Ўзбекистон ва Татаристоннинг мустаҳкам дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган муносабатлари жадал ривожланиб боряпти. Кейинги йилларда тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликнинг тобора фаоллашаётгани юқори натижалар омили бўлмоқда.
Жумладан, жорий йил октябрь ойида Қозон шаҳрида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликнинг III форуми доирасида икки мамлакат соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида бир қатор соҳаларда эришилган келишувларга мувофиқ юртимизда Татаристон тиббиёти кунлари бўлиб ўтмоқда. Татаристон Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари бошчилигида ушбу мамлакатнинг етакчи тиббиёт марказларида ишловчи энг моҳир мутахассислар, кардиология, урология, гинекология, онкология, офтальмология каби йўналишлар бўйича кўплаб юқори малакали профессор-олимлар юртимизга ташриф буюриб, ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ўзаро билим ва тажриба алмашмоқда. Мазкур акция орқали, энг аввало, оғир хасталиклардан азият чекаётган, мураккаб операцияларга муҳтож беморларда юқори технологик амалиётлар ўтказиляпти.
Жумладан, Татаристон автоном соғлиқни сақлаш муассасининг "Минтақалараро клиник-диагностика маркази кардиожарроҳи Артур Русланович Закирянов, Республика болалар клиник касалхонаси кардиожарроҳи Денис Юурьевич Петришенко Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиалида бўлиб турибдилар.
– Татаристонлик ҳамкасбларимиз иштирокида маҳорат дарслари, илмий-амалий семинарлар, тиббий кўрик, юқори технологияли кардиожарроҳлик амалиётлари олиб борилмоқда, – деди филиал директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов. – Бугуннинг ўзида ўпка артерияси тромбо имболияси билан оғриган катта ёшли бемор, юрак қоринчалариаро тўсиқда кўплаб дефектлар ва ўпка артериясида стенозлари бўлган 12 ёшли болада ноёб операция ҳам муваффақиятли бажарилди. Режага мувофиқ яна бир қатор мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилади.
Ҳар икки марказ билан илмий-амалий, малакавий ҳамкорлик юзасидан меморандумлар имзоланди.