдимизга қўйган устувор ғоя бўлди. Бошқармамиз тизимидаги жамоалар ўз фаолиятини ана шу мезон асосида олиб бормоқда.
Муҳаммадсоли ТОРАБЕКОВ,
вилоят санитария-эпидемиологик
осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи.