Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши биносида 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб "Бағрикенглик ҳафталиги" мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда сўз олганлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 8-моддасида "Ўзбекистон халқини миллатидан қатъий назар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади" деб аниқ белгилаб қўйилганлиги, Конституциясининг 4-моддасида эса "Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таьминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади" деган қатъий қонунга амал қилиш зарурлигини қайд этдилар.
Шунингдек, "Бағрикенглик ҳафталиги" ва унинг доирасида "Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови" мавзусида илмий-амалий конференцияларни юқори савияда ташкил этиш бўйича фикр ва мулоҳазалар ўртага ташланди.
Тадбирда журналистларни қизиқтирган барча саволларга экспертлар томонидан атрофлича жавоб берилди.
* * *
Ўзбекистон Давлат байроғи қабул қилинган куннинг 32 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган "Янги нафас" спорт оммавий югуриш мусобақасига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди
Матбуот анжуманида Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари вакиллари, масъул мутасадди ташкилотлар ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, блогерлар иштирок этишди.
Матбуот анжуманини Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев олиб бориб, оммавий югуриш мусобақасида иштирок этаётган барча шаҳарларда спорт тадбирининг ҳамма босқичларини сифатли тайёрлаш бўйича шаҳар ҳокимликлари ва ваколатли бошқармалар иштирокида тезкор штаблар ташкил этилганлиги, айни пайтда фуқароларни Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишланган спорт тадбирига жалб этиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари қизғин давом этаётганлигини таъкидлаб ўтди.
"Янги нафас" оммавий югуриш мусобақаси Республикамизнинг 15 та шаҳрида 3 км, пойтахтимизда эса 3 ва 10 км масофаларга ўтказилади.
Анъанага мувофиқ, Наманганда "Гранд Шердор" меҳмонхонаси олдидан "Уч фаввора" хиёбонигача бўлган масофа старт ва финиш нуқтаси сифатида белгиланди. Барча ҳудудлардаги беллашувларга 19 ноябрь куни соат 08:00 да старт берилади.