(Шарафнома)
Асли азалдан ҳамма касб эгалари халқ учун хизмат қиладилару, барибир тиббиётчиларникига етмайди, десам оширворган бўлмайман. Инчунин, уларга иши тушмаган инсоннинг ўзи йўқлиги беинкор ҳаётий ҳақиқат. Шундайликка шундайку-я, баъзида беихтиёр хаёлимдан ўтади: дардлар уммонидан қутқарадиган нажоткорларимизни, ўлим чангалидан тортиб оладиган халоскорларимизни етарли даражада қадрлай оляпмизми? Давлатимизгаям, давлатимиз раҳбаригаям бу борада гап йўқ. Ислоҳотлар шарофатидан хоҳ врач, хоҳ ҳамшира бўлсин, бинолари ёп-ёруғ, деворларидан тортиб, оёқ остиларигача сирланган, пок-покиза хоналар улар ихтиёрига бериб қўйилмоқда. Жиҳозлари замонавий, шароитлари қулай, имкониятлари тўла-тўкис муассасаларда беморларни қабул қилишяпти, ташхис қўйишяпти, даволашяпти. Иш ҳақлари хизматларига яраша йилдан йилга оширилаётгани янада маъқулу манзур.
Хусусий секторнинг ҳуқуқлари, даволаш турлари, хизмат кўламлари муттасил кўпайиб ва кенгайиб бориши қонуний кафолатланаётгани қайси врачнию, қайси ҳамширани хурсанд қилмаяпти, дейсиз. Ғамхўрлик бўлса, шунчалик бўлади-да. Хориждагилардан кам эмаслиги эътирофини эшитиш қанчалар мароқли, қанчалар ажабланарли. Ким ўйлабди қисқа фурсатларда тараққиёт пиллапояларидан бу қадар барқарору бардавом юқорилашимизни.
Агар беқиёс юксалиш фақат шароиту имкониятларнинг ўзида бўлсагина эди, кўнглимиз бу қадар тўлмасди. Хизмат кўрсатиш маданияти ва сифати ҳам тубдан яхшиланмоқда. Тараққиёт омили соҳада ишлаётган врачу ҳамшираларнинг касбига фидойилигида, энг замонавий аппаратлару асбоб-ускуналардан самарали фойдаланишида, ташхисларни тўғри қўйиб, даволашнинг натижадорлигига эришишида ҳамдир.
Бу, беморликдан соғайиб, оиласи даврасига, меҳнат жамоасига тезда қайтаётганларни беҳад мамнунлигида ҳам муттасил зоҳирланмоқда.
Албатта, кечаги тиббиёт билан бугунгисининг ўртасида ер билан осмонча фарқ борлигини биз каби ёши улуғ кишилар чуқур англаб етишади. Ҳурриятга қадар ташхислаш ва муолажа қилиш масканларида врачнинг асосий қуроллари фонендоскоп, танометр, нервларнинг ҳолатини тахминлаш учун ишлатиладиган митти болғача, қайта-қайта сувда қайнатиб фойдаланиладиган кичик-кичик игналару қўл асбобларидан иборатлигини билардик. Истиқлол даврида мамлакатимиз тиббиётчилари чинакам янгиланиш, ўзгариш, юксалиш сари юз тутишди. Ҳозирда врачлар, аввало, энг замонавий, энг сўнгги русумдаги УТТ, томограф, лазер, микроскопик, эндоскопик, лапароскопик, ангиограф, яна бошқа-бошқа аппаратлар ёрдамида ташхис қўядилар, даволайдилар, амалиётларни уддалайдилар. Ҳатто кесмасдан, бемор танасига тож томирлари орқали "кириб" юраккача "етиб бориб" жароҳатсиз жарроҳлик жараёнлари бажарилади. Бу худди мўъжизанинг ўзи эмасми?!
Илгари беморнинг шикоятига, аҳволига, ранги-рўйига қараб, маълум даражада, яъни тўла ишонилмаган, ярим тахминий ташхис қўйилган бўлса, эндиликда аппаратлар ёрдамида унинг ички органларигача "кўрилиб", деярли 80-90 фоиз аниқликка эришилмоқда. Бошқача айтганда, танадаги дард – "душман эгаллаб олган" жой кўзга кўриниб тургани учун шифокорларнинг нишон сари "ҳужум"и зое кетмайди. У ердаги "рақиб"ни маҳв этиш учун ўткир "ўқ"лар – дори-дармонлар етарли, хоҳласангиз хорижникидан, хоҳласангиз ўзимизда ишлаб чиқарилаётганидан ҳеч қийинчиликсиз топилади. Яқин ўтмишда бу катта муаммо эди. Очиғи, чўнтагингизда пулингиз борлиги-ю, аптекада зарур дори йўқлигини айтсак, ҳозирги авлодга эртакдек туюлса керак. Дорисиз дўхтир – ўқсиз "овчи"дек танг ҳолатда тураверади. Ҳозирда-чи? Нишон ҳам аниқ, зарур қуроллар, яъни дори-дармонлар керагича топилади. Демак, яна бадиий ифода билан давом эттирсак, ҳар соҳанинг мутахассиси нишоннинг қоқ марказига урадиган моҳир мерган мисоли кеча-кундуз халқ хизматига шайлиги мингдан-минг шукроналарга муносиб.
Давлатимиз Бош қонунининг 48-моддасида ёзиб қўйилганидек: "Ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли.
Давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шаклларини, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларини ривожлантириш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш чораларини кўради...".
Ибн Сино авлодлари юрти тиббиётчилари жаҳондаги ҳамкасблари билан тенглашишни деярли уддалашмоқда. Инсоннинг қадр-қиммати юксак тутиладиган Ўзбекистонимиз халқи саломатлиги муҳофазасига керакли пул-маблағ аямасдан сарфланмоқда. Негаки, бой берилган йилларнинг, тараққиётдаги кечикишларнинг ўрнини қоплаш шуни тақазо этаётир.
Яна тиббиётнинг кечаги ва бугунги ҳолатини таққослашнинг ўзи кифоя: Кеча муаммолар гирдобида ҳаминқадар ҳолатга тушиб қолган бирламчи тизим бугун биринчи даражали аҳамиятга моликлиги учун доимий эътиборда. Уни ҳамма жойда аҳолига яқинлаштириш ҳамда бепул йўлга қўйиш масаласи бугун узил-кесил ҳал қилинган.
Ҳаётий мисол: авваллари "Тез тиббий ёрдам"га қўнғироқ қилсак, яроқсиз йўллардан, эскирган машиналарда кечикиб келиши одатий ҳолга айланганди. Боз устига ҳамшира қутисида термометр, бинт, пахта, спирт, бош оғриқ ёки иситма дориси бўлиши мумкин эди, холос. Ҳатто укол учун бир марталик шприц ҳамда зарур дори-дармонни уй эгаси келтириб беришига тўғри келарди. Шифокорлар беморлар ёнида ҳижолатли ҳолга тушишарди. Бугун эса "103"га боғланишингиз билан сизга энг яқин масофада турган "тез ёрдамчи"лар яп-янги машинада қисқа вақтда эшигингиз олдига етиб келишади.
Ҳамшира қутисида эса эллик хилдан ортиқ дори-дармон муҳайё. Бечиқим, беминнат хизмат кўрсатилади. Мабодо оғир аҳволда бўлсангиз, худди палатага ётқизилгандек машина ичидаёқ муолажалар бошлаб юборилади. Бу билан сизнинг ҳаётингиз сақлаб қолинади ёки хавф-хатар чекинтирилади. Чунки, сиз халққа, Ватанга, давлатга кераксиз, сиз шундай инсонпарвар жамиятда яшаяпсиз.
Кеча мураккаб жарроҳлик операцияларининг бир қисми пойтахтда, инсоннинг зарур аъзоларини кўчириб ўтказиш асосан Ҳиндистон ва Россия каби хорижий юртларда амалга ошириларди. Миллион-миллион сарф-харажатга кимдир қодир, кимдир қодир эмасди. Бугун бутунлай ўзгача манзара: Вилоятимизда Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари филиалларининг эшиклари беморлар учун катта очиқ. Давлат тиббий суғуртаси маблағлари, ҳомийлар кўмаги билан қанча-қанча нажотталабнинг умри узайтириляпти. Ҳеч ким яшашдан умидини узишига имкон қадар йўл қўйилмаяпти. Одамлар пойтахт ва хорижга бориш ўрнига турли мамлакатлардаги олим-шифокорларнинг ўзи вилоятга келишиб, ўзбек тиббиётининг зукко ва абжир авлоди билан ёнма-ён юзлаб турдаги ўта нозик амалиётларни ғоят муваффақиятли бажаришяпти.
Кеча мутахассислар билим ва малакаси қандай эди-ю, бугунгилариники қанақалигини ўйласак беихтиёр ҳайратга тушамиз. Вилоят, шаҳар ва туманлардаги врачлар аҳён-аҳён фақат Тошкентда малака оширишарди. Энди эса Россия Федерацияси, Қозоғистон, Белоруссия, Корея, Италия, Хитой, Ҳиндистон ва Австрия (рўйхатни яна давом эттираверишимиз мумкин) каби қатор мамлакатларда малака-маҳоратларини мукаммаллашга эришишмоқда. Энг ҳайратланарлиси, улар борган клиникалардаги аппаратлардан бугун биз ҳам фойдаланаётганимиздир. Шунинг учун Марказий Осиёда Ўзбекистон тиббиётининг нуфузи, довруғи анчайин баланд. Шунинг учун Наманган давогоҳлари сари Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларигача талпинишади. Бу, тиббий туризмнинг ривожидан ёрқин далолат-ку!
Биз мазкур мақоламизда атайлаб ҳеч кимнинг исми-шарифини келтириб ўтмадик. Ахир илғор тиббиётчилар шунчалар кўпки, бирини қайд этсак, иккинчиси қолиб кетишидан истиҳолага бордик. Аслида тиббиёт минг-минг оқ халатли заҳматкашлар тармоғи. Унинг муваффақиятлари ҳам минг-мингларнинг билими, тажрибаси, ҳаракати, изланиши маҳсулидир. Азиз шифокорлар, ҳамиша бахтимизга бор бўлинг, омон бўлинг! Қўлларингиз сира-сира дард кўрмасин, шаънингизга асло-асло гард қўнмасин! Элга меҳру муҳаббатингиз ҳеч қачон сўнмасин!
Содиқ САЙҲУН,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.